Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 февралдаги Қарори билан муддатли ҳарбий хизматга чақирув муддати ўзгарди

ИЖОДХОНА ТЎРИДАГИ СОҒИНЧ СУВРАТИ

Буёқлар ҳиди анқиб турган, чор тарафи суратларга тўлиқ хона. Оламнинг жами ранглари қоришиқ бу суратларда ўзгача нафислик, назокат бор. Уларда бўй қизларнинг ойдин хаёлларини, бўз йигитнинг муҳаббатини, гулларнинг атрини, табиатнинг сасларини кўрасиз, тинглайсиз. Рассом ижодхонаси. Ушбу муаззам гўшада ҳаётнинг жами моддиятидан устун турадиган туйғулар рангларга кўчади. Бўёқлар сизни энг покиза ўйларга, хотираларга эш қилади. «Таманно», «Меҳроб», «Мажнун», «Лисон ут-тайр», «Малика», «Ибодат», «Мусиқа», «Интизор кўнгил», «Ҳижрон йўлларида» сингари суратлар ичра мен битта суратни излайман. Ана шу мафтунлик аро рассомнинг қалб қўридан яралган энг буюк асарни ахтараман. Бу унинг – она суратидир.

Ўзбекистон халқ рассоми, Республика Бадиий академияси раиси, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши аъзоси Акмал Нур билан бугун айнан мана шу образ – Она ҳақида сўзлашамиз. Ижодкорнинг энг ичкин, соғинчли ўйларига, ўз ҳақиқатларига эш бўламиз. 

– Кўнглига армон бир бор бўлсин бўйламаган киши бормикан, дунёда, – дейди рассом. – Қизиғи, ҳамма нарсанг тўла-тўкис бўлганда ҳам сенга нимадир етмайди, умрингга кимдир камлик қилади... Ҳозир онажонимнинг ўрни ҳар бир қадамимда сезилади. Бир йил бўлди, ёруғ оламни тарк этганларига. Шу бир йил ичида англаган ҳақиқатим шуки, онасиз умр бефайз, нурсиз. Аммо шу нурсизлик ичида ҳам одамдек яшамоғинг, қалбинг тўкилиб турганда ҳам кулмоғинг, атрофдагиларга чидамоғинг керак. Илгари ҳам шундай бўлгандир эҳтимол. Лекин онангиз ҳаёт экан, сизга бу ташвишлар чикорадир...

Наманган вилоятида туғилганман. Болалигимданоқ кузатувчан, таъсирчан бўлганман шекилли, атрофимдаги ҳодисалардан ҳам кўра мени табиатдаги ранглар, фасллардаги товланишлар ўзига тортарди. Бора-бора инсонлар борлиқ фақатгина ўзига хос жиҳатлар билангина эмас, ранглар билан фарқланишини англай бошладим. Ва ана шундай кунларнинг бирида ранглар ҳаётимнинг мазмунига айланди. 

Ота-онам оддий инсонлар бўлишган. Дадам Ваҳобжон ака колхоз ишларини бошқарар, онам Ҳикматхон ая уй бекаси эди. Мендаги рассомликка бўлган иштиёқ онамнинг оталаридан ўтган бўлса, ажаб эмас. Бобом Эшон бува ҳаваскор сифатида расм солиб юрарканлар. Онам оқ юзли, чаққон, дадил аёл эдилар. Сочлари узун, чиройли бўлганлар. Шунинг учун расмларимда сочлари узун қизларни кўп чизаман.  

Тўрт ўғилнинг каттаси эдим. Шаҳри-азимга дадам олиб келганларида юрагим катта орзуларга, ёшликнинг шижоати, шавқига тўла эди. Кейин талабалик бошланди. Рассомлик институтида ўқиш ҳам осон бўлмади. Иқтисодий жиҳатдан кўп қийналардим. Тўғриси, мен бу кунларга осонликча етиб келмадим. Тақдир ҳамма вақт ҳам бошимни силамади. Чизган суратларим мўлу, пулсиз қийналган пайтларим кўп бўлди. Шундай лаҳзаларда онамнинг далдасига, ишончига суяндим. Ношукур деб ўйламанг. Омад, мансаб пиллапояларидан юқорилайверган сарим волидамдан йироқлашиб кетавердим. Эсимда... бир гал учинчи курсда ўқирдим, устозларим Ленинградга амалиётга боришимни айтишди. Жуда хурсанд бўлдим. Бу менинг биринчи хорижий сафарим, буюк рассомлар билан учрашиш, тажриба алмашиш имконияти эди. Кейин ўйланиб қолдим. Сафар учун пул керак-ку. Уйдагилардан ҳаражатларимга пул сўрайвермасдим, ўзим ишлаб топардим. Минг андиша билан онамга пул кераклигини айтдим. Ойим жим бўлиб қолдилар-да, «ҳозир» дея қўшниникига чиқиб кетди. Сўнгра қўлимга пул тутқаздилар. «Сен ўқишинг керак, бу кунлар ўтар-кетар болам» дедилар жилмайиб. Мен ўзимда йўқ шод бўлиб, изимга қайтдим. Анчадан кейин билсам, онажоним қулоғидаги тилла қашқар балдоғини қўшнига сотиб чиққан экан. Бу тақинчоқ онамга бувимдан ёдгорлик бўлиб, чорасизликдан уни сотган. Йиллар ўтди, мен рассом бўлдим. Энди пул менинг ортимдан юрадиган, суратларим хорижий кўргазмаларда иштирок этиб, эътироф оладиган пайтлар келди. Кейин ойимга кўп тақинчоқлар олиб бердим. Бироқ у ўша балдоқнинг ўрнини босолмади. Ўзлари-ку, буни сездирмасдилар, «Раҳмат, ўғлим» деб қўярдилар. Лекин буни ўзим ҳис қилиб турардим.

