2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ПРЕЗИДЕНТ ЭЪТИБОРИГА ТУШГАН АСКАР КОНСЕРВАТОРИЯ ТАЛАБАСИ

Дейдиларким, бойлик нишони бўлмиш инжу гавҳарларни ғаввослар уммон тубидан чексиз машаққат-ла ер юзига олиб чиқаркан. Кўзни қувнатувчи бу жавоҳирлар  эса инсонлар учун безак воситасига айланиб, гўзалликнинг яна бир тимсоли бўларкан. Мен истеъдодли инсонлар қалбини дурдоналарга тўла денгиз тубига ўхшатаман. Юрагидаги бу бебаҳо бойликни  юзага  чиқариб, халқ хазинасига қўшишга интилаётган ёшлар билан суҳбатлашганда эса қалбим  ажиб туйғулардан жунбишга келади. Биласизми, инсонни коинотнинг бир бўлаги, дейишади. Шунинг учун ҳам у ниманидир чин дилдан хоҳласа, орзу қилса, осмон унга қўл чўзиб, бутун коинот ҳаракатга келар экан. Бу шунчаки гап эмас, исботланган ҳақиқат. Қандай ҳақиқат дейсизми? Келинг, шу ҳақда тўхталамиз. Хуллас...

...Суҳбатдошим билан Ўзбекистон давлат консерваториясида кўришишга келишдик. Ўша куни ҳаво бироз совуқ, қор аралаш ёмғир ёғиб турган эди. Бундай вақтда транспорт қатнови секинлашишини ҳисобга олиб, бироз эртароқ йўлга чиқдим (ахир суҳбатдошни куттириш касб этикасига ҳам, одоб қоидаларига ҳам тўғри келмайди). Шундай қилиб, белгиланган вақтдан ўн дақиқа аввал манзилга етиб келдим. Консерватория биносига қадам қўяр эканман, ўзимни ўзга бир оламга тушиб қолгандек ҳис қилдим. Бу шундайин оламки, унинг ичига кириб борганингиз сари янги дунё ўзининг турфа ранг жилосини кўз-кўз қила бошлайди. Бу оламда ғам йўқ, озор йўқ, ташвиш йўқ. Унда фақат андуҳга юпанч, кўнгилга ҳаловат, ҳижронга малҳам мусиқа бор, оҳанг бор, қўшиқ бор. Шунинг учун ҳам инсон кўнгли оҳанглар оғушида бутун умр қолишни тусайди...

«Ассалому алайкум, опа, мени кутаётганмидингиз?» Хаёлга берилиб, суҳбатдошим ёнгинамга келганини сезмабман ҳам. Ҳол-аҳвол сўрашдик ва ҳамроҳим мени машғулот хонасига бошлади.

Дарвоқе, қаҳрамонимиз ҳақида. У муддатли ҳарбий хизматчи, оддий аскар Жамшид Ҳимматов бўлади. Сиз уни танийсиз. Ҳа, бу ўша йигит. Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондонига фортепианода қўшиқ куйлаб берган истеъдод соҳиби. Ўшанда унинг созандалик маҳорати-ю, ширали овози давлатимиз раҳбарига манзур бўлиб, аскарни консерваторияга имтиёз асосида ўқишга қабул қилиш ҳақида топшириқ берган эди. Орадан бир ой ўтар-ўтмас, Жамшид Ўзбекистон давлат консерваторияси 1-босқич талабасига айланди!

– Орзуингиз бунчалик тез амалга ошади, деб кутмаган бўлсангиз кераг-а? Консерваторияга ўқишга қабул қилинганингиз ҳақидаги хабарни эшитганингизда қандай ҳолатга тушдингиз?

– Аввалига, бу туш бўлса керак, деб ўйладим. Уйғониб кетмасликка ҳаракат қилдим (кулиб). Муддатли ҳарбий хизматни якунлаб, келаси йили ўқишни бошласам керак, деб юргандим. Кутилмаганда бу хабар келди. Ҳамма мени табриклаган, қутлаган. Командирларимнинг юзидаги мамнуният, сафдошларим кўзидаги ҳавасни кўриб, қалбимда ўзгача сурурни туйдим. Ўша кунги ҳолатимни сўз билан таърифлаб беролмайман. Ҳис-ҳаяжондан юрагимнинг дукури кўксимни ёргудек бўлди. Қувончимни ота-онам ва акам билан бўлишдим. Шодлик муждасини яқинлар билан бўлишишнинг ҳам завқи ўзгача бўларкан. Яқинлар меҳри, муҳаббатини ҳис қилиш бошқа, улардан мақтов, олқиш олишнинг гашти бошқача экан. Ўша дамда ўзингизни осмонларда учиб юргандек ҳолатга тушар экансиз. Онам қувонганидан йиғлаб юбордилар, дадам узоқ дуо қилдилар...

