Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 февралдаги Қарори билан муддатли ҳарбий хизматга чақирув муддати ўзгарди

«ОППОҚ ЛИБОС КИЙГАН ФАРИШТА ЯНГЛИҒ»

Бугун Ватан ҳимоячилари сафида аёл-қизлар ҳам кўпчилик. Бу мисли кўрилмаган янгилик эмас. Дунё армияларида аёл ҳарбий хизматчилар салмоқли ўрин тутади. Улар орасида қўмондонлар, мудофаа вазирларини кўришга одатланиб қолдик. Ўзбекистон Қуролли Кучлари сафида бундай юксак лавозимни эгаллаганлар йўқ. Бироқ шундай инсонлар борки, уларнинг камтарона фаолияти миллий армиямизнинг шонли шаклланиш тарихи билан чамбарчас боғлиқдир. «Шуҳрат» медали соҳибаси истеъфодаги катта сержант Шаҳло Акбарова уларнинг биридир. У тиббиёт соҳасида хизмат қилган ўзбек миллатига мансуб  биринчи ҳарбий хизматчи Аёл!

Азиз ўқувчи, юқоридаги «Оппоқ либос кийган фаришта янглиғ» мисрасини севимли шоиримиз, йигирма биринчи асрнинг Паҳлавон Маҳмуди Матназар Абдулҳакимдан келтирдим. Унда яна шундай мисралар бор:

«Кокиллари узун-узун табибим,

Кўзларида сеҳр, фусун табибим.

Мени бошдан-оёқ ёқмоққа келган

Бошидан оёғи ҳусн табибим!..»

Шаҳло Акбаровани чамаси ўн етти йиллар муқаддам Марказий ҳарбий клиник госпиталда бош ҳамшира лавозимида кўрган эдим. Бу кам фурсат эмас. Ҳозир опа Тошкент шаҳар тиббий маслаҳат диагностика маркази давлат унитар корхонасида бош ҳамшира. Мен уларни кўрган заҳоти танидим: ҳамон дилбар, ҳамон кўркли, ўша-ўша чарақлаган офтоб каби табассумидан танидим. Йиллар опага ўз ҳукмини ўтказа олмагандек.

ОҚИЛОНДАГИ НУРЛИ ХОНАДОН

Шаҳло Акбарова Тошкент шаҳрининг Оқилон маҳалласида зиёли оилада улғайган. Келинг, яхшиси, буларнинг барчаси ҳақида қаҳрамонимизнинг ўзидан эшитайлик:

– Отам геолог бўлганлар. Бобом, бувим, аям ҳаммалари ўзига хос бир олам бўлганлар. Хонадонимизда адабиёт жуда қадрланган. Катталар Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Нодирабегим ғазалларини севиб ўқирди. Биз ўша оҳанглар билан улғайдик. Бугун ҳам ўша кунлар нафаси келадиган мумтоз шоирлардан ўқиб тураман. Бувим қиссахон эдилар. Бир-биридан гўзал қиссалар айтиб, бизни ўзларига ром қилиб олар эдилар. Орадан йиллар ўтиб улар оддий қиссалар эмас, пайғамбарлар ҳаётидан қиссалар эканини тушуниб етдим. Улғайиб, оқ-қорани таний бошлаган кезларим пайғамбарлар қиссасини ўқиш асносида юрагимни кучли ҳаяжон чулғаб олган: мен буларни биламан, булар барчаси менга таниш, ёдимда-ку, бувим айтган оҳанраболи қиссалар… Истиқлол эпкинлари шундай дурдона асарларни бизга тақдим қилди.

Бобом бизга ўзимизни таништиришни шундай ўргатар эдилар: агар маҳалла ёки кўча-кўйда сизни кимнинг фарзанди деб сўрасалар, айтинг, Ғуломназир отанинг набираси, Фотиҳжон аканинг қизлариман. Ўзимни шундай таништирганимда кўплар ҳайрон қолар эди.

