Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 февралдаги Қарори билан муддатли ҳарбий хизматга чақирув муддати ўзгарди

МАЪНАВИЙ ҚАРЗДОРЛИК ВА ​ОРЗУ БИРЛИГИ

«Миллий руҳ онгимиз ва қалбимиздаги умумруҳнинг ўзаги, таянчи, жозибасидир», дейди суҳбатдошим. «Фикрлашида, яшаш шароитида  миллий руҳнинг устунлиги сезилиб турадиган, шарқона қадрият ва анъаналарга эҳтироми,  ҳурмати баланд  инсонлар онгидаги юксаклик, қалб гўзаллиги демакки, бежиз эмас», хаёлимдан шундай фикр ўтади. Аслида шиддат билан ривожланаётган техника асрида миллий руҳни, миллий ўзликни сақлаб қолиш қанчалик муҳим? Бу борада адабиёт ва санъатнинг вазифаси нимадан иборат? Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, филология фанлари доктори Хуршид Дўстмуҳаммад билан суҳбатимиз айнан шу каби саволлар доирасида бўлди.

– Келинг, сўзни инсон – руҳ – тана тушунчаларидан бошлайлик. Тафаккури, ақл-идроки  жойида бўлган одам боласи борки, унинг вужудида руҳ бўлмай, иложи йўқ. Фақат ҳамма гап унинг «миқдори»да. Руҳнинг миқдори, вазни бўлиши мумкинми? Мумкин, лекин у бирор-бир оғирлик ўлчовида ҳисоб-китоб қилинмайди. У – одамнинг инсоний фазилатларида, хатти-ҳаракатларида, ҳаётий мақсад-маслакларида, орзу-ҳавасларида, борингки, кундалик турмушида акс этади. Чунки ҳар бандани ­ТИРИК ИНСОН сифатида тутиб турувчи асос  жисм ва руҳдир!

Жисм руҳга бўйсунади, яъни руҳ ақл билан ҳамкорликда инсонни бошқаради, йўлга солади. Бошқачароқ айтсак, ақл олға бошласа, руҳ тўғри йўлни кўрсатиб туради. Руҳнинг заифлиги ақлнинг заифлашувига ёки кемтиклигига олиб келади. Тушунган одам учун фикрни янаям чуқурлаштиришнинг ҳожати йўқ деб ўйлайман.

Миллий руҳ онгимиз ва қалбимиздаги умумруҳнинг ўзаги, таянчи, жозибасидир. Қудратли халоскоридир. Қандай қилиб? Ҳаётда инсон турли ҳолатларга тушиши табиий. Жумладан, умидсизликка мубтало бўлади, тубанлик гирдобидан чиқиб кетолмайди. Айни шундай лаҳзаларда унга ўзидаги руҳий куч-қувват мададга етиб келади, хусусан, миллий руҳ тушкунликдан халос этади. Ахир унинг қалбига, шуурига миллий кайфият, миллий муҳит руҳидан кўра ЯҚИНРОҚ бошқа юпанч, мададкор йўқ-да!

Бу борада адабиёт ва санъатнинг мўъжизакор вазифаси ниҳоятда улкан! Биргина ўхшатиб топилган ўзбекона ибора, ўзбекона мутойиба, ўзбекона оҳанг дили хуфтон бўлиб турган ҳар қандай ўзбекнинг дунёсини чароғон қилиб юборишга қодир. «Ўткан кунлар» романи, «Маҳаллада дув-дув гап» фильми сингари яхлит асарлар ҳар қандай ўзбекнинг дилини яйратиб-яшнатиб юборишининг боиси ҳам шунда. Дили яйраган одамдан бахтиёрроқ ким бор ахир?!

Тарих китобида «эллинлаштириш» иштибоҳига кўзим тушган эди. Қадимги юнон мамлакатига оид бўлган ушбу сўзнинг моҳияти юнон маданиятини ер юзига сингдиришдан иборат. Худди «оммавий маданият» каби. Сизнингча, ижодкор инсон маънавиятига нималарни олиб кириши, тарғиб қилиши керак?

