2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

РОГАТКАДАН МЕРГАНЛИК МИЛТИҒИГАЧА

ёки мерганлик санъатининг ривожланиш тарихи

Рогатка нима? Қадимги юнон саркардаси агар рогатка моҳир қўлларга тушса, бу жуда даҳшатли қуролга айланади, деб ўз фикрини билдирган.

Қадимги одамлар ҳаёт кечириш учун ҳайвонларни овлаш, тирикчилик қилиш, кийиниш учун қуш ва ҳайвонларни овлашга мажбур бўлишган. Шу даврлардан бошлаб, одамзот ўзини ҳимоя қилиш, оила ва қабилаларни ёвлардан асраш учун ҳар хил ҳимоя қуролларини ясаш ва улардан фойдаланишни бошлади. Олдин ҳар хил тош отишлар, рогаткалар, кейинчалик ҳайвон суякларидан ясалган найзалар, IV асрга келиб, камон ва ёйлар, вақт ўтиши билан арбалетлар, XVI-XVII асрларда қисқа масофага отувчи силлиқ стволли пилта милтиқлар, кесик стволли милтиқлар яратила бошланган. Олдин ҳам, ҳозирги вақтда ҳам қўшинларни тайёрлашда мерганларга алоҳида эътибор қаратилган.

Тош даври – инсоният тараққиётидаги энг қадимий давр. Бу даврда меҳнат қуроллари ҳамда қурол-яроғлар ҳам асосан тош, ёғоч ва суякдан ясалган. Тош даври одамлари теримчилик, овчилик билан шуғулланган. Ушбу ҳолатларни немис антрополог мутахассиси Курт Крафт 1982 йилда ғорларнинг деворларидаги ёзувларни ўрганишида аниқлаган. Кейинчалик одам ривожланиши билан бирга, унинг ҳунарлари ва маҳоратлари ошиб борган ва қуроллари ҳам турли, қулай ва ихчамлашиб борганлиги тарихда кузатилган. Британиялик тадқиқотчи Джин Ауэллнинг таъкидлашича, жуда самарали қуроллар ўша даврда чўзма палаҳмон, болға, кичик найзачалар ҳисобланган. Шу билан бирга римликлар палаҳмон ва камонларни ёқтирмаган, улардан отиш учун немис қабилаларидан жангчиларни ёллаган. Милоддан аввалги IV асрдан бошлаб камонлар ривожланиб борган ва кейинчалик камонга ўхшаш қадимий қурол (арбалет) кўринишигача ривожланган.

Европа жангчилари Осиё камонларининг имкониятларини етарлича ўрганишган, аммо камондан отиш учун ёйни тортишга кучи етмаган. Ушбу маълумотни 1695 йилда Англиядаги Туркия элчихонаси ходими тасдиқлаган. Википедия маълумотларига кўра, милоддан аввалги III асрда юнон олимпиада ўйинларида Анаксагор камонни 534 метрга отгани ёзиб қолдирилган.

Амир Темур ва темурийлар даврида кўнгил очиш ва зарурий ҳолларда озуқа ғамлаш мақсадида кенгликларда, тоғли ҳудудларда ташкил этилган ишлардан бири ов машғулоти эди. Ов қилиш ҳам аслида спорт машғулоти саналар эди. Темурийлар даврида камон отишдан икки хил мақсад кўзланган:

биринчиси, ёшларнинг эпчиллик, чаққонлик, жисмонан чиниқиши ва сиҳат-саломатлигини мустаҳкамлаш бўлса, иккинчиси, ҳарбий спорт ўйинлари орқали мерган жангчиларни танлаб олиш йўлга қўйилган.

Амир Темур даврида маҳоратли мерганлар тайёргарлиги 4-5 ёшдан бошланган. Энг яхши мерганлар Барлос, Меркит, Татар  уруғидан бўлган. Буларга мутасадди этиб тайинланган мерган мавлоно Хурдаки Бухорий бўлган.

