2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ОДАМ ва ТОШ

У бўлмаганида ёвузлик заиф тортарди.

У бўлмаганида эзгулик мудрамасди.

 

Қурол

Қурол – сени ер курраси аҳли яхши танийди. Сен коинотдаги энг ажойиб ер сайёраси ва унинг бағридаги тириклик кўксида сон-саноқсиз оғриқли излар қолдирдинг. Улар чандиқдай кўримсиз, душман каби ёқимсиз! Сени қўлларга тутқазган нафс, қотилликка ундаган ҳам нафс! Ҳеч тўймайдиган, ёрилиб кетса ҳам еяверадиган худди шу нафсдир! Лекин шундай гўзалликлар ҳам бор, улар нафсга қарши минг йиллар давомида курашиб келади ва улар ҳам қўлларига қурол олишга мажбурдирлар. У ордир, у номусдир, у шарафдир!

Эски саҳифадаги сатрлар

Ғунча япроқлари очилишни бошлаганида заминда яна бир ҳаёт уйғонаётган бўлади. Биринчи япроқ ибтидо бўлса, сўнгиси унинг интиҳоси! Ибтидо ва интиҳо фақат ушбу саҳифада очилишга уринаётган ғунчага тегишли сўзлар эмас. Бу дунёга нима келса, унинг бошланиши ҳам бўлган, интиҳоси ҳам бўлади.

Жуда қадим замонларда кимдир уни биринчи бўлиб ердан кўтарган. У тошни қўлига олган ва ўйлаганини бажарган. Ким ё ниманидир йўқ қилиш, ҳимояланиш ёки шунчаки эрмак учунми, бу аён эмас. Маълум бўлгани – жойидан қўзғатилган ўша тош тириклик кушандасига айланди. Унинг тиғли парчалари ҳануз азиз жонларга аёвсиз қадалмоқда. Агар у эрмак учун олинган бўлса, саноқсиз юракларни минглаб йиллардан бери мазах қилиб келмоқда. Ҳозирга қадар унинг парчалари ерга, вайрон қилиб, қалбларга тушмоқда. Ўша парчаларни биз ҚУРОЛ деб атаймиз!

Одам ва тош ҳақидаги ҳикоят

Қадимги ривоятлардан бирида айтилишича, Иброҳим алайҳиссалом инсонлар орасида биринчи тош отган одам экан. Бу тош шайтонни одамдан узоқлаштириш учун отилган эди. Одамга отилган биринчи тошни эса ҳатто, кўҳна ривоятларнинг ҳам ҳеч бири айта олмайди.

Мудроқ ва Уйғоқ

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар Давлат музейи шу парчалар тириклик кўксида қолдирган оғриқли жароҳатлардан сўзлайди. Бу жароҳатлар бир эмас...саноғига етиш имконсиз.

Инсон бирдамликни ўргана олмади. Ҳасадни ҳавасдан устун қўйди. Нафс ўз устидан ҳукмрон бўлишига йўл берди. Бас, ҳатто «одам» сўзи ўз қалбида ҳадик, хавотир уйғотадиган бўлди. Уммонлардаги улкан кит балиқлар, ҳайвонлар қироли арслонлар ва ҳатто афсонавий аждаҳолар ҳам ердаги ҳаётга одамчалик хавф сола олмайди.

Ойнаванд қутига кўргазма учун жойлаштириб қўйилган биргина шу тош сабаб томошабин дунёсида ақлга сиғмайдиган хотиралар уйғона бошлайди. Ўтмишнинг кўплаб воқеа­лари қуроллар кўринишида музейлардан жой олиб турибди. Ўша оддий тош бора-бора камон ўқи, найза тиғи, милтиқ ва замбаракнинг оловли ўқига айланди. Одам боласи чалғиди... Қалби заифлар дунёни булғадилар, қотил қуролларни яратдилар.

Одамзотнинг қурол билан бирга бошидан кечиргани лавҳалари дунё музейларида сукунатга чўмиб турибди. Ташқаридан қараганда шундай...

Музей тарихни жонлантиришга хизмат қилувчи маскан. У инсон ўзлиги тарихини намойиш этади. Бу нега керак? Бундан мақсад нима?

