2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

МОДУЛЬ УСЛУБИДА ҚУРИЛГАН

Индонезия Ҳарбий денгиз кучларига қарашли «Раден Эдди Мартанидата» русумли корвет (борт рақами 331, Голландиянинг «Дамен шельде нэйвл шипбилдинг» корпорациясининг «Сигма 10514» лойиҳаси бўйича қурилган) 2017 йилнинг 7 апрелида мамлакат ҳарбий флоти таркибига киритилган. Мазкур кема қурилиши 2014 йилнинг 16 апрелида Индонезиянинг Сурабая шаҳридаги PT PAL давлат кемасозлик уюшмасига қарашли кемасозлик корхонасида бошланган. Корвет қурилиши модуль услубида, яъни секциялардан бирини Голландияда (Флиссинген шаҳри), бошқасини Руминияда (Галац шаҳри) ва қолган бештасини Индонезияда тайёрлаш орқали амалга оширилган. Якуний йиғиш ишлари ҳам Индонезияда PT PAL компанияси мутахассислари томонидан бажарилган, сувга тушириш маросими 2016 йилнинг 18 январида бўлиб ўтган. Кеманинг тўлиқ сув сиғими 2365 тонна, узунлиги 105,1 метр, эни 14 метр, сувга ботиб туриш даражаси 3,7 метр. Корвет умумий қуввати 26820 от кучига тенг бўлган CODOE типидаги комбинацияланган дизель-электр энергетика қурилмаси билан жиҳозланган бўлиб, у максимал юриш тезлигини 30 узелгача етказиш имконини беради. Кема экипажи 100 кишидан иборат, десант кучларини жойлаштириш учун қўшимча 20 та жой жиҳозланган. Қуроллари: ММ-40 «Экзосет» русумли кемаларга қарши ракеталар учун мўлжалланган 2 та тўрт контейнерли ишга тушириш қурилмаси, VL-MICA русумли бошқарилувчи зенит ракеталарни отиш учун мўлжалланган 12-катакли қурилма, 35 мм.ли «Миллениум» зенит-артиллерия комплекси, «Бофорс» русумли икки стволли 375 мм.ли реактив бомбомёт, 2 та икки қувурли 324 мм.ли торпеда аппарати, турли русум ва типдаги радиолокация станциялари, автоматик жанговар бошқарув ва гидроакустика тизимлари. Корветда кўтарилиш оғирлиги 10 тоннагача бўлган вертолёт учун мўлжалланган майдонча ва ангар ҳам жиҳозланган.

Информеры