2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

АЛПОМИШУ БАРЧИНОЙЛАР МУСОБАҚАСИ

Халқ достонларини кўп ўқимаган ёшлар ҳам Алпомишу Барчиной ҳақида эшитган. Агар улар замонамизнинг ана шундай қаҳрамонларини кўришни хоҳлашганида пойтахтимиздаги Универсал спорт саройига боришлари керак эди. У ерда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари қўл жанги федерацияси томонидан қўл жанги бўйича ўсмирлар ва катталар ўртасида Ўзбекистон чемпионати ўтказилди. Ўтиб кетганига «аттанг» қилаётганлар учун ушбу мусобақа ҳақида қисқача бўлса-да, маълумот бермоқчимиз.

800 нафардан ортиқ спортчи қатнашган мусобақа 16-17 ёшли ўғил болалар ва қизлар; 18 ёшдан катта эркаклар ва аёллар ўртасида ташкил қилинди. Унда 16-17 ёшли йигитлар 42, 46, 50, 55, 60, 65, 70, 75, 80, +80 кг вазн тоифасида татамига тушган бўлса, 16-17 ёшли қизлар 39, 42, 46, 50, 55, 60, 65, 70, +70 кг вазнда баҳслашдилар. 18 ёшдан катта эркаклар 55, 60, 65, 70, 75, 80, 85, 90, +90 кг вазнда беллашиб, 18 ёшдан юқори аёллар 45, 50, 55, 60, 65, 70, 75, +75 кг вазн тоифасида куч синашдилар.

Мусобақага якунига кўра Мудофаа вазирлиги спортчилари 7 та олтин, 3 та кумуш, 6 та бронза медални қўлга киритди. Мудофаа вазирлиги спорт клуби фаоллари – Исроил Рамазонов 60 кг вазнда, Ҳасан Жўраев 80 кг вазн тоифасида, шунингдек, 65 кг вазнда муддатли ҳарбий хизматчи Олимжон Нормуродов олтин медалга сазовор бўлди.

Аёллар ўртасида 16-17 ёшлилар орасида Мудофаа вазирлиги спорт клуби фаоли Нилуфар Раҳимжонова биринчиликни қўлга киритган бўлса, 18 ёшдан катталар ўртасида эса Мудофаа вазирлиги спорт клуби фаоллари – Шоҳида Раҳимова 60 кг вазнда, Шаҳноза Содиқова 65 кг вазнда, Шаҳноза Низомова 70 кг вазнда ғолибликка эришди.

Ҳусниябону ЖЎРАЕВА

Информеры