Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 февралдаги Қарори билан муддатли ҳарбий хизматга чақирув муддати ўзгарди

ХАВФСИЗЛИК КАМАРИ ВА ҲАМЁН

Автомобилларга хавфсизлик камарлари илк бор Америкада XX асрнинг 50-йилларида Форд компанияси томонидан ўрнатилди. Улар самолёт йўловчилари ўриндиғидагига ўхшаш икки қаторли камарлар эди. Кейинчалик Швецияда яратилган уч қаторли камарлар самаралироқ бўлиб чиқди. Замонавий автомобилни камарсиз тасаввур этиш қийин.

Баъзи ҳайдовчилар хавфсизлик камарини йўл хавфсизлиги хизмати ходимларининг назорати учунгина, жаримага тортилмаслик учунгина тақишади. Умуман олганда, бу талаблар йўл ҳаракати қоидаларида қайд этилган. Конструкцияда хавфсизлик камарлари назарда тутилган транспорт воситаси ҳаракатланиб бораётганда ҳайдовчи хавфсизлик камарини тақиб олиши шарт.

Йўл ҳаракати қоидаларининг 9-бандига асосан қуйидаги шахсларга хавфсизлик камарини тақмасликка рухсат берилади:

автомобилнинг орқа ўриндиғидаги 12 ёшгача бўлган болалар (қоидаларнинг 159-бандига мувофиқ);

транспорт воситасини ўқувчи бошқараётган вақтда автомототранспорт воситасини ёки шаҳар электр транспортини бошқаришни ўргатувчи амалий машғулотлар инструкторлари;

ҳомиладор аёллар, саломатлиги хавфсизлик камари тақиш имконини бермайдиган бемор йўловчилар;

орқага ҳаракатни амалга ошираётган ҳайдовчилар; аҳоли пунктларида ҳаракатланишда – йўналишли такси ҳайдовчилари, таксининг орқа ўриндиғидаги йўловчилар;

аҳоли пунктларида ташқи қисмига махсус рангли график чизмалар чизилган транспорт воситалари ҳайдовчилари ва йўловчилари.

Мотоцикл ва мопедда ҳаракатланаётган ҳайдовчи ва йўловчилар махсус мотошлем кийишлари ва уни қадаб олишлари шарт.

Хулоса ўрнида, хавфсизлик камарини тақмаслик оқибатида йўл-транспорт ҳодисалари аянчлироқ оқибатларга олиб келмоқда. Кундалик ҳаётда эса ушбу қоидабузарлик белгиланган жарималарга сабаб. Ҳурматли ҳайдовчи, хавфсизлик ва ҳамённи ўйлаб иш тутиш ҳар томонлама фойдали эмасми?

Подполковник Зафар АБИДЖАНОВ,

Қуролли Кучлар академияси техник таъминот кафедраси ўқитувчиси

Информеры