Фаҳмлаган бўлсанг, сабаби жуда оддий – сабоқ! Бир умидбахш тўғри йўл. Чунки ҳали имкон бор. Биз инсонлар эгри йўлда жуда узоқ юрдик. Унинг интиҳоси анча кечикиб қолди. Қадамларимизни тўғри йўл томонга босишимизга ҳали ҳам имкон бордек. Сўнгги нафасимиз фақат тўғри йўлда чиқиши керак. Шуларни англаб етишинг, ўтмишдан тўғри сабоқ олишингда музей бир олий устоздир.

Қуроллар... қуроллар... Уларнинг барчасига эътиборсиз, юзакигина қараш ҳали ҳам уйқуда эканингдан дарак. Яхшиси уйғониб кейин кел, шунда бу маскандан қуруқ қайтмайсан!

Шундай деб айт...

Ўзбекистон Қуролли Кучлар Давлат музейида бутун бир миллат ўтмиши жонланади. У ҳам юраклардан мудроқни ҳайдайди. Жамият ҳамиша уйғоқ юракларга муҳтождир. Бу музейни юрт ва элнинг узоқ ўтмишдаги дардлари тўлдириб турибди. Томошабин билан юзлашадиган ҳар бир лавҳа шараф, изтироб, жасоратдан пичирлаб, сўз айтади. Тушунишга уриниб кўрмоқчи бўлсанг, илтимос, шунчаки қарама. Бирдан гапирма, ёнингдаги фарзандингга «ана, Жумонгнинг қиличи» деб айтма! Балки «Осуда ҳаётинга меҳнати синган, бир жасорат рамзи бўлган бобонгнинг қиличи бу», дегин. Бу қилични – ору номусни, Ватанини, сени ҳимоя қилиш учун тутганини айт.

Уни танийсанми, деб сўра. Ва ўйла, сен ўзинг танийсанми уни? Аждодларимиздаги жасорат, мардлик, тантилик, тўғрисўзлик, ирода, қалби бутунлик фазилатлари ўзингда бормикан! Ўша қиличга боққанингда, ўзинг қандай ҳисни туйдинг? Юрагингда нимадир «жиз» этдими?

Музейда сен билмоқчи бўлган барча нарса бор. Бу маконга ибтидоий даврдан ҳозирги кунгача бўлган тарих кўҳна қўшинларнинг бир илғор қисми каби қур ташлаган.

Учи ўткирланган тош қуроллар, ёғочдан ясалган найзалар, ривож­ланиш давомида яратилган темир пичоқ, ханжарлар музейнинг учинчи қаватида сени кутяпти. Улар ҳар куни эмас, ҳар соат эмас, балки ҳар лаҳза ўз тарихини шивирлайди. «Чақмоқтош қуроллар. Милоддан олдинги 6-5 мингинчи йиллар. Палеолит даври». «Тош, ўткир найза учи. Эниолит даври...»

Нигоҳингизни уларга берсангиз, савол ва ҳайрат ичра қоласиз. Чунки тарих тасаввурга осонгина сиғмайди.

Замонларни ошиб ўтган сўзлар

Бу менинг музейда олган биринчи сабоғимнинг кичик бир бўлаги. Бу дарс балки ҳар кимда ҳар хил кечар. Аммо воқеа, қаҳрамонлар ўзгармайди. Ҳар сафар ойнаванд кўргазма қути олдидан ўтаётганимда тошлар пичирини эшитаман. Улар ҳар гал бошқа ҳикояни сўзлаётган бўлади. Ўтмиш сўзларини ҳеч ким тошлардан ўтказиб, гапира олмаса керак.

Одам ва тош ҳикояси жуда узоқ ўтмишдан келди. У сенга айтади: «Қўлинга тош олма, сен инсонсан-ку, атрофингга қара, бутун тирикликни кўрасан. Хоҳ у қуш бўлсин ё инсон, у хоҳ дарахт ёки сув. Уларнинг барчасида тириклик туғини тутган, яшамоқ ноғорасин ураётган жон бор. Уларнинг ҳеч бири оғриққа, хунук бир манзарага, азобу ҳақоратга лойиқ эмас. Лойиқ бўлгани нафс ва унинг издошлари. Тош тиғларига фақат улар лойиқдирлар. Тошни жойига қўй, ўзингга қўшиб, уни ҳам гуноҳкор этма!»

Одам ва тош воқеаси шу тариқа ҳануз давом этмоқда.

Зулайҳо КЕНЖАЕВА,

Қуролли Кучлар Давлат

музейи ходими.

Информеры