2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ТАРИХНИНГ ЎЗГАРМАС ҲАҚИҚАТЛАРИ

Француз адиби Андре Моруадан бир дўсти сўради:

– Қани айт-чи, тарихни ким кўпроқ ўзгартирди? Цезарми ёки Наполеон?

Моруа шундай жавоб қилади:

– Цивилизация пайдо бўлгандан буён тарихни энг кўп ўзгартирган шахслар шубҳасиз тарихчилардир.

Аммо шундай воқеалар борки, уларни минг асрлик қум барханлари ҳам кўма олмайди. Гоҳ ривоят, гоҳ тарихий воқеа кўринишидаги бу ҳақиқатлар қанча ўчиришга уринилмасин, бари бесамардир.

Масалан, бирор кимса йўқки, Широқ жасоратини билмаса. Шундай бўлса ҳам ўнлаб қалам аҳли бу воқеани ўз асарларида тасвирлайди. Миркарим Осимнинг «Широқ» ҳикоясида ҳам ушбу афсона ўзгача талқин қилинади:

...Широқни ўртага олиб: «Бизни қаерга бошлаб келдинг, аблаҳ!» деб қисти-бастига олдилар. Аскарбошилардан бири уни ёқасидан ушлаб силтади ва ҳақорат қила бошлади. У атрофини қуршаб олган ғазабли чеҳраларга мағрур қараб туриб, қалпоғини ерга бир урди-да, қаҳқаҳлаб кулиб юборди:

– Мен енгдим, Доро қўшинини бир ўзим енгдим! – деди у қичқириб. – Сизларни алдаб саҳронинг қоқ ўртасига олиб келдим, – қўли билан кунчиқиш ва кунботиш томонни кўрсатди. – Буёғи ҳам етти кунлик йўл, буёғи ҳам. Истаган томонингизга бораверинг! Менинг гўрим шу ерда, – деб оёғи остини кўрсатди. – Мен эл-юрт учун ўлимнинг ширин шарбатини ичмоққа қарор қилдим…

Ёзувчи Миркарим Осимнинг Темур Малик асарида ҳам юксак жасорат кўрсатган саркарда қиёфаси ўзига хос акс эттирилади: 

...Тонг қоронғисида Темур Малик бошлиқ уч юз баҳодир йигит кемаларга ўтириб, қирғоққа яқинлашди. Ўқ-ёйлардан мўғул соқчилари устига ўқ ёғдириб, соҳилга чиқиб олишди.

Темур Малик узун қиличини яланғочлаб, лашкаргоҳ ўртасидаги ипак чодир томон йўл олди. Ўз бошлиқлари учун жон фидо қилишга тайёр бўлган бир тўда азамат йигит Темур Маликни ўраб, атрофдан тушган қилич зарбларини даф қилиб борардилар. Темур Малик ён томондаги чодирдан югуриб чиқиб, унинг йўлини тўсмоқчи бўлган барзангидек бир мўғулнинг елкасига қилич солиб, икки нимта қилиб ташлади, сўнг баланд овозда:

– Ҳай, Сўкту нўён, мард бўлсанг, майдонга чиқ! – дея қичқириб, мўғул саркардасини яккама-якка жангга чорлади. Аммо Сўкту нўёндан садо чиқмади...

Ёки мағлубият сари бораётган саркарданинг дунёси қанчалар кенг ва жасоратли эканига эътибор беринг:

...Темур Малик қалъани ташлаб, чекинишдан бўлак чора қолмаганини англади. Ўз сафдош­ларини атрофига тўплаб, эътирозга йўл қўймайдиган оҳангда гап бошлади:

– Биродарлар, аҳли дунё Рустами достон замонидан бери сизлардек паҳлавонларни кўрмаган эди. Шул дамгача қулоқ эшитмаган ва кўз кўрмаган баҳодирлигингиз соясида ғаним бир неча минг аскаридин жудо бўлди. Энди чекинмоқ вақти етди. Мен бошда Хоразмдин мадад келур, деб ўйлаган эрдим, янглишибмен. У дўстлар сўзига эмас, пинжига кириб олган душманлар сўзига кириб, шул ишни раво кўрди. Аммо биз қурол­яроғни ташламаймиз, сафар кемасига ўлтириб, ёғий бирла жанг қила-қила, нажот соҳилига эришурмиз.

...Она шаҳримизни унутмаймиз, куч йиғиб келиб, душманга яна уруш солурмиз, ғанимга ҳамла қилиш учун орқага қайтмоқ айб эмас. Бардам бўлинг, йигитлар!

Мақсуд Қориевнинг «Спитамен» тарихий романида ҳам мардлик ва довюракликдан сўзловчи саҳналар бор. Асарда келтирилишича, Спитамен ва Искандар ўртасида аёвсиз жанг борар эди. Икки томон ҳам чарчаган, аскарлар озгина бўлса-да руҳий мададга муҳтож эди. Шунда Спитаменнинг жангчиларидан бири, Искандарнинг лашкарбошисига узоқдан болта отиб, уни қулатади. Буни суғдийларнинг барча жангчилари кўради.

– Менедимга ойболтани ким отди? – сўради Спитамен.

– Шердор, Шердор, – деди Зўртош.

Спитамен Шердорга юзланди:

– Сураткаш, балли, бопладинг. Келиб-келиб Искандарнинг ишонган саркардасига тегизибсан-а, қойил!

