2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

«ОКА» ДЕБ КЕЛГАНДИ, «ЎРТОҚ КАПИТАН» ДЕБ ҚАЙТДИ

Чоршанба, тонг. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар академия­сининг асосий дарвозаси ёнида 20 га яқин ўсмир ёшлар жам бўлган. Синчиклаб санасангиз, 18 нафар чиқади, қолган иккитаси муассасанинг ёшларни чақириққа қадар бошланғич тайёргарлик йўналиши раҳбари ва Мирзо Улуғбек тумани ИИБ масъул ходими. Улар икки кун давомида академия курсантлари билан бирга яшаши керак.

Муддао: ёшларда она Ватанга садоқат, мардлик, жасурлик, ватанпарварлик каби олижаноб туйғуларни шакллантириш. Миллий армиямиз ёшлар иродасини тоблайдиган, уларни ўз Ватани ҳамда халқига садоқат руҳида тарбиялайдиган жасорат ва матонат мактаби эканлигига яна бир бор амин бўлишига замин яратиш. Ўғлонларимизнинг ҳарбий хизматга, бошқача айтганда, эл-юртимиз тинчлиги ва осойишталиги, осмонимиз мусаффолиги, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлашга бўлган қизиқиш ва интилишини кучайтириш.

Ёшлар Қуролли Кучлар академиясига кириб келар экан, ёнатрофни қизиқувчанлик билан кузата бошлайди. Улар ичидан кимдир йўлакнинг чап томонига ўрнатилган лавҳалардаги ёзувларни ўқиб кетяпти: «Жалолиддин Мангуберди, Темур Малик...» Кимдир эса савол беради: «Ока, бўтта танклар ҳам борми?» Меҳмонларнинг вақтинчалик гуруҳ раҳбари, Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати офицери капитан Ғайрат Мадраҳимов: «Албатта, бор, ҳали кўрасиз танкни ҳам», деб қўяди.

Шундан сўнг курсантлар ётоқхонасида ёшлар учун алоҳида ҳозирланган хоналарга кирилиб, ҳар бир ўқувчига янги ҳарбий либос тарқатилди. Илк бор ҳарбий либос кийган ўсмирлар ҳаяжонланди. Зоҳиран бошқа одамга айланиб қолган йигитлар саф майдонида жам бўлишди. Боядан бери улар ичида алоҳида эътибор тортаётган 3-4 йигит яна диққат марказимизда. Ўртоқлари сафда бинойидек турибди-ю, катта майдонда шуларгагина жой етмайди, гўё. Бирининг тугмаси қадалмаган бўлса, бирининг боғичи осилган. Энди эсладим, танк ҳақидаги савол ҳам шулардан чиққанди. Ўзимча «катта мактабда булардан бошқа ўқувчи қуриб қолибдими, интизомли болаларни опкемайдими?» дейман. Кейин билсам, бу эътибордаги тўрт йигитча Мирзо Улуғбек туманидаги 142-мактабнинг ИИБ рўйхатида турувчи тарбияси оғир болалар, қолган 14 таси эса тумандаги «International House – Tashkent» академик лицейи ўқувчилари экан. Ҳаммаси тушунарли.

Қуролли Кучлар академияси офицерлари ўқувчиларга миллий армиямиз қуч-қудрати, ҳарбий хизматчилар тайёргарлиги, академия тарихи ва бугуни ҳақида қизиқарли маълумотлар берди. Кун тартиби бўйича ҳаракат қилаётган янги «курсантлар» тушликдан сўнг спорт машғулотлари билан банд бўлишди. Академия курсантлари билан турли спорт мусобақаларида куч синашишди. Футбол ўйналаётган пайт қандайдир тушунарсиз ҳолат бўлди, шекилли, ҳамма бир жойда жам бўлиб қолди. Тўртовлоннинг ҳаракати ва ўзини тутишини кузатамиз. Ҳарбий ҳаёт бугунданоқ ўз сўзини айтибди: гарчи ўйинни ҳакам бошқараётган бўлса-да, улар интизом билан муроса қиляпти. Тўғри-да, «Реал Мадрид» билан «Барселона» ўйинида ҳам ҳакам бош бўлади. Лекин футболчилар ҳам баъзи вазиятларни ўзаро муроса йўли билан ҳал этган пайтлар бўлган.

Жисмоний машғулотлардан кейин Қуролли Кучлар академияси курсантлари ҳаётидан жонли лавҳалар кўрилди. Ўқувчилар ётоқхона, ошхона, кутубхона, умуман, бу ерда таълим олаётган курсантлар ҳаёти билан яқиндан танишди. Оддий аскарлар ва курсантлар билан давра суҳбати ўтказилди.

Эртаси куни ўқувчилар Чирчиқ дала-ўқув майдонидаги амалий машғулотларни кузатиш учун йўл олди. У ерда ҳарбий техника бош­қаруви ва жанговар қуроллардан фойдаланиш бўйича маълумотлар берилди. Ўқ отиш жараёни ўқувчилар томонидан бевосита кузатилди.

– Икки кун қандай ўтганини билмай қолдик, – дейди «International House – Tashkent» академик лицейи ўқувчиси Сардорхўжа Акрамов. – Курсантлар ҳаёти бизга жуда ёқди. Таълим олиш ва мунтазам спорт билан шуғулланиш, ҳақиқий Ватан ҳимоячиси бўлиб етишиш учун ҳамма шарт-шароит муҳайё экан. Ҳақиқий қуролдан ўқ узиш ва белгиланган нишонларни йўқ қилиш жараёнини катта қизиқиш билан кузатдик.

Икки кунлик «курсантча ҳаёт» давомида ўқувчилар ўртасида турли номинациялар бўйича ўтказилган мусобақа ғолибларига диплом, махсус кубок, эсдалик совғалар ва китоблар тақдим этилди. Ўтган шу қисқа фурсат ёшларда жиддийлик, масъулият ва ўзига бўлган ишончни пайдо қилди. Ўқувчилар академияни тарк этар экан: «Ҳаммаси учун раҳмат сизга, ўртоқ капитан!» дея хайрлашди...

И. НОРМАМАТОВ

Информеры