2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

АЁЛ ЖУРНАЛИСТЛАРГА ТАШАККУР

Қўлимга қалам олдиму, сўзимни қандай бошлашни билмай туриб қолдим. Дилимда ёзишни ният қилган қанча гапларим бор. Бироқ… шунда, оқ қоғозни чиройли қоралаш, фикрлар жамланмасини теран ифодалаш қанчалик мушкул иш эканлигини ҳис этдим. Шоир, ёзувчи, журналистларимизнинг, бир сўз билан айтганда қалам аҳлининг ижоди  орқасида, қанчалар  машаққатли, залворли меҳнат ётганига яна бир бор амин бўлдим.

Ушбу мақоланинг  туғилишига сабаб журналист, шоира опамиз Зулфия Юнусованинг «Ёвқурлар» қиссаси ва унинг киносценарийси асосида  ишланган «Ҳаёт» бадиий фильмидир. Улар кўп йиллардан бери «Ватанпарвар» Бирлашган таҳририятида журналист бўлиб ишлаб келаётганини газета мухлислари яхши билишса керак.  Опа қалами нафис ва жозибадор, юксак салоҳиятли журналистлардан десам, адашмайман. Уларнинг «Ватанпарвар» газетаси орқали ёритиб борилаётган ҳар бир мақола, шеър ва ҳикояларини мароқ билан ўқиб чиқаман. Уларда ҳаққоний ҳаёт, юртга муҳаббат, Ватанга садоқат туйғулари уфуриб туради. Қўлимга қалам олишимга, шеър ва мақола ёзишимга Зулфия опанинг ижодига бўлган қизиқишим сабаб бўлганини  таъкидлаб ўтишни истардим.

Шунингдек, Ватанимиз шаъни, ғурури ва тинчлигини улуғлаб қўлга қалам тутган, ҳарбий журналист йигитларимиз сафида ўз ижоди билан эътироф топиб келаётган Инобат Иброҳимова, майор Гулнора Ҳожимуродова, Наргиза Асадова каби «Ватанпарвар» газетасининг иқтидорли мухбирларига ўз миннатдорчилигимни билдираман. Уларнинг ижодини кузатиш жараёнида, ҳарбий журналистикада шундай матонатли, қалами ўткир аёл мухбирлар қад ростлаганидан ҳар гал хурсанд бўламан.

 Мухлислар номидан уларга тилагим – қаламлари асло ёзишдан тўхтамасин, доимо элимиз ардоғида бўлишсин. Баҳорнинг илк айёми – 8 март-Халқаро хотин-қизлар байрами журналист опаларимизга ва барча аёлларимизга муборак бўлсин!

Муносиб ШЕРМАТОВА,

Қуролли Кучлар хизматчиси

 

Информеры