Аям китобларни ўзгача меҳр билан ўқир эдилар. Ва бу меҳрни бизга ҳам юқтирдилар. Отам барчамизни фойдали юмушлар билан банд қилар эдилар. Дарсдан сўнг турли тўгаракларга қатнардик. Мактабда аъло баҳоларга ўқидим. Саккизинчи синфни тугатиб, Боровский номидаги тиббиёт техникуми (ҳозирги касб-ҳунар коллежи)да ўқиганман. Аъло ўқиганлигим учун алоҳида комиссиянинг суҳбатидан ўтганман, имтиҳон топширишимга ҳожат қолмаган.

Мен кичкиналигимдан болалар шифокори бўлишни орзу қилар эдим. Қўғирчоқларимни оддий чўплардан ясаб олган ниналар билан даволардим. Танловим тасодиф бўлмаган. Турмушга чиқиб, фарзандли бўлганимдан кейин институтда ўқишни давом эттира олмадим. Шундай бўлса-да, фахрланишга арзирли йўлни босиб ўтганимдан мамнунман.

УЛУҒ МАКТАБ, УЛУҒ УСТОЗЛАР

– Мен устозлардан омади чопган инсонман. Шаҳар касалхонасида иш бошлаганман. Ишга бўлган муносабатим устозлар эътиборини тортиб, барча бўлимларда ишлатиб кўрганлар. Бош ҳамшира лавозимига шунчаки тайинлаб қўймаганлар. Чуқур билим талаб қилинган. Мен улар ишончини оқладим.

 Марказий ҳарбий клиник госпиталга келишим шундай бўлган. 1993 йили Маҳфузахон аммам ҳукумат касалхонасида ишлаб юрганларида Ўзбекистон Республикасининг биринчи мудофаа вазири Рустам Аҳмедов билан суҳбатлашиб қоладилар. Аммамга шундай деганлар:

– Марказий ҳарбий клиник госпиталда ҳам ўзимизнинг етук ўзбек қизларини кўришни истайман. Ҳозир кўпларнинг кўзи бизда. Қизларимиз нималарга қодир эканликларини кўрсатсалар эди.

– Шундай қиз бор, – деганлар аммам ҳам. – Жияним Шаҳло сиз айтган талабларга тамоман тўғри келади.

Ўшанда Рустам Ўрмонович шахсан ўзлари мен билан оила аъзоларим иштирокида суҳбатлашганлар. Турмуш ўртоғим, қайнонам рози бўлиб, мени қўллаб-қувватлашларини билдирганлар. Мудофаа вазири ишимни кўрсата олишим учун олти ой фурсат берганлар. Астойдил киришдим. Яширишнинг ҳожати йўқ, бошида менга нисбатан нописанд қараш бўлган. Ўзбек қизи нимани ҳам эпларди, дегандек. Мен нафақат ҳарбий хизматчи, балки келин, рафиқа, она сифатида ҳам бурчимни унутмаслигим керак эди. Саҳар тўртда туришга одатландим. Уй юмушларига, ош-овқат, кир-чир, фарзандлар тарбияси… Турмуш ўртоғимдан миннатдорман, улар мени тушуниб қўллаб-қувватладилар.

Шайхонтоҳур тумани мудофаа ишлари бўлимидан ҳарбий хизматга чақирилганман. Ўшанда бу ердагиларнинг лол бўлганини кўрсангиз эди. Ўзбек қизи… уни нима мажбур қилди? Армия эркакларнинг иши бўлса ва ҳоказо ва ҳоказо.

Орадан олти ой синов муддати ҳам ўтди. Мудофаа вазирининг сўзлари ҳамон ёдимда: раҳмат, ишончимни оқладингиз, дедилар.