Шу вақтгача бирорта муддатли ҳарбий хизматчига бундай имтиёз ва имконият берилмаган экан. Демак, мен биринчилардан бўлиб шундай имтиёзга эга бўлдим. Бу рағбат бўлиши билан бирга ишонч, масъулият ҳам демак. Шундай экан, менга билдирилган юксак ишончни, албатта, оқлайман.

– Курсдошларингиз сизни қандай қабул қилишди?

– Курсдошларим билан ўқишга келган дастлабки кунларимданоқ худди қадрдонлардек чиқишиб кетдик. Орамизда бегоналик бўлмади. Менга гуруҳимиздаги аҳиллик, ўзаро ҳурмат манзур бўлди. Ҳамма бир-бирига қўлидан келганча ёрдам беришга интилади. Бирга дарс тайёрлайди, машғулот ўтади. Мен дарсларга кечроқ келганим учун аввалига ўзлаштиришда бироз қийналдим. Ана шундай вақтда курсдошларим бажонидил ёрдам беришди, қўллаб-қувватлашди. Бундай муҳитда таълим олиш ёқимли бўларкан.

– Ортда қолган уч ойлик дарс ва машғулотларни ўзлаштириш осон бўлмаётгандир. Бир томонда семестр имтиҳонларини топшириш дегандай...

– Ҳозир дарс ва машғулотларни ўзлаштиришда қийналаётганим йўқ. Чунки ҳар куни қўшимча машғулотларга қатнаяпман. Мутахассислик фанларидан устозим доцент Эгамберди Турсуновдан сабоқ олдим. Устозим жуда талабчан инсон. Ҳар машғулотда ўтилган мавзуни қандай ўзлаштирганимни синайди. Қониқиш ҳосил қилганидан сўнггина кейинги машғулотга ўтади. Семестр имтиҳонларига келсак, барча фанларни тўрт ва беш баҳоларга топшираяпман. Чунки имтиҳонларга қаттиқ тайёргарлик кўрдим. Масалан, мутахассислик фанлари бўйича ўтказиладиган имтиҳонга жаҳон классикаси дурдонаси бўлган учта асар тайёрладим. Устозим билан овоз устида ишладик, нафасни тўғри йўналтириш, талаффузни тўғрилаш бўйича дарс олдим. Яъни қўшиқни профессионализм талабларидан келиб чиқиб, ижро этиш қоидаларини ўзлаштирдим. Тўғри, ижроимда камчиликлар ҳам бор. Ҳозирда мана шу камчиликларни бартараф этиш бўйича сабоқ, йўл-йўриқ олаяпман.

– Санъат йўлини танлашингизга ким ёки нима сабаб бўлган? Билишимча, оилангизда санъаткорлар йўқ.

–Тўғри, оиламизда санъаткорлар йўқ. Ота-онам ўқитувчи, акам ҳарбий хизматчи. Санъатни танлашимга қизиқишим сабаб бўлган. Болалигимдан санъаткор бўлишни орзу қилардим. Мендаги қизиқишни пайқаган ота-онам хайрихоҳ бўлиб, мусиқа тўгарагига олиб боришган. Ўшанда 7 ёш эдим. Мактабда ўтказиладиган тадбирларда фаол иштирок этардим. Мактабни тамомлаб, Термиз санъат коллежига ўқишга кирдим. Бу даргоҳдаги таҳсил мени санъатга янаям яқинлаштирди. Бу ерда нафақат созандаликни, балки қўшиқчилик санъати сир-асрорларини ҳам ўргандим. Бунинг учун устозим Нодира Нарзуллае­вадан миннатдорман.

– Ўзбек мумтоз ва жаҳон классик асарларидан қайси куй ва қўшиқларни биласиз ва севиб ижро этасиз?

