2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

Ватан азиз, жасорат мангу!

«ОНА, ҚОЛИНГ!» ДЕГАНИДА БАРЧАСИНИ ҲИС ЭТДИМ»

Бугуннинг қаҳрамони... Ким у? Қандай ишларга қодир? Нима учун айнан уни қаҳрамон деймиз? Сиз билан бизни улардан – қаҳрамонлардан нима ёки нималар ажратиб туради? Тинимсиз машқлар эвазига жаҳон спорти миқёсида энг баланд чўққиларни забт этаётган спортчиларимиз, илмий изланишлари билан дунё илм-фани ривожига муносиб ҳисса қўшаётган олимларимиз, ақлий салоҳияти ва заковати билан барчани лол қолдираётган ёшларимизни қаҳрамонларимиз, десак, хато бўлмас. Аммо яна бир тоифа инсонлар борки, улар танлаган йўлнинг ўзи мардлигу жасорат намунасидир. Мақоламиз Ватан учун азиз жонини тиккан ана шундай қаҳрамон йигитлардан бири ҳақида.

 

САФАР ҲАЯЖОНИ

…Мамлакатимизнинг жанубий нуқтаси – Термиз шаҳрига элтувчи поездда кетар эканман, таҳририят топшириғига кўра қилиниши лозим ишларни хаёлдан ўтказаман. Улар орасида ҳалок бўлган сержант Ҳусанов Ғулом (Ғуломқодир) Чориевичнинг оиласи билан учрашув ҳам бор. Тўғрисини айтганда, хизмат сафаримнинг шу қисми олдидан ҳаяжон йўқ эмас. Зеро, давлатимиз мустақиллиги ва озодлиги йўлида қаҳрамонларча жон берган ватандошимиз оила аъзолари, яқинлари билан суҳбатда эски дардлар, ўкинчу армонлар, хотиралар янгиланиши турган гап. 

Телевидение ходимлари ва биз – матбуотчилардан иборат ижодий гуруҳ, 13-сонли умумтаълим мактаби (марҳум ҳарбий хизматчи шу мактабда ўқиган) масъул ходимлари Каттабоғ маҳалласи Ғулом Ҳусанов кўчасидаги 128-уйдамиз. Келишимиздан хабардор хонадон эгалари бизни қарши олишди. Ҳовли ичкарисида ҳарбий хизматчиларни кўриб, уларни марҳумнинг ҳамкасблари эканлигини англадик. Кўпчилик уйга кираётган бир пайтда ҳовлига назар ташлайман. Ташқарида қолган меҳмонни пайқаган уй эгаси – Чори эка ёнимга келди:

– Боғимиздаги мана бу ёнғоқ дарахт¬ларини ўғлим армияга кетишдан олдин экканди, қаранг катталигини. Қурилиш соҳасига қизиқиши баланд эди. Шунинг учун қурилиш техникумини, ҳозирги ижтимоий-иқтисодий коллежни тамомлади. Ҳовлимизни ўзгартириш бўйича режалари кўп эди…

 

ҲАРБИЙЛАРНИНГ ЖИЯНИ

– Тоға, Тошкентдан келдингизми?

Қаердандир пайдо бўлган чамаси 5-6 яшар болакайнинг саволига жавоб бериш учун чоғланар эканман, суҳбатдошим уни таништиради:

– Неварам. У ҳамма ҳарбийларни тоға дейди. Унинг исмини ўғлимнинг исмига уйқаш қилиб, Ғуломмуҳаммад деб қўйганмиз.

– Ҳа, Тошкентдан. Катта бўлсанг ким бўлмоқчисан? – саволини беихтиёр бердим,  сиз каби  мен ҳам ёшликда бундай мурожаатга кўп бор дуч келганимдан. Аммо мендан айнан шуни кутгандек янада жонланган невара: «Аскар», деганича шахдам қадам ташлашга тушиб кетди. Бу ҳаракатларни эркаликка йўйишим мумкинлигидан-ми, бобоси изоҳлади:

– Марҳум тоғасининг касби ҳақида кўп эшитган. Доим аскар бўламан, дейди. Уйимизга ўғлимнинг хизматдош дўст-лари, танишлари кўп келишади. Ҳарбий либосдагилар неварам кўзига иссиқ кўринса керак-да.

