2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ВАТАН ХИЗМАТИГА ОТЛАНДИ ЎҒЛОН

2019 йил 22 февралда Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг муддатли ҳарбий хизматни ўташ тартибини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинган эди. Шунга асосан жойларда чақирув ёшидаги фуқароларни миллий армиямиз сафларига тантанали кузатиш маросимлари бошланди.

Тошкент шаҳар мудофаа ишлари бошқармаси йиғин пунктида йигитларни муддатли ҳарбий хизматга кузатиш маросими бўлиб ўтди. Тантанали кузатувда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, Тошкент шаҳар мудофаа ишлари бошқармаси офицерлари, фахрийлар, ёшлар ва миллий армиямиз сафига йўл олган йигитларнинг ота-оналари иштирок этди.

Ватан ҳимоясига шайланган йигитларнинг юзу кўзида мана шу даргоҳданоқ жиддийлик зоҳир бўлган. Она Ватан ҳимоясига шайланган алп ўғлонлар билан суҳбатлашгач эса, улар қалбида тошиб турган вулқоннинг акси муддатли ҳарбий хизматга отланган йигитлар кўзида акс этганига амин бўлдик. Яна бир нарса эътиборимизни тортди: ота-оналарнинг хотиржамлиги.

– Эсимда, ака-укаларимиз олис-олис юртларга йигитлик бурчини ўташ учун юборилар эди, – дейди чақирилувчи Хуршид Исматиллаевнинг онаси Наргиза Усмонова. – Улар қайтиб келгунларича юрагимиз безиллаб кутардик. Қандай шароитда ва қанақа муҳитда хизмат қилиши бизга қоронғу эди. Бугун эса нафақат фарзандларимиз, балки биз ота-оналар ҳам миллий армиямиз ҳақида етарлича тасаввурга эгамиз. Кўнглимиз тўқ, хавотирдан холимиз. Буларнинг бари армия ва халқимиз ўртасида ўрнатилган мустаҳкам алоқа ва илиқ муносабатнинг шарофати.

Кузатув маросимида сўзга чиққан жамоатчилик вакиллари, ота-оналар йигитлик бурчини ўташга отланган ўғлонларга шарафли бурчига содиқлик, чидам, сабр-бардош ва ҳарбий хизматда улкан муваффақиятлар йўлдош бўлишини тилади.

Исломжон НУРАЛИЕВ 

Информеры