2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

«ТЕМУР ТУЗУКЛАРИ» БИЛИМДОНЛАРИ ТАҚДИРЛАНДИ

Президентимизнинг 2018 йил 28 ноябрдаги Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган таркибдаги йиғилишида муддатли ҳарбий хизматчиларнинг буюк саркардаларимиз ҳаёти ва жасоратини чуқур билишини таъминлаш мақсадида белгилаб берган вазифаларни ижро этиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 27 йиллигини муносиб кутиб олиш мақсадида «Ватанпарвар» газетаси таҳририяти томонидан «Темур тузуклари» билимдони» танлови ўтказилди.

Танловга барча ҳарбий округлардан жами 300 дан ортиқ ижодий иш келди. Улар орасидан бадиий жиҳатдан пишиқ ва пухта, маҳорат билан ёзилган энг сара ижод намуналари танлаб олинди. Яқинда «Ватанпарвар» Бирлашган таҳририятида ғолибларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Қуйида танлов ғолиблари билан танишишингиз мумкин:

1-ўрин: оддий аскар Муродилла Абдуҳамидов, Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ. Энг кам иш ҳақининг 4 (тўрт) баробари миқдорида пул мукофоти ва диплом билан тақдирланди.

2-ўрин (2 та): оддий аскар Рўзматбек Бердалиев, Марказий ҳарбий округ;

Муҳриддин Рўзиев, Самарқанд «Темурбеклар мактаби» ўқувчиси. Энг кам иш ҳақининг 3 (уч) баробари миқдорида пул мукофоти ва диплом билан тақдирланди.

3-ўрин (3 та): оддий аскар Намозали Ҳакимов, Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари;

оддий аскар Ўрол Қудратов, Тошкент ҳарбий округи;

Фаррух Асадов, Тошкент давлат аграр университетининг академик лицейи махсус гуруҳи ўқувчиси. Энг кам иш ҳақининг 2 (икки) баробари миқдорида пул мукофоти ва диплом билан тақдирланди.

– Ўғлимнинг бу муваффақиятидан нафақат оиламиз, балки маҳалламиз аҳли хурсанд бўлди, – дейди оддий аскар Рўзматбек Бердалиевнинг онаси Муқаддас Пардабоева. – Тўғриси, фарзанднинг орқасидан яхши гап эшитиш ота-она учун энг катта саодат. Уйимизга ҳам ўғлим хизмат қилаётган ҳарбий қисм командиридан ташаккурнома келди. Ўзи ёзган хатларни-ку, мактабидаги ўқитувчилари ҳам уйимизга келиб, ўқиб кетяпти (кулади).

– Буюк Соҳибқирон бобомиз Амир Темур жасорати ва «Темур тузуклари» китоби биз ҳарбий хизматчилар учун катта ибрат мактабидир, – дейди танловнинг 1-ўрин соҳиби оддий аскар Муродилла Абдуҳамидов. – Бундай танловларнинг ўтказилиши эса ўз билим ва маҳоратимизни яна бир бор синовдан ўтказишимизга ёрдам берди. Бунинг учун Мудофаа вазирлиги ва «Ватанпарвар» Бирлашган таҳририятига ўз миннатдорлигимизни билдирамиз.

Исломжон ҚЎЧҚОРОВ

Информеры