2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ДЕНГИЗ БЎЙИДА ОРЗУЛАР УШАЛАДИ(МИ?)

Яқин фурсатда денгиз бўйида бўлдингизми? Поёнсиз сув жами чарчоқларингизни, ғаму андуҳларингизни ютиб юборади, гўё. Ўрнига завқу шавқ, кучу қувват ҳадя қилади. Айтишларича, денгиз бўйида қилинган барча орзулар ушалар экан. Бундай дейишимизнинг асоси бор. Тошкент вилоятида жойлашган Туябўғиз сув омбори (Тошкент денгизи)да Қуролли Кучлар академияси курсантлари ҳамда Тошкент иқтисодиёт ва бизнес коллежи ўқувчиларига байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича мастер-класс машғулотлари ўтган спортчиларнинг барча орзулари амалга ошиб келаяпти.

Улардан бири Мудофаа вазирлиги спорт клуби аъзоси Вадим Меньков – 4 карра Осиё чемпиони. 2009 йили дунёнинг «Энг яхши каноэчиси» деб топилган. Мудофаа вазирлиги спорт клуби аъзоси Дилноза Раҳматова – жаҳон кубоги соҳибаси, Осиё ўйинлари ғолиби, халқаро тоифадаги спорт устаси. Гулбаҳор Файзиева эса ҳали Ўрта Чирчиқ туманидаги 51-умумтаълим мактабининг 10-синфида ўқийди. Ёш бўлишига қарамасдан халқаро тоифадаги спорт устаси. Олимпия ўйинларида каноэда эшкак эшиш бўйича энг биринчи олтин медални қўлга киритган.

Ёшларга байдарка ва каноэда эшкак эшиш усуллари амалда кўрсатиб берилди. Сув спортининг турлари, келиб чиқиш тарихи, истиқболи ҳамда жаҳон ареналарида юртимиз ҳарбий байдаркачилари эришган ютуқлар ҳақидаги маълумотлар иштирокчилар учун жуда ҳам қизиқарли бўлди. Биргина 2018 йилнинг ўзида спортнинг байдарка ва каноэда эшкак эшиш тури бўйича ўтказилган халқаро мусобақаларда Мудофаа вазирлиги спорт клуби аъзолари 15 та олтин, 16 та кумуш ҳамда 4 та бронза медални қўлга киритгани эътирофга молик.

Мастер-класс давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар олишди. Айниқса, жаҳон кубоги совриндори, кўплаб халқаро мусобақалар иштирокчиси, навбатдаги жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўраётган параканоэчи Азизбек Абдуҳабибов билан дилдан суҳбат ёшлар учун ибратли бўлди. Тўрт мучаси соғ бўлиб, ҳали бирор касбнинг этагини тутмаганлар, оиласига кўмак бера олмаётган, Ватан равнақига ҳисса қўшмаётганлар қанча, бу йигит эса интилишда. Ҳаракат қилганда ҳам дунёни лол этяпти.

Курсантлар ва ўқувчилар билан тўла автобус шаҳарга қайтди. Бу манзилга ҳали яна кўплаб ёшлар келса, орзулар қилса ва уларни амалга оширса, не ажаб. Сиз ҳам бехабар қолманг, муҳтарам ўқувчи!

Азиз НОРҚУЛОВ 

Информеры