Мен Марказий ҳарбий клиник госпитални улуғ мактаб деб ҳисоблайман. У ерда хизмат қилган шифокорлар – устозлар ор-номусни, бурчни ҳамма нарсадан устун қўярдилар, таъма улар учун ёт, номуносиб тушунча эди. Бу ерда кўп нарсаларни кўрдим. Ҳамма нарса ҳақида ҳам гапиравериш ножоиз. Бемор, ярадор жангчиларга оддий ҳамшира эмас, опа, сингилдек ҳамдард бўлдим. Бош ҳамширанинг хизмати кенг қамровли бўлиб, юртимиздаги барча ҳарбий госпиталь ҳамширалари билан бирдек иш олиб бориш зарур эди. Зиммамдаги бурчимни сидқидилдан ўтадим.

ОНАМНИНГ МУКОФОТИ

– 2005 йил ҳаётимда унутилмас из қолдирди. 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни байрами арафасида давлатимизнинг юксак мукофоти – «Шуҳрат» медали билан тақдирландим. Ўша куни менга байрамона ҳарбий кийимда келишим, тадбирда қатнашишим айтилди. Байрам тадбири ўтаётган муҳташам залга кириб бордим. Ҳеч нарсадан хабарим йўқ. Ҳамма томонда ҳарбийлар, бирорта ҳам аёлнинг иштирок этмаётгани мени бироз хижолатга солди. Менга биринчи қатордан жой кўрсатишди. Ийманиброқ ёнимдаги ҳарбий хизматчидан тадбир ҳақида суриштирдим. Давлат мукофотларини тантанали топшириш маросими ҳам бўлар экан. Олий Бош Қўмондоннинг ўзлари топширадилар, деди. Шундагина гап нимадалигини англадим. Менга айтмасдан «сюрприз» қилмоқчи бўлган эканлар. Ҳаяжондан қон босимим кўтарилай деди. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти мени ҳарбийча расм-русумсиз ўзбекона лутф билан чорладилар. Буларни унутиб бўлмайди.

Ўша йиллари онам ҳаёт эдилар. Байрам тадбиридан сўнг қанот боғлагандек уларнинг ҳузурларига елдим.

– Аяжон, бу Сизнинг мукофотингиз, давлатимиз раҳбари мени эмас, аслида Сизни тақдирладилар, дедим. Меҳрибонимнинг кўзларидан севинч ёшлари оқди.

КЕРАКЛИ БЎЛИШ БАХТИ

– Ниҳоят нафақага чиқиш фурсати келди. Марказий ҳарбий клиник госпиталда хизмат қилган йилларимни мамнуният билан эслайман. Мени илк қалдирғочлардан деб билишлари қалбимни фахрга тўлдиради. Кейин сафларимиз кенгайди.

Ҳарбий хизматдан сўнг бирмунча вақт Боровский номидаги тиббиёт коллежида ҳамширалик сабоқларидан дарс ўтдим. Маълум фурсат ўтиб, мени Тошкент шаҳар тиббий маслаҳат диагностика маркази давлат унитар корхонасига бош ҳамшираликка ишга таклиф қилдилар. Бу ерда 2008 йилдан буён ишлаб келаман. Баъзан шунча ишлаганим етар, энди кетсам ҳам бўлади, деб ўйлаб қоламан. Директоримиз тиббиёт фанлари доктори Орифжон Ариповга шу ҳақда маслаҳат солсам, қатъий қилиб: «Кетиш ҳақида унутинг, сиз одамларга кераксиз», дедилар. Аслида инсонларга керакли бўлиш ҳам бахт.

Шукур, фарзандларимиз ҳам кўнглимиздагидек инсонлар бўлиб улғайди. Келинларимни қизим каби кўраман. Набиралар кўрдик. Ҳаётда аёлнинг зиммасидаги вазифалар ғоят залворли бўлади. Нимагаки эришган бўлсам меҳнатим, касбимга садоқат, одамларга меҳрим ва ишончим туфайлидир. Бир аёл орзу қилган бахт шунчалар бўлар.

Фурсатдан фойдаланиб, юртимизнинг барча аёл-қизларини баҳорнинг ўзи каби гўзал айём – яқинлашиб келаётган 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни билан самимий қутлайман.

Инобат ИБРОҲИМОВА

Информеры