2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ТЕМУРМАЛИК: ЖАСОРАТ, ОЗОДЛИК ВА МУШТАРАК ТАҚДИР

Бир пайтлар қўшни Тожикистонга бориш Туркия ёки Малайзияга сафар қилишдан кўра қийинроқ эди. Ҳозир эса бунинг учун исталган маркабда чегарага етиб олиш кифоя. Бир неча дақиқалик паспорт ва божхона назоратидан сўнг сиз қўшни давлат ҳудудидасиз.

«Сен Хўжандсан, дарвозасин...»

...Бекободдан Хўжандга бўлган масофа 70 чақиримга яқин. Чегарадан ўтишингиз билан мамлакатнинг Хўжанд, Душанбе сингари ҳудудларига қатнайдиган киракашлар қаршилайди. 20 – 25 сомон (тахминан 20 минг сўм) эвазига сиз Хўжандга етиб олишингиз мумкин.

Марказий Осиёнинг энг қадимий тамаддун бешикларидан бири – Хўжанд  томон отланаркансиз, йўлнинг икки томонида ястанган далалар, қирлар, тепаликлар, сал нарида бир текис саф тортган қоялар олис ўтмишдан садо бераётгандек, ўз халқи, Ватани учун курашган, жонини фидо қилган қаҳрамонлар ҳақида сўйлаётгандек туюлади. Йўл ёқалаб, Ўзбекистон ва Тожикистон раҳбарларининг дўстона қўл сиқишиб тушган сувратларига кўзингиз тушади.

Замонавий Хўжанд шаҳри катталиги жиҳатидан Тожикистоннинг иккинчи йирик шаҳри саналади. Айни пайтда шаҳарда 200 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Тарихий маълумотларга кўра, шаҳар Аҳамонийлар давридаёқ мавжуд бўлган. Искандар Мақдуний замонасида шаҳар қайта қурилиб, Александрия – Эсхата номини олган. Хўжанд номи эса илк бор араб манбаларида тилга олинган. Айрим олимлар шаҳар номи қадимги сўғд тилидаги «Хваканта», яъни қуёш шаҳри номидан олинган, деган фикрни билдирадилар.

Минтақамизнинг йирик дарёларидан бири – Сирдарё шаҳарни қоқ иккига бўлиб оқади.

Бу қадимий шаҳарга кириб келар эканмиз, беихтиёр шоиримиз Муҳаммад Юсуфнинг дилбар мисралари хаёлимизда жаранг сочади:

Сен Хўжандсан, душманларга дарвозасин очмаган,

Темурмалик орқасидан Сирдарёга сакраган...

Темурмалик – мардлик ва жасорат тимсоли

Хўжанд шаҳри марказидаги истироҳат боғи шаҳарнинг «ташриф қоғози» дейилса, муболаға бўлмайди. Ушбу боғ Сўғд вилояти тарихи музейи, Камол Хўжандий ёдгорлик мажмуаси, кўҳна Хўжанд қалъаси деворларини ўз ичига олади.

Археологик тадқиқотлар ушбу қалъа деворлари дастлаб милоддан аввалги еттинчи асрларда юзага келганини кўрсатади. Милодий IV-V асрларга келиб, қалъа тўртбурчак кўриниш касб этиб, 20 гектар майдонни ўз ичига олган. Бир пайтлар бу қалъада жасур, мард ва одил саркарда Темурмалик то юртни ёв босгунига қадар ҳукмронлик қилган.

Унинг номи тожик ва ўзбек халқларининг муштарак тарихи, туташ тақдири, эрксеварлиги, зулм ва адоватга нисбатан муросасизлиги тимсоли ўлароқ тилга олинади.

Юртни ёғий босганда...

...1219 йил мўғуллар Чингизхон бошчилигида Мовароуннаҳрга кўп минг сонли қўшин билан бостириб келганида мамлакатдаги сиёсий тарқоқлик, парокандалик, Хоразмшоҳ Алоуддин Муҳаммаднинг калтабинлиги, қўрқоқлиги ғанимлар учун ғалаба эшикларини очиб берганди. Хоразмшоҳ барча ҳарбий кучларни бир ерга жамласа, ўзига қарши исён чиқишидан қўрқиб, ҳар бир шаҳар ва вилоят ўзини ўзи ҳимоя қилиши ҳақида кўрсатма берганди.

Мўр-малахдек ёпирилиб келаётган мўғуллар бирин-кетин Хоразмшоҳ тасарруфидаги шаҳарларни эгаллаб, минглаб одамларни аёвсиз қиличдан ўтказади, уйлар, масжидлар, мадрасалар, саройлар ўрнини  тутун буруқсиган култепалар эгаллайди. Шарқнинг Бухоро, Самарқанд сингари гўзал шаҳарларини забт этиб, вайронага айлантирган мўғуллар 1220 йилнинг баҳорида Хўжандга юзланадилар. Бу пайтда шаҳарни туркий аслзодалар авлодидан бўлган Темурмалик исмли ёш, серғайрат ҳоким идора қиларди. 

Дастлаб, шаҳар ҳокими Темурмалик душманга қарши очиқ майдонда юзма-юз кураш олиб бориб, жиддий талафотлар етказади. Аммо кучлар тенг эмасди. Чингизхон Хўжандни эгаллашга салкам 70 минг кишини сафарбар этганди. Шу боис, Темурмалик қалъа ичида мудофаага ўтишга мажбур бўлади. Бунинг устига унга ҳеч қаердан ёрдам кучлари ҳам етиб келмайди.

