2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ҲАРБИЙЛАР ТОҒДА МУРАККАБ МАШҚЛАРНИ БАЖАРДИ

Мудофаа вазирлиги тоғ тайёргарлиги ўқув машқлари марказида навбатдаги ўқув-йиғин машғулотлари ўтказилди. Йиғиннинг 70-80 фоизи амалий машғулотлардан иборат бўлиб, ўта мураккаб машқлар реал вазиятларга яқинлаштирилган ҳолда олиб борилди.

Об-ҳаво инжиқликлари Угом-Чотқол тоғ тизмасида ўтказилган амалий машқлар давомида янаям ноқулай ҳолатларни келтирди.  Ҳарорат кундузи 4-6 даража, тунгги пайтларда эса -20  градусгача пасайди. Ана шундай об-ҳаво шароити, бунинг устига тиззадан ошадиган қорда ҳаракатланиш ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний ва руҳий тайёргарлигини текшириш учун жиддий синовга айланди.

Чанғи тайёргарлиги. Бунда юрт посбонларининг тоғ шароитида узоқ масофаларга қисқа муддатда етиб бориш кўникмаси шаклланади.  Тоғли ҳудудда дарё, жарлик, қоялар ва шу каби тўсиқлардан ошиб ўтишда бир қатор усул ва услублардан фойдаланилади. Йиғин давомида ҳар бир ҳарбий хизматчи табиий тоғ тўсиқларидан ўтиш машқини бажарди.

Ўқув-амалий машғулотларининг навбатдаги жараёнида иштирокчиларга тоғли ҳудудда ҳаракатланган ҳолда отиш машқларини бажариш вазифаси қўйилди. Бунда ҳарбий хизматчилар яқин масофада жанг олиб бориш кўникмасини шакллантиришга қаратилган отиш машқларини амалга оширдилар.

3 кун давом этган йиғиннинг ҳал қилувчи босқичи денгиз сатҳидан 2500-3000 метр баландликларидаги тоғ чўққиларида олиб борилди. Қуролланган жангарилар гуруҳини аниқлаш ва йўқ қилиш мавзусида ўтказилган тактик ўқувларда шахсий таркиб 4 та гуруҳга бўлиниб, берилган йўналишда ҳаракатланди. 

Чамаси 10 км масофани босиб ўтган бўлинмаларнинг бири шартли душманнинг эҳтимолий йўналишида тоғ тепасига жойлашиб, қолган гуруҳларни оловли қўллаш вазифасини бажаришга киришди. Яна икки бўлинма шартли душман ҳаракатланаётган ҳудуднинг ён томонларини эгаллади. 4 гуруҳ эса Катта чимён чўққисини забт этиб, жангарилар чекиниши мумкин бўлган йўлни тўсиб қўйди. Шартли душманга сездирмаслик мақсадида худудга мос ниқобланган азаматлар табиатнинг бор хусусиятидан унумли фойдаланишди. Ҳар бир бўлинма ўзи учун яширин кузатув жойи ва баланд тоғ шароитида яшаш ҳамда овқатланиш учун жойлар ҳозирлашди.

Ниҳоят кузатувчилар бир неча километр узоқда ҳаракатланаётган шартли душманни аниқлади. Барча бўлинмалар ўзларининг жанговар ўқ отиш жойларини эгаллашга киришдилар.Тайёргарликка кўра, дастлаб баландликда турган миномёт ва АГС ҳисоблари шартли равишда душманга турли томондан зарба беришди. Оғир талафот кўрган жангарилар гуруҳи ён томондан чекина бошлади. Шунда пистирмада турган бўлинмалар ҳаракатга киришди. Ўқотар қуроллар ишга тушди.

Уч кун давом этган машқлар бўлинмаларнинг ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш, уларнинг оғир вазиятларда яшовчанлик кўникмалари ҳамда жанговар вазифаларни бажариш тажрибасини мунтазам ошириб боришга хизмат қилиши билан аҳамиятли бўлди.  

Алишер БОБОХОНОВ, 

Қуролли кучлар медиа маркази бошлиғи.

 

Информеры