– Инсоният тарихида у ёки бу маслакни ўзга халқлар онгига сингдириш, шу орқали дунёни ишғол этишга уринишлар кўп бўлган. Айни замонда «оммавий маданият» деб аталмоқда ўшандай уринишлардан бири. Моҳиятан оммавий маданиятсизлик назарда тутилган мазкур оқим билан боғлиқ айрим маълумотлар ташвишлантирмай иложи йўқ одамни. Бироқ масалага бошқачароқ нуқтаи назардан ёндашилса, глобаллашув замонида яшаётганимизни, бу жараённинг ҳеч кимга, ҳеч қандай кучга бўйсунмас қудратга эгалигини унутмасликка мажбурмиз. Жуғрофий чегаралар дахлсизлиги табиий, лекин ахборот оқими учун чегара йўқ ҳисоби. Бу – бир. Иккинчидан, аҳолининг дунё бўйлаб кўчманчилиги (миграцияси) авж олган бир пайтда ким қайси маданиятдан озуқа олаётганини назорат қилиш жуда-жуда қийин. Ҳатто ёшу кексаларимиз қайси маданиятдан озуқа (мадад, куч-қувват) олаётганини ўзи ҳам билмай қолмоқда.

Бундай шароитда ижодкорлар қаёққа қарашмоқда? Очиғини айтадиган бўлсам, бизга замондош ижодкорларнинг бошида ҳам бор бу муаммо, бу ғавғо. Гап шундаки, ҳар қандай миллий бадиий тафаккурнинг ривожи, равнақи жаҳон адабиёти тажрибалари билан тенгма-тенг яшашни, нафас олишни тақозо этади. Бадиий адабиёт бўладими, мусиқа, кино ё театр бўладими, миллий-маҳаллий биқиқлик шароитида юксала олмайди. Ижодкорнинг шахси, услуби, маҳорати худди шу ўринда катта ва жиддий синовга дуч келади: унинг изланишлари ва ютуқлари миллий руҳни бой бериш эвазига бўлмаслиги керак! Акс ҳолда у ҳавода муаллақ-бетайин ҳолатга тушади. Бундай ҳолатдаги ижод эса кенг омманинг қалбини забт этишга, унинг руҳий-маънавий интеллектуал дунёсини бойитишга ожизлик қилади. Ютуққа эришган тақдирда ҳам узоққа бормайди.

– Инсон қачон ўзини ватанпарвар санаши мумкин? Бу маънавий ва жисмоний тўсиқлар енгиб ўтилиши билан боғлиқми? Сизнингча, биз енгилроқ ва сунъийроқ қарашга одатланган ушбу сўз қанчалик чуқур маъно касб этади?

– «Ватанпарварлик» сўзи аслида руҳий, маънавий, маърифий тушунча. Соф ахлоқий тушунча. Бизда, айниқса, матбуот дунёимизда у сиёсий категория даражасига кўтариб юборилган. Бу борада «ҳормай-толмай» меҳнат қилаётган шоирларимиз, қўшиқчиларимиз, мусиқачиларимиз, журналистларимиз етарли. Ватан муҳофазаси, дахлсизлиги, манфаатлари нуқтаи назаридан бунинг зарарли жойи йўқ, аммо-лекин кенг омманинг тушунчасидан келиб чиқилса, бизда сиёсийлашган ақидаларга атайин рўйхуш бермаслик одати шаклланган. Ватанпарварлик туйғусига урғу берилаётгани сезилдими, унга истеҳзо назари билан қаралади.

Бу борадаги юзакичилик ва сунъийликдан қутулишнинг бирдан-бир чораси – самимийлик! Бадиий ижоднинг жону дили – самимийлик! Газетхонлар мени маъзур тутсинлар, ҳатто «Она» сўзини ҳам сийқалаштириб юборишдан эҳтиёт бўлмоғимиз керак, жумладан, «Она Ватан» иборасини ҳам. Тасаввур қилайлик, Жанубий Американинг энг жануб океанларидан бирининг соҳилига йиғилиб қолган бир гуруҳ ватандошларимиз бугунги Ўзбекистонимиздаги ўзгаришлар, улардан кутилаётган самаралар ҳақида ҳаяжонланиб, гурунглашиб ўтиришибди. Баланд­парвоз сўз тилга олинмаяпти, ҳар ким дилидагини ғоятда самимият билан тилига чиқармоқда. Ўша ерда Ўзбекистон руҳи, кайфияти, керак бўлса, манфаати қалқиб турибди. Айтмоқчиманки, шу сингари соф ўзбекона Ватан туйғуси курраи арзнинг жуда кўп пучмоқларида кезиб юрибди. Ўзбек қонидаги ватанпарварлик иммунитетини ҳеч қандай шароитда бой бермайди, мен бунга ишонаман!