«Ўқ ўтмас» қайиқлар

Ғанимнинг қўли баланд келавергач, саркарда мингга яқин сара йигитини олиб, Сирдарё ўртасида олдиндан ҳозирлаб қўйилган ҳарбий истеҳкомга чекинади. Орол дарё қирғоқларидан анча узоқ бўлиб, мўғулларнинг камон ўқлари ва палахмон тошлари унга етмас эди. Бир гуруҳ шаҳар зодагонлари эса шаҳар дарвозасини ёғийга  очиб берадилар.

Мўғуллар Темурмаликнинг оролдаги истеҳкомини олиш учун 50 минг асир ва 20 минг жангчини ишга солишади. Улар яқин атрофдан харсангтошлар келтириб, дарё ўзанида кўтарма қуриб, сув оқимини  тўсмоқчи бўлишади. Темурмалик ўз аскарлари билан кечаси усти сиркали лой билан сувалган қайиқларда қирғоққа сузиб келиб, мўғуллар қурган иншоотларни бузиб кетади.

Ушбу қайиқларга отилган оловли ўқлар наматларни ёриб киролмас, саркарданинг жангчилари қайиқ ичидан туриб, мўғуллар томонга тинимсиз ўқ ёғдиришарди. Аммо барибир сон жиҳатидан устун бўлган ёвлар Темурмаликни барча йигитлари билан оролни тарк этишга мажбур қилади.

Мангубердининг садоқатли  ҳамроҳи

Темурмалик 70 та қайиқни тайёрлаб, қолган озиқ-овқатларни ва асбоб-анжомларини, шу жумладан, қурол-аслаҳаларини қайиқларга ортиб, машъалалар ёруғида йигитлари  билан дарёнинг қуйи оқими бўйлаб сузиб кетади. Мўғул аскарлари уларни қирғоқ бўйлаб таъқиб қилиб боришади. Шиддатли тўқнашувларда Темурмалик кўплаб йигитларидан айрилади. Фақат бир нечтагина аскари билан 1220 йилнинг ёзида Урганчга етиб келади.

У Алоуддин Хоразмшоҳнинг ўғли, Жалолиддин Мангуберди билан биргаликда бир неча йил мўғулларга қарши қаҳрамонларча кураш олиб боради. 1231 йил Жалолиддин Мангуберди курд қароқчилари томонидан ўлдирилгач, Темурмалик кўп қийинчиликларни бошидан кечириб, Хўжандга қайтади.

Бу пайтда шаҳар мўғуллар тасарруфига ўтган, қадимий ва навқирон шаҳарнинг олдинги жамоли, улуғворлигидан асар қолмаганди. Шаҳар аҳли мўғул раҳбарларнинг қаҳридан қўрқиб, Темурмаликка бош­пана беришмайди. Темурмаликни мўғуллар тутиб олиб, аввалига қаттиқ қийнайдилар, кейин қатл этадилар.

Саркардага муносиб эҳтиром

Хўжандликлар асрлар давомида жасур ҳамюртлари номини ардоқлаб, юксак эҳтиром билан тилга олиб келадилар. Сўғд вилоятидаги туманлардан бири ҳам бугун Темурмалик номи билан аталади.

Хўжанднинг Тагитут маҳалласида ёши бир неча асрлар билан ўлчанадиган кекса тут дарахти бор. У ўзининг марвариддек сархил мевалари билан ўнлаб авлодларни сийлаб, очарчилик пайтлари уларни ўлимдан асраб қолган, унинг сояси остида минглаб йўловчилар ҳордиқ чиқаришган.

– Ривоятларга кўра, бу тут Темурмалик замонасида ҳам мавжуд бўлиб, ўша пайтлар Сирдарёнинг мавжлари шу ергача етиб келган, – дейди сафаримизга ҳамроҳлик қилган Хўжанд давлат университети доценти, филология фанлари номзоди Шарифжон Тожибоев. –  Ёвуз мўғулларга қарши курашга бел боғлаган Темурмалик дарё бўйлаб сафар қилишдан аввал ўз кемаларини ана шу тут дарахти танасига боғлаб кетган экан.

Шаҳар марказида, кўҳна шаҳар қалъасига монанд тарзда бунёд этилган вилоят тарих музейига киришингиз билан сизни Темурмаликнинг мағрур ва улуғвор ҳайкали қарши олади. Музей 1986 йилда, Хўжанд шаҳрининг 2500 йиллиги муносабати билан ташкил этилган. 2003 йилда ҳозирги, янги бинога кўчирилган. Ушбу музейда ўлка тарихига оид ноёб экспонатлар, қадимий китоб ва ҳужжатлар, тасвирий санъат намуналари, шаҳар ва унда яшаб ўтган машҳур тарихий шахслар ҳаёти  билан яқиндан танишиш мумкин.

Хўжанднинг файзли кўчалари, қадимий обидалари, сокин маҳаллалари, тўкин бозорларини сайр қилар экансиз, Ватанимиз сарҳадларидан бир неча ўн километр узоқда эканингизга ишонгингиз келмайди. Кўча-кўйда одамлар тожик ва ўзбек тилларида бирдек мулоқот қилаётганига гувоҳ бўласиз. Бозорларда юртимиздан борган тадбиркорлар, тижоратчилар, деҳқонлар, ўзимизда етиштирилган, ишлаб чиқарилган маҳсулотларга дуч келасиз. Шаҳарнинг бугунги қиёфаси, унинг бой ва теран тарихи,  самимий инсонлари ҳар икки халқнинг ўтмиши ҳам, бугунги куни ҳам, истиқболи ҳам муштарак эканидан далолат беради.

Рустам ЖАББОРОВ,

Тошкент – Хўжанд – Тошкент

Информеры