Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 февралдаги Қарори билан муддатли ҳарбий хизматга чақирув муддати ўзгарди

МАЛАКА ОШИРИШНИНГ ЯНГИ ТИЗИМИ

Президентимизнинг 2018 йил 28 ноябрдаги Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган таркибдаги йиғилишида бажарилиши лозим бўлган қатор вазифалар белгилаб берилганди. Жумладан, миллий армиямизнинг нафақат куч-қудрати ва жанговар салоҳиятини, балки ҳарбий хизматчиларнинг интеллектуал қобилияти, дунёқарашини кенгайтириш, уларда она Ватанга, халқига садоқат, фидойилик туйғуларини шакллантириш борасида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиши кераклиги таъкидланганди.

2018 йил 4 август куни «Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари ҳарбий хизматчиларининг маънавий-маърифий савиясини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилингач, Мудофаа вазирлиги тизимидаги тарбиявий ва мафкуравий ишларни амалга ошириш борасида мутлақо янгича тизим жорий этилди. «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари тизимида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш концепцияси» тасдиқланди ва концептуал ғоя сифатида «Ватан – муқаддас, уни ҳимоя қилиш шарафли бурчдир!» шиори танлаб олинди.

Ушбу ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида Мудофаа вазирлиги тизимидаги тарбиявий ва мафкуравий ишлар органи офицерларининг билим савиясини янада юксалтириш, уларнинг касбий маҳоратини бойитиш, ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар билан уйғун равишда билимларини ошириб боришнинг замонавий усулларини жорий этиш, шунингдек, ички ва ташқи таҳдидларга қарши мафкуравий иммунитети шаклланган, бурчига садоқатли, юқори профессионал ҳарбий хизматчиларни тайёрлаш мақсадида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ва Мудофаа вазирлиги ҳамкорлигида бутунлай янгича кўриниш ва мазмундаги малака ошириш тизими жорий этилди.

Университетда мазкур ўқув курсларининг биринчи тингловчилари қабул қилиниб, уларнинг малакасини ошириш борасида амалий ишларга киришилди. Ўқув курсининг очилиш маросимида мудофаа вазирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари генерал-майор Азизбек Икрамов сўзга чиқди.

– Малака ошириш курслари давомида университетнинг малакали профессор-ўқитувчилари ва юртимиздаги нуфузли олий таълим муассасаларининг етакчи олимлари томонидан назарий ва амалий машғулотлар ўтказилади, – дейди генерал-майор А. Икрамов. – Ушбу курсларни тамомлаган офицерларимиз қўшинларда жорий этилган янги тарбиявий ва мафкуравий ишлар тизимини самарали ва таъсирчан ташкил этишга, ҳарбий хизматчиларнинг маънавий-маърифий билими ва интеллектуал салоҳиятини янада оширишга ўз ҳиссасини қўшади.

Мазкур 15 кунлик ўқув курсларида шу йилнинг февраль ойидан 2020 йил июнь ойига қадар 3 босқичда, жами 590 нафар тарбиявий ва мафкуравий ишлар органи офицерлари таҳсил олиши режалаштирилган. Жумладан, 1-босқичда 265 нафар взвод командирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосарлари, 2-босқичда 223 нафар батальон командирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосарлари, 3-босқичда эса 102 бригада бўғинидаги тарбиявий ва мафкуравий ишлар органи офицерларининг малака ошириши режалаштирилган.

И. НУРАЛИЕВ

Информеры