Жангчилар руҳланиб кетишди. Юнон-македон қўшинлари сафида парокандалик бошланди. Скиф камончилари моҳирлик билан ўқ-ёй отиб, жуда кўп душман жангчиларини қириб ташладилар.

Буюк аждодимиз Нажмиддин Кубронинг жасорати ҳам тиллардан-тилларга ўтиб келади. У Хоразмга мўғуллар бостириб келаётганидан хабар топиб, биринчилардан Ватан ҳимоясига отланади. Нажмиддин Кубронинг халқ орасидаги обрў-эътиборини назарда тутиб, мўғуллар ҳукмдори унга шаҳарни ташлаб, ўзи ихтиёр қилган тарафга кетишни таклиф этади. Ўз жонини сақлаб қолиш йўлида Ватанини ёвга топширишни ор деб билган аллома босқинчиларга қарши: «Ё Ватан, ё шарафли ўлим» дея жангга киради ва мардларча туғ кўтариб бораётган ҳолатда ҳалок бўлади. У туғни шунчалар жон-жаҳди билан ушлаган эдики, байроқни алломанинг қўлини кесибгина ажратиб оладилар.

Жанг санъатининг энг дурдона усуллари шубҳасиз Амир Темур қўшинида кўринади. Саркарда мудофаа тизимига катта эътибор қаратади, ҳар бир аскарнинг ҳам жисмоний, ҳам маънавий бой бўлиб етишиши учун барча зарур чораларни кўради. Бунга жонли гувоҳ бўлган Ибн Арабшоҳ шундай ёзади:

«Темур аскарлари ичида олижаноб, ибодатли, тақводор, саховатли, серҳиммат кишилар кўпчиликни ташкил қилади. Улар эзгуликда чексиз бўлиб, бу хайрликлари одамларга манфаат етказиб турарди. Асирларни озод қилиш, етишмовчиликларни тўлдириш, ёнғинни бартараф қилиш, чўкаётганларни қутқариш, ўзгаларга хайр-эҳсон кўрсатиш, бошига кулфат тушганга моддий ва маънавий кўмак бериш, лашкарларнинг одатларидандир».

Саркарда ҳарбий хизматга бир неча минг аёлларни ҳам жалб қилиб, уларга уруш техникасидан сабоқлар беради:

«Темур лашкарлари орасида аёллар ҳам бўлиб, улар душман билан бўлган тўқнашувларда матонат кўрсатардилар. Найза санчишда, қилич ўйнатишда ва камондан мўлжалга олишда моҳир эркаклардан ҳам ортиқроқ иш қилардилар. Агар улардан бири ҳомиладор бўлиб йўлда кетаётган пайтда уни дард тутса, йўлдан четга чиқарди. У тезда йиғиштириниб олгач, тағин уловига миниб жангга кирарди».

Кўриниб турибдики, гап юритилаётган даврда Ватанга содиқлик ва жанговарлик ғоялари шу даражада барқ урганки, ҳатто аёлларни ҳам худди Тўмарис давридагидек, жангга отлантирган.

Муҳтарам ўқувчи, бу каби қаҳрамонликларни фақат ўтмишда бўлган, деб ўйлар, аммо яқин ўтмишимизда ҳам шундай жасорат эгалари етишиб чиқдики, баъзан бунга ишониш ҳам қийин кечади.

Масалан, 28 ёшидаёқ 25 минг кишилик қўшинга қўмондонлик қилган салоҳиятли саркарда ҳақида эшитганмисиз?

Мадаминбек миллат учун курашган ана шундай курашчи. XX асрнинг бошларида Туркистон эли чин маънода мустақилликка интилаётган эди. Туркистоннинг Мадаминбек бошчилигидаги армияси музаффар қозонаётган бир даврда халқ кўчага чиққан, митинг минбарларига «Яшасин, мустақил Туркистон!» деган шиорлар осилган эди.

Дастлабки ғалаба нашидасидан кўзлари чақнаган, жасоратли Мадаминбекнинг нутқига майдондаги ҳар бир киши нафас олмай қулоқ тутар эди. Унинг ўша пайтдаги жўшқин сўзлари барчани бирдек илҳомлантира олган эди:

– Биз Туркистоннинг мустақиллиги учун курашяпмиз! Туркистон Туркистон халқининг юртидир. Мусулмонлар, бирлашайлик! Мен муқаддас Туркистонимиз озодлиги учун охирги томчи қоним қолгунча курашаман. Аллоҳу акбар! Ё шаҳид, ё ғозий!

Гарчи бу юриш турли сабабларга кўра мағлубиятга учраган бўлса-да, халқ кўнглида абадий қолди. Ўнлаб қаҳрамонлар бор куч-қудрати билан курашиб, ўзини, ўзлигини намоён эта олди.

Тарихнинг бойлиги унинг содиқ ва жасур қаҳрамонлари билан ўлчанади. Қаҳрамонлар эса ҳар доим ҳам туғилавермайди.

Хулоса ўрнида: «Нерка» деган балиқ бўлар экан. У ўзи дунёга келган кичкинагина ирмоққа тубсиз, поёнсиз денгиздан қанчадан-қанча тўсиқларни, азоб-уқубатларни енгиб, насл қолдириш ва ўз ҳаётининг сўнгги дамларини ўтказиш учун келар экан. Оддий бир жониворда мавжуд кучли Ватан туйғусининг баъзан инсонларда камнамо бўлиб қолиши кишини ажаблантиради.

Бобур Ўткир ўғли

Информеры