Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 февралдаги Қарори билан муддатли ҳарбий хизматга чақирув муддати ўзгарди

ҲАРБИЙЛИК МАҲОРАТИ, АЁЛЛИК ЛАТОФАТИ МУЖАССАМ

Мудофаа вазирлиги спорт клубида Мудофаа вазирлиги қўшинларида хизмат қилаётган ҳарбий хизматчи аёллар ўртасида спорт спартакиадаси ўтказилди. Мусобақаларда спортнинг 7 тури бўйича 15 та жамоа, 200 нафарга яқин спортсевар ҳарбий хизматчи иштирок этди.

Тантанали очилиш маросимида Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамбли хонанда ва раққосалари томонидан концерт дастури намойиш этилди. Даврада хиром айлаган спартакиада иштирокчилари давомли қарсаклар билан олқишланди. Улар ўзбек аёли – миллат чироғи сифатида кўнгиллардан жой олганди.

Кейин мусобақаларга старт берилди. Энди аёллар ўзларининг ҳарбий хизматчи сифатидаги маҳоратларини намойиш қилдилар. Спартакиаданинг биринчи кунида шахмат, шашка, сузиш ва стол тенниси бўйича ғолиблар аниқланди. Сузиш мусобақасида Мудофаа вазирлиги марказий алоқа тугуни ходими сержант Юлия Кельдишева ғолибликни қўлга киритди. Стол теннисида эса Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти вакили кичик сержант Азиза Ҳабибова Қуролли Кучлар академияси сержанти Феруза Исмаиловадан устун келиб, ғалаба қозонди. Шашка мусобақасида кичик сержант М. Раҳмонова биринчиликка эришган бўлса, шахмат доналарини суришда кичик сержант Р. Гарашенко ғолибликни қўлга киритди.

Чирчиқ дала-ўқув майдонида ўтказилган отиш мусобақаси қизғин тусда ўтди. Унда ПМ-1 қуролидан отиш бўйича сержант З. Валихонова, АК-1 қуролидан отишда эса кичик сержант Ш. Хўжақулова бошқаларни доғда қолдирди.

Волейбол мусобақасини томошабинлар ҳам айрича ҳаяжон билан кузатишди. Мудофаа вазирлиги марказий аппарати ва Марказий алоқа тугуни вакилларидан таркиб топган жамоа Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари вакилларига қарши тўп суришди. Ушбу мусобақада Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари аёлларидан иборат жамоа бир неча йиллардан буён ғолибликни қўлдан бермай келаётган гуруҳни енгди.

Натижаларга кўра, умумжамоа ҳисобида Қуролли Кучлар академияси вакиллари 1-, Мудофаа вазирлиги марказий аппарати ва Марказий алоқа тугуни жамоаси 2-, Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти номидан қатнашган аёллар 3-ўринга сазовор бўлдилар.

Ғолибларга оркестр томонидан чалинган тантанали садолар остида ташкилий қўмита томонидан фахрий ёрлиқ ҳамда медаллар топширилди.

Абдулла ЎКТАМҚУЛОВ

Информеры