2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ЭНДИ ЁШЛАР АРМИЯГА ҚАДАР ПАРАШЮТ БИЛАН САКРАЙДИ

Мамлакатимиз Президентининг 2018 йил 12 декабрдаги «Ёшларни ватанпарварлик руҳида ва жисмоний тарбиялаш ҳамда чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича тайёрлаш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида юртимизда парашют спортини ривожлантириш бўйича ҳам вазифалар қўйилганди.

Замонавий парашют спорти мусобақалари дастурига 600 – 1500 м баландликдан радиуси 10 м.ли нишон доирасига якка ва гуруҳ таркибида сак­раб, ерга аниқ қўниш, 2000 м баландликдан якка ҳолда сакраб, ҳавода акробатик фигуралар комплексини бажариш, 2400 м.дан эркин тушиш пайтида эстафета таёқчаларини узатиш ва нишон доирага аниқ қўниш, кичик калибрли милтиқдан отиш, кросс, сузишни ўз ичига олган парашют кўпкураши киради.

Мамлакатда парашют спортини ривожлантириш, қўллаб-қувватлаш ҳамда оммалаштириш, фуқароларнинг мазкур спорт турига қизиқишини шакллантириш, парашют спорти бўйича спорт секцияларини авиация ва ҳаво-десант комплекслари, парашют тизимлари, анжомлар ҳамда тренажёрлар билан, шунингдек, ўқув-методик ва кўргазмали қуроллар билан жиҳозлаш, Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти марказлари ҳамда таълим муассасалари негизида фуқаро ёшларни «парашютчи» мутахассислиги бўйича тайёрлашни ташкил этиш шулар жумласидандир.

– Президент қарори ижросини таъминлаш мақсадида Мудофаа вазирлиги ва Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти томонидан амалий ишлар бошлаб юборилган, – дейди Қуролли Кучлар бош штаби жанговар тайёргарлик бош бошқармаси ҳаво-десант тайёргарлиги бўлими бошлиғи подполковник Ғулом Тўйчиев. – Мудофаа вазирлиги ҳаво-десант тайёргарлиги мутахассислари жойларда ўтказилаётган машғулотларга ўқувчи ёшларни ҳам жалб қилган ҳолда, уларга парашют билан сакраш бўйича илк кўникмаларни етказишмоқда. Машғулотлар жараёнида ёшларнинг парашют билан сакрашга бўлган қизиқиши баланд эканлигини улар томонидан берилаётган саволлар орқали билсак бўлади. Ушбу қарорнинг аҳамияти, келажакда мазкур тўгаракларга аъзо бўлган иқтидорли ёшлар орасидан Қуролли Кучлар сафига тажрибали ҳаво-десант тайёргарлиги мутахассисларини танлаб олиш имкониятининг юқорилигидадир.   

Бу қарор аксарият ёшларнинг болалик орзулари рўёбга чиқишига замин яратди. Сабаби, болалигидан самолёт ёки вертолётда бир марта бўлса-да учишни, парашют билан сакрашни орзу қилмаган йигит бўлмаса керак.

Катта сержант Алтынбай Клычов Қорақалпоғистон Республикасида туғилган. У ҳам бошқа болалар каби кўплаб орзулар қилган. Шулардан бири парашют билан сакраш. Бобосининг дуоси билан ҳарбий касбни танлади. Бугунгача парашют билан мингга яқин сакраган. Сафдошлари ва овулидаги ёшлар  орасида унга ҳавас қилганлар кўп.

Шарқий ҳарбий округга қарашли десантчилар ҳарбий қисмида ўтказилаётган Қуролли Кучлар ҳаво-десант тайёргарлиги мутахассисларининг навбатдаги ўқув-услубий йиғинида бир қувончли воқеанинг устидан чиқдик. Йиғин аввалида подполковник Ғулом Тўйчиев бир гуруҳ ҳарбий хизматчиларга «Парашют-десант тайёргарлиги йўриқчиси» махсус унвонини тантанали равишда топширди. Улар орасида катта сержант Алтынбай Клычов ҳам бор эди.

– Болалигимдан бобом мени аскарликка тайёрлаган, – дейди Алтынбай. – Овулимиздан ҳарбий хизматчилар кам чиққан. Ҳар сафар овулимга борганимда ёшларнинг менга ҳавас қилиб ҳарбий бўлганини эшитиб, хурсанд бўламан. Хизматим давомида кўплаб ютуқларни қўлга киритдим. «Энг илғор мутахассис» танловининг 2010 йилги республика босқичида 1-ўринни, 2018 йили Қуролли Кучлар миқёсида ўтказилган «Парашют билан аниқ нуқтага сакраш» мусобақасида 3-ўринни эгалладим. Ўн саккиз йилдан буён ҳаво-десант тайёргарлиги мутахассиси сифатида фаолият юритаман. Навбатдаги йиғин кутилмаган туҳфани ҳадя этди. Бир гуруҳ сафдошларим қатори менга ҳам «Парашют-десант тайёргарлиги йўриқчиси» махсус унвони топширилди. Бу янада улкан куч бағишлаб,  янги марраларга руҳлантирди.

Ҳаво-десант тайёргарлиги мутахассисларининг кўзланган мақсадга эришаётганликларини йиғин давомида ўтказилган назарий ва амалий машғулотларни кузатиб, амин бўлдик. 

Мамлакатимиз Президенти 2018 йилнинг 13 июнь куни Фарғона шаҳридаги десантчилар ҳарбий қисмига ташриф буюриб, ҳарбий хизматчилар билан суҳбатлашиш давомида ҳаво-десант тайёргарлиги мутахассисларининг малакасини янада оширишни такомиллаштириш, республикамиз ёшлари орасида парашют спортини оммалаштириш бўйича ўз фикрларини айтган эди. Қисқа фурсатда Мудофаа вазирлиги томонидан янги парашютлар харид қилиниб, ҳарбий қисмларга тарқатилди ва ўқув-моддий база янада мустаҳкамланди. Ўтказилаётган ўқув-услубий йиғин давомида мутахассислар ушбу парашютларни синовдан ўтказиб, улардан самолёт ва вертолёт ёрдамида илк сакрашларни амалга оширмоқдалар. Машғулотлар мобайнида мутахассисларга соҳада қилинган ўзгариш ва янгиланишлар ҳақида ҳам маълумотлар етказилиб, уларнинг билим ва кўникмалари оширилди.

Аҳрор ОЧИЛОВ

Информеры