Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 февралдаги Қарори билан муддатли ҳарбий хизматга чақирув муддати ўзгарди

АУТСОРСИНГ ТИЗИМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ

Қуролли Кучлар академиясида озиқ-овқат таъминотида аутсорсинг тизими сифатини такомиллаштириш, фикр алмашиш, соҳадаги долзарб муаммоларни ўрганиш ва мутахассислар иштирокида мавжуд масалаларни ҳал этишга қаратилган илмий семинар ўтказилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 24 ноябрдаги қарорига асосан, ҳозирги кунда Мудофаа вазирлиги қўшинларида озиқ-овқат таъминоти йўналишида мутлақ янги – аутсорсинг тизими жорий этилди.

Бу, албатта, биринчи галда ҳарбий хизматчиларнинг сифатли ва хилма-хил озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланиши, шунингдек, қўшимча иш ўринлари очилишида ҳам айни муддао бўлди. Хусусан, биргина Қуролли Кучлар академиясини оладиган бўлсак, мазкур даргоҳда йўлга қўйилган аутсорсинг тизими орқали 80 нафар киши иш билан таъминланди.

– Дунё мамлакатлари Қуролли Кучлари тизимини ўрганадиган бўлсак, ҳарбий хизматчиларни сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш энг кўп эътибор қаратилаётган жиҳатлардан бири эканлигини кўриш мумкин, – дейди Қуролли Кучлар академияси фронт орти таъминоти кафедраси катта ўқитувчиси подполковник Азизбек Қаршиев. – Шундан келиб чиқадиган бўлсак, бизда ҳали янги дея эътироф этилаётган мазкур тизим такомили учун бажаришимиз лозим бўлган вазифалар талай. Бугунги илмий семинар ҳам айнан ўша долзарб масалаларга қаратилгани билан ҳам аҳамиятлидир.

Аутсорсинг тизими Мудофаа вазирлиги қўшинларидаги ҳар бир ҳарбий хизматчининг ўз хизмат вазифасини тўлақонли бажариши учун қулайлик яратмоқда. Академиянинг 4-босқич курсанти Беҳзод Эшоновнинг айтишича, авваллари ошхона нарядига тушган курсантлар дарс ва амалий машғулотларга киришиб кетишда бироз қийналган. Курсантлар ҳаётидаги бу каби муаммолар бугун бутунлай бартараф этилди.  

Ўзаро фикр алмашиш ва муаммоларни биргаликда ҳал этишга қаратилган мазкур илмий анжуманда тизим фаолиятини янада яхшилашга қаратилган кўплаб таклиф ва тавсиялар берилди.

И. НУРАЛИЕВ

Информеры