Ҳаётимнинг энг оғир дамлари деб ўтган сўнгги йилларни биламан. Ташқаридан қараганда, ҳамма нарсам рисоладагидек. Ким учундир орзу бўлган мансаб, бинойидек оила, ижод ҳам бўлиб турибди. Ҳамма ташкилий, расмий ишларга вақт топаман, очиғи шунга мажбурман. Лекин мен онамга келганда вақт тополмай қолдим. Шу йиллар ичида уларни алдаб, овутиб яшадим. «Ўғлим, қачон келасан, соғиндим ахир», деган чорловларига «Рухсат беришса, бораман» ёки «Эрта-индин вақт топаман» дея интизор қилиб яшадим. Йўл-йўлакай иш билан водийга борганимда кириб ўтардим. Ўшанда ҳам бир кеча қолар-қолмас, ортимга қайтардим. Ана шу тиғизлик ичра мен энг катта хазинамни бой бердим! Йўлларимга қарай-қарай онагинам оламдан ўтди... Кореяда эдим, қўнғироқ бўлди. Совуқ хабар. Кўзимга бу дунё шу қадар қоронғи кўриндики, ўша мен доим илҳом олган рангларнинг таровати бир зумда йўқолди... Эртасига етиб келдим, онамни сўнгги манзилга кузатдим. Биласизми, бир гўзал дунёим бор эди, аввал. Тўққизинчи қаватдан туриб, ижодхонамда ёруғ хаёллар билан, илҳом билан банд бўлардим. Кўнглим тўқ эди. Овозини эшитиб ҳам ҳаловат топадиган онаизорим бор эди унда. 

Хотира... яхшиямки у бор. Дадам оғир хасталик билан беш йил туролмай ётдилар. Уйга борганимда ота-онамни кузатардим. Бемор отамнинг онамни авайлаши, волидамнинг дадамга парвона бўлиши... Биласизми бу жуда чиройли, таърифга сиғмас меҳр эди. Айниқса, сўздан қолган дадамга қошиқлаб овқат тутишлари, оёқларини ўраб, ҳазил-мутойиба қилиб бошида ўтиришлари, отамнинг ҳар бир имосига, юмушига жонҳалаклик ила хизмат қилишини кўриб, рости ҳавасим келарди. Камтарона, етиб-етмаган ҳаётидан мамнунлик, қадр, оқибат ва муҳаббат бор эди уларда. «Ҳаётимда мен ҳам шундай севилармиканман» дея орзу қилардим... Аёлларимиз мени кечирсинлар, аммо ҳозир бундай соф туйғулар ўзаро моддий манфаатлар ортида қолаяпти, назаримда.

1987 йилда онам уйимга келганида суратини чиздим. Аям сабр қилиб, менга мамнун қараб ўтирдилар. Бу қарашда миннатдорликми-ей, ўғлининг ишидан фахрми, нимадир бор эди-да. Шу сурат эсдалик бўлиб қолди. Мана энди «Онаизор» номли картина ишлаяпман. Унда фарзанди йўлига интизор бўлган она бор. Она меҳрининг қаршисида ойнинг нури ҳам хира. Ит вафо рамзи, бироқ ит ҳам тунда ухлаяпти. Бу оламда фақат онагина бедор. Фақат угина боласини кўз юмгунча кутади...

Азиз ўқувчи, рассом ҳаётидаги бу кемтиклик, онадан кейинги армон, умрлик соғинчдан асли. Ижодкор айтмоқчи, яхшиямки хотира бор. У бор экан, оналарга бўлган соғинч ижодхона тўрига осиғлиқ суратларда яшайди, яшайверади...

Наргиза АСАДОВА

суҳбатлашди.

Информеры