Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 февралдаги Қарори билан муддатли ҳарбий хизматга чақирув муддати ўзгарди

ИГНА БИЛАН ҚУДУҚ ҚАЗГАНДАЙ

Барча истибдод замонларида халқимиз фидойи ўғлонларининг бир ёқадан бош чиқариб, ўз даврининг ижтимоий-сиёсий жараёнларига киришига ҳукмрон тузумлар томонидан қатъий монеълик билдирилган. Улар доимо Йилдиримни Темурга, Темурни Йилдиримга қарши қайрашга тиришганлар... Зеро улар ота-боболаримиз бир ёқадан бош чиқарса, нима бўлишини ўз кўзи билан кўрган...

Профессионал армия асосини – профессионал ҳарбий хизматчилар ташкил этади. Мамлакатимизда ҳар томонлама етук офицер кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, ҳарб илмининг долзарб мавзуларидан воқиф этиш жараёнига бугунги кунда ҳар доимгидан-да катта эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирининг 2019 йил 25 январдаги «Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти қошидаги офицерлар таркибини тайёрлаш курсларида шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар ва сержантлар таркибини ўқитиш тўғрисида»ги буйруғи доирасида ташкил этилган ўқув машғулотлари жараёнларида юртимизнинг турли ҳудудларида офицерлик лавозимида хизмат қилиб, ушбу шарафга муносиб кўрилган юрт қалқонлари олий ҳарбий таълимнинг муҳим бўғинларини ўзлаштираётир...

Муддат: 45 кун! Бу қисқа вақт ичида дарс жадвалида белгиланган фанларни пухта ўзлаштириш, ипга тизилган мунчоқдай ҳар бир мавзунинг назарий асосларини амалиётга чоғлаш, муҳим фактларни қоралаш, тақдимотлар, рефератлар тайёрлаш, шунинг баробарида жисмоний имкониятларини ҳам босқичма-босқич сайқаллаб бориш учун тингловчилардан ҳам руҳий, ҳам жисмоний энергия талаб этилади.

Подполковник Фахриддин Усанов, курс раҳбари:

– Жорий йилнинг 1 февралидан буён навбатдаги офицерлик ўқув-курсида таҳсил олаётган ҳарбий хизматчиларнинг сифатли билим олишига билим юртининг юқори малакали профессор-ўқитувчилари жалб этилган. Тингловчилар орасида Қуролли Кучларимизнинг турли бўғинларида хизмат қиладиган ўз соҳасининг билимдон кадрлари мавжуд. Уларнинг қулай ва унумли таҳсил олиши, жисмоний тайёргарлик билан шуғулланиши, тиббий ва маиший хизматлардан фойдаланиши учун билим юртимизда барча шарт-шароитлар яратиб берилган. Тингловчиларнинг фанларни ўзлаштириш даражаси нафақат билим юрти ўқув бўлими офицерлари, балки юқори қўмондонликнинг масъул офицерлари томонидан мунтазам назорат қилиб борилади. Кун тартибига мувофиқ белгиланган дарслар ва тушликдан сўнг, то кечки бадантарбия машғулотларига қадар улар эртанги фанга ҳозирлик кўриш учун мустақил тайёргарлик билан шуғулланишади. Ўйлайманки, ушбу ҳарбий хизматчилар тайёрлов курсидан сўнг ўз соҳаларининг етук офицер кадрлари бўлиб, миллий армиямиз ривожига муносиб ҳисса қўшадилар.

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, ҳарбий психологлар, адлия, таъминот бўлинмалари, ҳарбий-касбий танлов, темир йўл, молиячи, разведка, медиа марказ мутахассислари тактик, техник, муҳандислик, отиш, алоқа, маънавий-маърифий тайёргарликлари, оммавий қирғин қуролларидан ҳимояланиш, топография фанларини ўзлаштиришмоқда.

– Чирчиқ шаҳрида муддатли ҳарбий хизматни ўтаганман, – дейди шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Ўткир Ашуров. – Қисқа муддатли таътилга чиққанимда Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртининг ёнидан ўтаётиб, шу олий ҳарбий таълим муассасасида таҳсил олишни ният қилар эдим. Шукурки, бугун бу орзуим ушалди... Бу ерда ўз фанининг етук билимдони бўлган профессор-ўқитувчилар қўлида таҳсил олмоқдамиз. Мутахассислигим – ҳарбий психолог. Мудофаа вазирлиги тизимида биз хизмат қилиб турган лавозим жорий этилганига ҳали кўп бўлгани йўқ. Бизга юқори қўмондонлик томонидан юкланган масъулиятли вазифани тўлақонли адо этиш, қолаверса етук офицер сифатида ҳарбий хизматнинг ҳар қандай машаққатларини енгиб ўтишга тайёрмиз. Бунда айни пайтда ўзлаштираётган билимларимиз қўл келади.

Гарчи инсон ташқи оламдаги ахборотнинг, борингки, билимнинг тўқсон фоизини кўз орқали олса-да, агар амалиётда уни синаб кўрмаса, тўлақонли кўрсаткичга эга бўлолмайди: тингловчи ўқнинг корректировкаси, траекторияси, шамол ва нафас олишнинг қаршиликлари ҳақида етарли даражада билиши мумкин ёки тактик тайёргарлик машғулотлари меъёрларини, харита билан ишлаш тамойилларини ўрганган бўлиши ҳам мумкин... Лекин энг асосийси – бу билимларни амалиётда синовдан ўтказиш!

– Отиш тайёргарлиги фани тингловчиларда катта қизиқиш уйғотганидан ажабланмадим. Албатта, улар аввал ҳам кўп бора жанговар қуролдан шартли душманга қарата ўқ узганлар, – дейди майор Шуҳрат Жумабоев. – Буни амалий машғулотларда қайд этилган яхши натижалар орқали билиш мумкин. Муҳими улар турли масофалардан, ўзгарувчан отиш позицияларида, ҳар хил калибрли жанговар қуроллардан ўт очишни, қурол-аслаҳаларнинг ички деталлари тузилиши, техник-тактик хусусиятларини янада чуқурроқ ўргандилар.

Тингловчилар техник тайёргарлик фанида БТР-80 зирҳли бронетранспортёрининг асосий вазифаларидан, энг кичик деталларигача ўрганган бўлсалар, муҳандислик тайёргарлиги фанида умумқўшин таркибида сапёрлик нақадар зарур эканини амалда синаб кўрдилар.

Тингловчилар қирқ беш кунлик ўқув-машғулотларини пухта ўзлаштирди. Қувонарлиси, уларнинг муносабатлари аскарий биродарлик, юрт тинчлиги ва фаровонлиги йўлида туташди. Улар келгусида биргалашиб, кўп ишни уддалашини англаб етдилар...

***

...Улар доимо Йилдиримни Темурга, Темурни Йилдиримга қарши қайрашга тиришганлар... Зеро улар ота-боболаримиз бир ёқадан бош чиқарса, нима бўлишини ўз кўзи билан кўрган... Ота-боболаримиз қирқ беш кунда 270 километрлик Катта Фарғона каналини қазган!

Алибек ОМОНТУРДИЕВ

Информеры