2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ЎЗБЕКИСТОН МУДОФАА ВАЗИРЛИГИ ОЛИЙ ҲАРБИЙ ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИГА

ЁШЛАРНИ САРАЛАШ БОШЛАНДИ

Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазирининг буйруғи билан 2019 йилда олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга кириш истагида бўлган ёшларни саралаш бўйича қабул комиссияси ташкил этилди.

Мудофаа вазирлиги олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга киришни истаган номзодларни саралаш ишлари Ўзбекистон Президентининг 2006 йил 14 январдаги ПҚ-257-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан ҳарбий хизматни ўташ ҳамда мудофаа вазирининг 2015 йил 2 февралдаги 72-сонли буйруғи билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ олиб борилади.

Олий ҳарбий таълим муассасаларига номзодларни саралаш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

• ҳарбий-профессионал йўналиш;

• дастлабки танлаш;

• ҳарбий-профессионал танлаш;

• тест синовларини назарда тутувчи комплекс босқичма-босқич танлаш.

Номзодлар икки босқичда якуний тиббий кўрикдан ўтказилади. Биринчи босқич 2018 йилгача таҳсил олган ҳамда шу йилнинг ўзида касб-ҳунар коллежларини тамомлаган ёшларни, иккинчи босқичда эса 2019 йил битирувчиларини чақириш ишлари якунланиши кўзда тутилган. Биринчи босқич 2019 йил 15 июнь, иккинчи босқич эса 2019 йил 25 июнь куни якунланади.

2019 йилда номзодлар Мудофаа вазирлигининг қуйидаги олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинади:

1. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академияси (Тошкент ш.);

2. Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти (Чирчиқ ш.);

3. Ўзбекистон олий ҳарбий авиация билим юрти (Жиззах ш.);

4. Мудофаа вазирлиги Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институти (Тошкент ш.).

Олий ҳарбий таълим муассасаларига қабул қилиш танлов, тенг ҳуқуқлилик ва қабул қилишнинг ягона қоидалари асосида амалга оширилади.

Номзодлар уч тил – ўзбек, қорақалпоқ ва рус тилларидан бирини танлаган ҳолда тест синовлари топширадилар.

 

ЎҚИШГА КИРИШ УЧУН ҚАНДАЙ ҲУЖЖАТЛАР ЗАРУР?

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга киришни хоҳлаган номзодлар томонидан туман мудофаа ишлари бўлимларига қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

• ариза (билдирги);

• паспорт нусхаси;

• туғилганлик ҳақида гувоҳнома нусхаси;

• чақирилувчининг қайд этилганлиги тўғрисидаги гувоҳномаси ёки ҳарбий гувоҳнома;

• номзод томонидан қўлда ёки компьютерда ёзилган таржимаи ҳол;

• анкета (тўлдирилган ҳолатда);

•  ўқиш, иш (хизматни ўташ) агар ўқиётган ёки ишлаётган (хизматни ўтаётган) бўлса ўша жойдан маълумотнома;

• ота-онасининг иш жойидан маълумотнома (агар ишлаётган бўлса);

• ота-онасидан фарзандининг олий ҳарбий таълим муассасасига ўқишга киришига розилик хати;

• маълумоти тўғрисидаги (умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар) ҳужжатлар (асли ва нусхаси) ҳамда рейтинг дафтарчаси (баҳолар табели) нусхаси;

• олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга киришда имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар (асли ва нусхаси);

• яқин қариндошлар орасида вафот этганлар бўлса, уларнинг ўлим ҳақида гувоҳномасининг нусхаси;

• 3х4 см ўлчамдаги 6 та фотосурат (бош кийимсиз ва бурчаксиз) ҳамда 4,5х6 см ўлчамдаги 4 та фотосурат (бош кийимсиз);

• номзоднинг яшаш жойидаги ҳудудий ички ишлар органидан жиноий жавобгарликка тортилмаганлиги ва судланмаганлиги тўғрисидаги маълумотнома (контракт бўйича ҳарбий хизматчилар мазкур маълумотномани тақдим қилиши талаб этилмайди).

Аниқлик киритиш учун номзоддан қўшимча равишда зарур ҳужжатлар ва маълумотлар талаб қилиниши ёки тегишли ташкилотлардан сўраб олиниши мумкин.

Номзодлар томонидан ҳужжатларни тақдим этишда паспорт, туғилганлик ҳақида гувоҳнома, чақирилувчининг қайд этилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ёхуд чақирилувчининг ҳарбий гувоҳномаси шахсан кўрсатилади.

Олий ҳарбий таълим муассасасининг қабул комиссияси номзодлар белгиланган қоидаларга, ҳарбий ва хизмат интизомига риоя қилмаган тақдирда уларни ўқишга қабул қилиш бўйича танлашнинг исталган босқичида четлатиш ҳуқуқига эга.

НОМЗОДЛАРГА ҚЎЙИЛГАН ТАЛАБЛАР

Олий ҳарбий таълим муассасаларида ўқиш истагини билдирган 17 ёшдан 21 ёшгача бўлган (ўқишга қабул қилинган йили 17 ёшга тўладиган) фуқаролар, шунингдек, 18 ёшдан 25 ёшгача бўлган ҳарбий хизматчилар (ҳарбий хизматни ўтаган ёки ўтаётган йигитлар) ҳужжат топширишлари мумкин.

Номзодларнинг жисмоний тайёргарлиги қуйидаги мезонлар бўйича баҳоланади:

1. Турникда тортилиш машқи фуқаро ёшлар учун:

• 12 маротаба – «аъло»; 

• 10-11 маротаба – «яхши»;

• 8-9 маротаба тортилганда – «қониқарли».

Ҳарбий хизматчилар учун:

• 14 ва ундан купроқ маротаба – «аъло»;

• 12-13 маротаба – «яхши»;

• 10-11 маротаба – «қониқарли».

2. 100 метрга югуриш машқи фуқаро ёшлар учун

• 14,0 секунд – «аъло»;

• 14,1-14,4 секунд – «яхши»;

• 14,5-15,0 секунд – «қониқарли».

 Ҳарбий хизматчилар учун:

14,0 секунд – «аъло»;

14,1-14,4 секунд – «яхши»;

14,5-15,2 секунд – «қониқарли».

3. 3000 метрга югуриш машқи фуқаро ёшлар учун:

12,40 минут – «аъло»;

12,40 -13,20 минут – «яхши»;

13,20 минутдан кўп, аммо 14,0 дақиқагача бажарилганда – «қониқарли».

Ҳарбий хизматчилар учун:

12,40 минут – «аъло»;

12,40-13,0 минут – «яхши»;

13,0-13,35 минут – «қониқарли».

Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Информеры