Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 февралдаги Қарори билан муддатли ҳарбий хизматга чақирув муддати ўзгарди

БАҲОРГА ИЛҲАҚ ЮРАКЛАР

Шавкат ака Сугралимов икки йилдирки, юрак хасталиги билан тўшакка михланган. Тўрт фарзанднинг отаси, айни болалар катта бўлганда, орзу-ҳаваслари бўйи қадар ўсганда, отанинг бу ҳолга тушиши оғир... Бироқ яхшилар, мурувватли кишилар бор. Маҳалла-кўйдагилар бундай оилаларни унутишмайди. Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек тумани Шукур Бурхонов номли маҳалласида истиқомат қилувчи Шавкат ака Сугралимовнинг хонадонига борганимизда бунга яна бир карра амин бўлдик.

Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучларига қарашли ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари маҳалла фаоллари ҳамроҳлигида мазкур хонадонда бўлдилар.

– Бугун ушбу хонадон аъзоларини йўқлаб, муддатли ҳарбий хизматчилар билан келдик, – дейди подполковник Алишер Жўраев. – Уй ишларига қарашиб, томорқаларидаги йиғилиб қолган юмушларни бажаришда яқиндан ёрдам бердик. Бундай йўқловлар ўзаро меҳр ва оқибат тушунчаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.  

– Маҳалламизда беш мингга яқин инсонлар истиқомат қилса, ижтимоий ҳимояга муҳтож шундай оилалардан 14 та, – дейди маҳалла раиси Собиржон Холиқов. – Шавкат ака шу кунгача ҳалол меҳнат билан элнинг хизматида бўлган. Ҳарбийларнинг ташрифи, моддий ва маънавий ёрдам отахоннинг кўнглини кўтарди.

Шавкат аканинг турмуш ўртоғи Чўлпоной опа қайси бир идорада фаррош бўлиб ишлар экан. Катта фарзанди отасига қараса, кичиклари мактабда ўқишади.

– Ўғлимга суянганмиз, яхшиям у бор, елиб-югуриб, бизга, укаларига қарайди, – дейди аёл. – Ҳовлимиз адоғидаги томорқани ағдаришга, очиғи, ҳеч биримизнинг вақтимиз бўлмади. Аскарлар келиб, бизга оғир юмушдек кўринган ишни бирпасда бажаришди. Совға-салом, моддий ёрдам беришди. Ҳовлини ортиқча буюмлардан тозалашди. Ҳаммага раҳмат айтаман. Бизни шундай кунларда ташлаб қўймаган инсонлар дард кўрмасин.

Биз каби боғдаги баҳорга илҳақ куртаклар ҳам бу тилакларга қўшилди, назаримда.

Сабинабону ҚАҲРАМОНОВА

 

Информеры