2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

КИТОБ – БАЙРАМГА СОВҒА

Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат марказида ташкил этилган китоб савдоси ярмаркаси доирасида «Китоб – байрамга совға» номли акция ўтказилди. 8 март – Халқаро хотин-қизлар байрамига бағишланган тадбирда ҳарбий хизматчилар ва Қуролли Кучларимиз хизматчилари фаол иштирок этиб, айёмга совға сифатида оила аъзолари, қавму қариндошлари, ҳамкасблари учун энг сара китоб­ларни ҳарид қилишди.

– Тарбиявий ва мафкуравий ишлар органи офицери сифатида шахсий таркибга доим кўпроқ адабиёт мутолаа қилиш ҳақида уқтирамиз, маънавий-маърифий, интеллектуал тадбирлар ўтказамиз, – дейди майор Лочин Расулов. – Зеро, китоб доноликни сингдириш қуролидир. Ушбу қуролдан тўғри ва унумли фойдаланишни билиш керак. Акция давомида ҳар биримиз меҳрибон оналаримиз, жонкуяр опа-сингилларимиз, севимли ёрларимиз учун ажойиб совғалар ҳозирладик. Сюрпризимиз уларга маъқул келишига ишонамиз.

Илмдан яхшироқ хазина, китобдан яхшироқ дўст йўқ, дейишади. Шунинг учун ҳам билим олишга киритилган сармоя энг фойдалиси ҳисобланади. Китобни сўроқсиз олиш, қайтариб бермаслик борасида «китоб ўғирлиги ўғирлик эмас», дегувчилар ҳам бор. Баҳсли ҳолат. Аммо китобнинг бебаҳо бойлик, қимматли совға экани ҳақидаги фикрларга қўшилмасдан илож йуқ. Яқинларимизга энг сарасини, бебаҳосини илинайлик!

Полковник Искандар МАЛЛАЕВ

Информеры