 

БИЗЛАРНИ КУЛДИРИБ... КЕТДИ

Уй хоналарининг бири музей қилинган. Ундан Ғуломқодирнинг суратлари, ҳарбий кийимлари ва шахсий буюмлари жой олган. Гиламга осиғлиқ кителга яқинроқ бораман. «Жасорат» медали, «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига 10 йил», «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига 15 йил» ва «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига 20 йил» эсдалик нишонлари ундан жой олган. Фотоальбомни томоша қилаётганимда хонага Рўзихол Ҳа¬йитова кирди. Бир оз ўнғайсизланганимни сезган она гап бошлади:

– Ўғлим жуда меҳрибон эди. Эндигина орзу-ҳавасларини кўрамиз дегандик. Аҳду паймон қилган қизига уйлантирмоқчи эдик. Ўша қиз ҳам барака топсин. Ўғлим йўқ бўлса-да, бир неча йиллар давомида биздан ҳол-аҳвол сўраб турди…

У кунни яхши эслайман. Кечки овқатдан сўнг, ўғлим билан у ёқ, бу ёқдан роса гаплашиб ўтирдик. Унинг айтиб берган қизиқарли воқеаларига маза қилиб кулгандик. Болам ёшлигидан ҳангомалар айтишга уста эди. Негадир ўша куни хайрлашишимиз қийин бўлди. Юзини юзимга босганимда, соқоли анча ўсганини сездим, ажабландим. Ҳечам ундай юрмасди. Ҳовлимиздан ташқарида анча жойгача ортидан бордим. Фақатгина қатъият ва баланд овоз билан кескин тарзда: «Она, қолинг!» дегач, ортимга қайтдим. Шу пайтга қадар менга гапиришда бирон марта овозини сал бўлса-да, баландламаган ўғлимнинг аҳволини оналик юрагим билан ҳис этгандим. Уни ўта масъулиятли вазифа кутаётгани, унинг якуни қандай бўлишини эса ҳеч ким билмаслиги назаримда ўша жумлага жам бўлганди. Бизларни кулдириб, ўзи эса муқаддас бурчини адо этиш учун кетди.    

Юқоридаги гапларни айтишда она кўзларига ёш келиши, табиий. Жигарбанди ёдига тушди, онаизорнинг. Уни юпатиш учун сўз топишга қийналдик. Аслида у ўғлини унутмаган, ҳеч қачон унутмайди ҳам.

Ҳусановлар оиласи билан хайрлашдик. Хонадондан узоқлашар эканмиз, мақолам аввалида қўйилган саволларга жавоб топгандек бўламан. Эли, Ватани, халқ тинчлиги ва осойишталиги, не-не қийинчиликлар билан эришилган ҳурлик учун жон фидо этганлар, уларни ватанпарвар этиб тарбиялаганлар қаҳрамондир. Улар нафақат бугунги кунимиз ёки эртамиз, балки мустақил Ўзбекистонимиз тарихига, истиқлолимизга дахл¬дордирлар.

 

ҚАҲРАМОН ҲАҚИДА... 

Синглиси, ДИЛШОДА:

– Кутилмаганда мен ва опамга ажойиб совғалар қилишни яхши кўрарди. Айниқса, туғилган кунларни, байрамларни ҳечам унутмасди. Доим кулиб, очиқ чеҳра билан юрарди. Кек, гина сақлайдиган одати йўқлиги учун кўпчилик уни яхши кўрарди. Ҳозирда ҳарбий қисм кутубхонасида ишлаяпман. Имконият даражасида ҳарбийлар фаолияти билан танишгач, Ватан ҳимоячиларининг хизмати нақадар заҳматли эканлигига гувоҳ бўляпман. Йиллар ўтиб, энди-энди акамни яхшироқ билгандекман. Унга ҳурматим, меҳрим янада ошган.

Синфдоши, Муҳайё САНАЕВА:

– Ғулом билан бир партада ўтирардик. Ажойиб инсон. Анча вазмин ва осонликча кўнглини очмайдиганлар хилидан эди. Ҳамма билан осон ва тез чиқишарди, дея олмайман. Ориятни, ор-номусни ҳар нарсадан устун қўярди. Синфимиз қизларига бегона болалар гап отгудек ёки таъқиб қилгудек бўлса, у биринчилардан бўлиб бунинг олдини олишга, бизларни доим ҳимоя қилишга интиларди. Жисмонан бақувват бўлгани учун, бунинг уддасидан чиқарди. Билими яхши эди. Айниқса, аниқ фанларни осон ўзлаштирарди. Рус ва инглиз тили дарсларида бир оз қийналарди. Бир-биримизга ёрдам берардик. У менга алгебра, геометрия ва физикадан, мен эса чет тилларидан. Орзуси – ҳарбийлик ҳақида жўшиб, тўлиб гапирарди. Мақсадига эришишига ҳечам шубҳа қилмасдим. Бундай қатъиятли инсонлар қийинчиликлардан чўчимайди.

Тўлқин ЖУМАНАЗАРОВ.

Информеры