– Айтингчи, инсон ўқишдан, изланишдан тўхтаса, биологик жонзотга айланиб қолиши мумкинми?

– Инсон биологик мавжудот ҳолатида дунёга келади. Ҳали унда онг, тафаккур, идрок шаклланмаган. Ҳали ҳеч нарсани ўқимаган, уқмаган. Дунёни тафаккур ила англай бошлаши билан ижтимоий жонзотга айлана боради. Ижтимоий индивидга айланишни Шарқ фалсафасида комиллик деб тушунтирилади. Бу жараён шу қадар адоқсиз давом этадики, бир асрдан ортиқ яшамайсанми банда, сўнгги нафасга қадар ижтимоийлашув – комиллик сари бошловчи йўлнинг адоғи кўринмайди. Ҳаётнинг инсон англаб етолмаётган синоатларидан бири ҳам шунда!

Яна кўндаланг ва қалтис савол туғилади: ким ижтимоийлашув, яъни комиллик поғонасининг қайси босқичида деб ҳисоблайди ўзини?

Бу савол билан ҳар ким ўзини ҳамиша тергаб, сўроққа тутиб туриши, яширмай-нетмай жавобларини ўзи учун аниқлаштириб бориши жуда-жуда муҳим. Муборак ҳадиси шарифда айтилади, сени ўзгалар сўроққа тутгунларига қадар ўзингни ўзинг сўроққа тутгил, тафтиш қилгил!  Бунга одатланган киши асло ютқазмайди!..

– Толстой: – ярат, – деган эди. Жамиятимиз учун ижод аҳли ва маънавият тарғиботчилари нималарни топиши, яратиши керак? Маънавий қарздорлигимиз ҳақида тўхталсангиз?

– Ижод кишиси зиммасидаги маънавий қарздорлик юкини бирон дақиқа унутмаслиги лозим. Ахир ҳар қандай ижод намунаси маълум маънода бошқаларни тарбияловчи, дидини нозиклаштирувчи, иродасини мустаҳкамловчи кучи билан таъсир кўрсатади. Шахсан ўзим халқимизнинг миллий менталитети ҳақида кўп ўйлайман. Тўғри, менталитет жуда секинлик билан янгиланадиган тушунча, туйғу. Глобаллашув жараёнлари мутлақо кутилмаган «андаза»даги авлод вакилларини етиштириб чиқармоқда. Бундан бизнинг ёш авлод ҳам мустасно эмас. Бу алоҳида муаммо. Менталитет деганда эса мен – миллий ўзак, миллий умуртқа, миллий тақдирни ва ниҳоят миллий истиқболни назарда тутмоқдаман.  Инглиз, француз, ирланд, швед, немис, япон, хитой миллатига хос ибратли фазилатлар кўп тилга олинади. Ҳавас қиласан, киши. Мен бир қаламкаш зиёли сифатида ўзбек халқининг дунёга интеллектуал, меҳнаткаш, бағрикенг, изланувчан, вақтнинг қадрига етувчан, зукко, лафзига содиқ, бир сўзли, жўмард ва албатта, ВАТАНПАРВАР халқ сифатида танилишини жуда-жуда орзу қиламан. Ижодкор зиммасидаги маънавий қарздорлик ва эзгу орзу айни шу нуқтада туташади, бирлашади, қудратли  мақсад-маслакка айланади.

– Самимий суҳбатингиз учун ташаккур. 

Гулнора ҲОЖИМУРОДОВА

суҳбатлашди.

Информеры