Мерганлик санъатининг  ривожланиш тарихи

XVI-XVII аср бошларида силлиқ стволли пилта милтиқларнинг пайдо бўлиши билан бошланди. Силлиқ стволли милтиқлар биринчи бўлиб Англияда фуқаролик урушида ишлатилган. Англиядаги фуқаролик урушида (1642 – 1648 йил) армия қўмондони Лорд Брук томда навбатчилик олиб бораётган аскар томонидан 173 метрдан отиб ўлдирилган. Лекин XVIII аср ярмигача силлиқ стволли қуроллар узоққа ва аниқ отиш имкониятини бермас эди. 1773 йилда биринчилардан бўлиб, Британия офицери ўз хатида «снайпер» терминидан фойдаланади. Кейинчалик эса бу сўз овчилар миясига сингиб, энг яхши овчи, аниқ нишонга олувчи, майинлик билан яширин ҳаракатланувчи, эпчил ва чаққон овчига нисбатан ишлатила бошланади. Аммо Оксфорд инг­лизча луғатида 50 йилдан кейин 1824 йилда «снайпер» термини ишлатилади.

Снайпер инглизча «snipe»  (снайп) сўзидан олинган. «Snipe» сўзи таржимада «Бекас» деган маънони англатади. Бекас – кичкина, жуда чаққон, эпчил ва тез учувчи қуш. У синиқ траекториялар ҳосил қилиб, парвоз этади ва овчиларга қи­йинчиликлар яратади. Шунинг учун овчиларга «Бекас»га теккиза олсанг, ҳар қандай нишонга бехато урасан, деб айтилган.

Мерганлик санъати ривожланиши Биринчи жаҳон урушидаги (1914 – 1918 йил) снайперлар отряди билан ҳам боғлиқ. Немислар бу масалада илғор бўлган: 1915 йилда қўшинларининг штатига расман мерган лавозимини киритган. Ўша вақтларда қўл соатини тақиш ҳам катта хавф туғдирар эди, ундан ёки танадаги бошқа нур қайтарадиган жисмлар 3 сония ичида немис мерганларининг диққатини тортарди ва улар нишонга қарата ўқ узарди.

Биринчи мерганлар мактаби Британияда 1915 йилда очилган. Ўқиш муддати 17 кунни ташкил этган. Аниқ отиш билан бирга ниқобланиш санъатига, яшириниш ва сабр билан душманни кутишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Британия томонидан қўлланилган енгил яшил мато ва ўтлардан ясалган ниқобланиш кийимлари дунёдаги кўп давлатлар мерганлари томонидан ишлатилган.

Мерганларни қўллашнинг асосий тамойили қўшинларда қўрқув ҳиссини ёйиш эди. Генерал Чуйков мерганларнинг қўлланмасига «мерганнинг охирги мақсади – душман қўшинларида қўрқув ҳиссини уйғотиш ва ваҳимага тушириш», деб ёзган. Совет – Фин урушида душман кўшинларига катта саросима солган Фин мергани Симо Хяюха 100 кунлик уруш давомида 705 совет аскари ва офицерини ўлдирган. Унинг ноёб ниқобланиш услубияти ҳозирда НАТО мерганларини тайёрлаш дастурига киритилган.

Мисол учун, бизнинг ҳамюртимиз мерган Зебопошшо Ғаниева Иккинчи жаҳон уруши даврида 129 фашистни ўлдирган ва кўпгина мукофотлар билан тақдирланган. Ундан ташқари, 1943 йилда Сталинград урушида бир неча соат ичида совет мерганлари 100 га яқин фашистни ўлдирган.

Бугунги даврда мерганлик замонавий технологияларнинг такомиллашуви билан уйғун ривожланмоқда. Хусусан, мерганларнинг қуроллари ихчамлиги, отиш самарадорлигининг ошиши, оптик мосламаларнинг бир неча марта катталаштиришга эришилиши, масофани ўлчайдиган лазер мосламалари билан жиҳозланиши ва бошқа жиҳатларга боғлиқ. Мерганларни ўқитиш, уларнинг кийим-кечаклари ҳамда ниқобланиш усуллари такомиллашиб бормоқда, ундан ташқари мерганларнинг руҳий тайёргарлигига ҳам катта эътибор қаратилмоқда.

Мутахассислар замонавий жанговар ҳаракатларда мерганларнинг 80 фоизи руҳий таъсир кўрсатади, 20 фоизигина жисмоний ўлдириши мумкин, деб таъкидламоқда. Яна шуни айтиш лозимки, мерганлар жанг майдонидаги вазиятни тубдан ўзгартириб, керакли нуқтани қўйиши мумкин.

Подполковник

Фурқат ЮЛДАШЕВ,

Қуролли Кучлар академияси

Қуролланиш ва отиш кафедраси катта ўқитувчиси

Информеры