2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

АМИР ТЕМУР СУЙГАН КАБУТАРЛАР

йўқ бўлиб кетиш арафасида

Ота-боболаримиз асрлар давомида кабутарларнинг беминнат хизматидан фойдаланиб келган. Соҳибқирон Амир Темур бобомиз 1389 йили Самарқандда кабутархона ташкил этганларидан сўнг, кабутар боқиш анъанаси янада кучайган. Умаршайх Мирзонинг Ахси ва Андижондаги кабутархонаси, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг «Кабутар ва кабутархона бирла учуб шунқор ўлди», деган иборасини ҳам кўпчилик яхши билади. Қўқон хонларининг кабутархонасида парваришланган 12 минг бош кабутар шаҳар узра чарх уриши одамларда хуш кайфият уйғотган. Темурийлардан мерос бу кабутархона 1867 йили Чор Россияси томонидан мусодара қилинган. Бухоро амирларининг бутун дунёга довруғи кетган қадимий кабутархонасидаги 120 хил турдаги кабутар 1920 йили номаълум шахслар томонидан ўғирланган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига Андижон вилоятида яшовчи фуқаро Бахтиёр Абдуқодировнинг кабутарлар ҳақидаги мурожаати эътиборни тортди. Ҳамюртимиз, давр синовларидан омон қолган, дунёга машҳур қадимий «Андижон пойгари» кабутарлари йўқ бўлиб кетиш хавфи остида эканлиги хусусида куйиниб ёзади.

«Биргина мисол, сўнгги 20 йил мобайнида «Андижон пойгари» кабутарларининг «Кишмиш ҳакка», «Удди», «Савзи ҳакка», «Қора бағир», «Сиза ҳакка», «Новвот ҳакка», «Қора дум», «Малла дум», «Гўрра ҳакка», «Удди ҳакка», «Шервоз», «Оқ малла», «Қопқон чинни», «Чимиргиз» сингари 14 тури йўқ бўлиб кетди. «Маржон», «Қора ҳакка», «Қизил ҳакка», «Қорапат новвот», «Маллабош», «Қорабош», «Кишмиш», «Майманай» каби яна саккиз тури йўқолиш арафасида.

Кабутарлар неча асрлардан бери Ахалтака, Араб тулпорларидай қиммат баҳоланади. Масалан, Европа чемпиони «Болт» лақабли пойгари кабутар «PIPA» кимошди савдосида 400 минг АҚШ долларига баҳоланди. Бельгия чемпиони «Дольче Вита» лақабли кабутар эса 330 минг долларга нархланди. Ишонч билан айтиш мумкинки, МДҲ давлатларида энг қадимий ва энг қимматбаҳо кабутарлар бу бизнинг кабутарлардир.

«Андижон пойгари» кабутарларини асл ҳолида сақлаб қолиш, йўқолиб кетган турларни қайта тиклаш ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий самара келтиришига шубҳа йўқ. Бунинг учун уларни кўпайтиришга ихтисослаштирилган махсус марказ ташкил этилиши мақсадга мувофиқ. Бу иш юртимизда экосайёҳлик бизнеси ривожига ҳам салмоқли ҳисса қўшган бўлар эди», – деб ёзади у.

Б. Абдуқодиров ўзига ер майдони ажратилса, «Замон талабларига жавоб берадиган кабутархона, орнитологик клиника, зоодорихона, қуш бозори, кимошди савдоларини ташкиллаштирардим. «Андижон парвозлари» ассоциациясини тузиб, янги иш ўринларини яратган бўлардим. Халқимиз меросини тарғиб қилиб, чет эллик ишқибозларни, экосайёҳларни ўзбек кабутарлари кўргазмалари, мусобақалари орқали жалб этардим», дейди.

Бахтиёр ҲАЙДАРОВ

 

Информеры