– Айни вақтда консерваторияда академик хонандалик йўналиши бўйича таҳсил олаяпман. Репертуаримда ўнга яқин ўзбек мумтоз ва мумтоз классик асарлар ўрин олган. Улар орасида М. Бурҳоновнинг «Мафтун бўлдим», Ботир Зокировнинг «Раъно», С. Юдаковнинг «Мулладўст» арияси, Э. Капуанинг «O sole mio» ва Жордананинг «Азизим менинг», Зейдлернинг «Сўзсиз қўшиқ», Шентермайнинг «В мире есть красавица одна» қўшиқлари ўрин олган. Уларнинг ҳаммасини яхши кўриб куйлайман. Фортепианода эса Бах, Моцарт, Шопеннинг балладаларини севиб ижро этаман.      Президентимиз билан учрашганимда уларга М. Бурҳоновнинг «Мафтун бўлдим» ва Э. Капуанинг «O sole mio» қўшиғини ижро этиб бердим. Юртбошимиз ижроимни юксак баҳолади ва менга Ўзбекистон давлат консерваторияси талабаси бўлишдек имконият берди. Бунинг учун улардан чексиз миннатдорман.

– Қайси санъаткорни ўзингиз учун идеал деб биласиз?

– Ботир Зокировни идеал санъаткор деб биламан. Яна Исмоил Жалиловнинг санъатига қизиқишим кучли. Келажакда мана шу санъаткорлардек бўлишни хоҳлайман.

– Талабасиз, шунинг билан бирга, миллий армиямиз сафларида муддатли ҳарбий хизматни ўтаяпсиз. Кун тартибингиз қандай тузилган?

– Айни вақтда Қуролли Кучлар академиясида муддатли ҳарбий хизматни давом эттираяпман. Эрталаб соат олтида уйғонамиз. Сафдошларим билан жисмоний тарбия машқларидан кейин нонушта қиламиз. Кейин сафдошларим хизматга, мен эса ўқишга кетаман. Кечки соат бешгача консерваторияда дарс оламан. Ўқишдан қайтиб, яна ҳарбий ҳаётга шўнғийман.

– Ҳарбий хизматнинг тақдирингиздаги ўрнини қандай изоҳлайсиз?

– Ҳарбий хизматни мен улкан йўл бошидаги дастлабки қадамга қиёслайман. Дастлабки қадам қанчалик дадил бўлса, кейинги ҳаётингиз шунчалик нурафшон ва истиқболли бўлади. Бежиз уни ҳаёт мактаби, дейишмайди. Бу мактаб йигит киши учун зарур бўлган сифат ва фазилатларни шакллантиради, тоблайди, бардошни мустаҳкамлайди. Шунинг учун ҳам ҳар бир йигит бу мактаб сабоқларини олиши керак. Армия сафларидаги хизмат мен учун жуда қадрли. Орадан йиллар ўтса-да, бу давр ҳаётимнинг, умр дафтаримнинг энг ёрқин ва нурли саҳифасига айланиб қолади.

– Ҳаётдаги энг катта мақсадингиз нима?

– Мақсадим – ҳарбий оркестрда хизмат қилиш. Бу менинг энг катта мақсадим, орзуим. Бу ҳақда Президентимиз билан бўлган суҳбатда ҳам айтдим. Улар сўзларимни эшитиб, хурсанд бўлиб кетдилар. Менга оқ йўл тиладилар. Бу мен учун шараф. Ва мен уларнинг ишончини, албатта, оқлайман.

Биласизми, жанговар куй­қўшиқларнинг қудрати чексиз эканлигини ўтган бир йиллик хизматим давомида янаям теранроқ англадим. Чунки бу тароналарда жанговар руҳ, фидойиликни тараннум этувчи оҳангнинг борлиги ҳарбий хизматчилар учун куч-ғайрат ва шижоат манбаидир. Ҳарбийлар руҳий тетикликни мана шу куй-қўшиқлардан олади. Келажакда мен ҳам шижоатни, жасоратни, мардликни улуғловчи қўшиқлар яратаман.

 Жамшид билан суҳбатимиз узоқ ва самимий кечди. Қаранг, орамизда мана шундай билимли, навқирон авлодлар етишиб чиқаяпти. Улар бизнинг келажагимиз, эртамиз эгалари. Бу ишонч, бу қониқиш эса кўксимизни ёруғ ҳисларга тўлдиради...

Гулнора ҲОЖИМУРОДОВА

Информеры