2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ОНА БЎРИ

Бир-бирига туташ баланд, осмонўпар Қўйтош тоғлари оралиқларини макон қилган тутқичбермас йиртқичларнинг ҳаёт тарзи оғир ва бешафқат кечарди. Улар ўн беш чоғли бўлиб, хавф-хатарларни биргаликда бартараф этишар, айниқса, тўдада она бўри бўлганида янада жангарилашиб кетишарди.

«Бир бўри бутун тўда учун, бутун тўда бир бўри учун» ибораси ҳеч муболағасиз ана шу йиртқичлар галасига нисбатан айтилган. Негаки, улар ўз ҳудудларини белгилаб олиш ва емиш учун бўладиган курашларда ўта кучли, олғир ва тажрибалилиги билан бошқа тўрт оёқли мавжудотлардан ажралиб туради. Тутқинликка асло тоқатлари йўқ, доим эркин ва озод юришни хуш кўришади. Улар табиатнинг бир бўлаги ҳисобланади. Бўрилар экомувозанатни таъминлаб туради. Фақат чорвадорлар эҳтиёт бўлишса бас.

 «Бўрини оёқлари озиқлантиради», дейишади кекса овчилар. Бу бор ҳақиқат. Тиниб-тинчимас, бақувват ва узун оёқлари билан қувватини тежаб, ўзини кўп уринтирмай, майда-майда қадамлар ташлаб, бир кеча-кундузда саксон чақиримгача масофани босиб ўта олади. Оқшомлари салқин тик довонлар оша, тўқай ва қамишзорлар оралаб, адоқсиз тақир далаларни кезишнинг ўзи бўлмайди. Уларга аёзли аччиқ совуқ писанд эмас. Панжаларининг кенглигидан қалин қорга ботмайди, гавдаси ихчам. Овчилар уларнинг ўта ҳушёр, олисдан туриб ҳам эшита олиш ва кўра билиш хусусиятига эга эканлигининг кўп бор гувоҳи бўлишган. Энг муҳими, овда уларга ягона қуроли – ўткир тишлари иш беради.

Бир вақтлар ёш, кўркам ва фусункор бўлган она бўри елиб-югуриб сира чарчамас, куч-қуввати ҳам шунга яраша эди. У бўриваччаларнинг узоқ давом этадиган болалик даври ниҳоясига етиб улғайгунича қанчадан-қанча бало-қазоларни бошидан ўтказмади. Бир сўз билан айтганда, она бўрининг қайноқ ва беҳаловат кечган ҳаёт йўли ўз тўдасига ибратдир. Шунинг учун ҳам бўрилар тўдаси унга сўзсиз итоат қилишади.

Вақт ўтган сайин она бўри куч-қувватдан қолиб, ёлғиз тоғ оралиқларида яшашга мажбур бўлди. Табиат ҳамиша хайрихоҳ бўлавермас экан. Йиртқич Саврук қишлоғидаги ферма ва отар молларига гоҳ-гоҳ оралаб турар, борган жойидан қуруқ қайтмас эди. Баъзида қорни таталаб турганда йўлида дуч келиб қолган қуён гўшти билан ҳам енгил тамадди қилишга қаноатланарди.

Қиш охирлаб, бир-бирига туташ туя ўркачини эслатувчи тизма тоғ ён бағирларида баҳор нафаси уфуриб қолди. Ҳаво ҳарорати кун сайин кўтарилиб, табиат яшнаб чирой оча бошлади. Теварак-атроф анвойи гулларга бурканди. Сойдаги тошқин сувнинг шарқираб оқиши тоғ сукунатини бузиб турарди. Она бўри эса ҳамон қишлоқ атрофидан нари кетмас, одамлар тинчини бузиб келарди. Ферма ва отар қўйчивонларининг ороми бузилган. Энг ажабланарлиси, у семиз ва соғлом мол туриб, орқада судралиб юрувчи нимжон ва касалманд молларнигина тутиб кун кечирарди.

Ярадор она бўри табиатнинг латофати ва гўзаллиги, осмоннинг мусаффо ва беғуборлигини ҳамда юлдузларнинг чарақлаб туришига қараб узоқ тикиларкан, беихтиёр ўтган ўн беш йиллик қайноқ ҳаёт йўлини бир-бир эслади. Ўз тўдасига қайтиб, яна улар сафида юриш истаги ҳам йўқ эмасди. На чора? Бунинг иложи йўқ. Вақт ўтган сайин куч-қувватдан қолиб, танаси бир парча этга айланиб қолганди. Лекин назарида ҳаёт йўли ҳали-вери тугамайдигандек эди. Ҳар тонг янги кунни хуш кайфият билан қаршиларди.

Орадан яна бир ҳафта вақт ўтди. Ҳамиша тип-тикка ва узун қулоқлари ҳам шалпайиб қолди. У шу тахлит қуёш бўй кўрсатганда ҳам жойидан қўзғалмади. Ажабо, охирги марта нима еган эди-я? Лекин эслолмади. Бора-бора боши айланиб, оёқлари ўзига бўйсунмай томоғига нимадир тиқилгандай бўлди. Қимирлашга ҳам ҳоли йўқ, очликдан дағ-дағ титрарди. Охири ҳушини йўқотди. Музлай бошлаган оёқларининг соғ жойи йўқ: суяги синиб қийшиқ битган, сочма қўрғошин ўқ изларидан чандиқлар ҳосил бўлган, тўмтоқ панжаларидаги қирқилган тирноқлари барча-барчаси унинг аянчли қисматидан дарак берарди. Атрофда эса учиб-қўниб юрган бир жуфт қарға ниҳоят унга яқинлашди. Жон таслим қилганлигига ишонч ҳосил қилгач, қушлар унинг жунини тортқилай бошлашди. Она бўри энди қимирламас, яшил рангли кўзлари муаллақ очилиб қолганди.

Абдулла САИДОВ

Информеры