2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

МУҚАДДАС БУРЧ САРИ ТАШЛАНДИ ҚАДАМ

Хабарингиз бор, Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг муддатли ҳарбий хизматни ўташ тартибини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилиниб, жойларда чақирув ёшидаги фуқароларни миллий армиямиз сафларига тантанали кузатиш маросимлари бўлиб ўтмоқда.

Тошкент шаҳар мудофаа ишлари бошқармаси йиғин пунктида галдаги йигитларни муддатли ҳарбий хизматга кузатиш маросимида иштирок этиш ва бўлғуси Ватан ҳимоячилари билан суҳбатлашиш мақсадида тадбир бошланишидан бироз аввалроқ бордик. Тошкент шаҳар мудофаа ишлари бошқармаси йиғин пункти ҳовлисида эгнига ҳарбий либос кийган, ҳарбий сафнинг ўзлари иштирокидаги илк намунасини «яратиб» турган йигитлар кўзингизга иссиқ кўринади. Уларга яқинлашар эканмиз, «Ростлан!» буйруғини ўзлари учун кашф этганини сездик. Айниқса, йигитларнинг масъул офицерларга «ўртоқ капитан», «ўртоқ майор», «ўртоқ...» дея мурожаат эта бошлагани уларнинг ҳарбий хизматга бўлган иштиёқини яққол намоён этиб турибди.

Тантанали кузатув маросимида давлат ва жамоат ташкилоти вакиллари, Тошкент шаҳар мудофаа ишлари бошқармаси офицерлари, нафақадаги ҳарбий хизматчилар, ёшлар ва муқаддас бурчини ўташга шайланган йигитларнинг ота-оналари қатнашди.

– Акаларимга ҳавас қилиб ҳарбий хизматга йўл оляпман, – дейди чақирилувчи Баҳром Эшмуродов. – Лицейда ўқиб юрган пайтимизда бир неча бор ҳарбий қисмларда бўлиб, Ватан ҳимоячиларининг ҳаёти билан яқиндан танишган эдик. Бундан ташқари, юртимиз бўйлаб кенг нишонланган Ватан ҳимоячилари куни, турли байрам ва саналар муносабати билан бўлиб ўтган тантаналарда кўргазмали чиқишлари билан иштирок этган ҳарбийларни кўриб, бу касбга меҳрим ошганди. Бугун шу орзуимга етиш арафасида турибман. Қолаверса, Ватан ҳимоясидек муқаддас бурчни адо этишга отланаётганим билан фахрланаман.

Кузатув маросимида иштирок этган истеъфодаги генерал-майор Раҳматилло Отахонов ва Мудофаа вазирлиги Фахрийлар ишлари бўйича Тошкент шаҳар кенгаши раиси, истеъфодаги полковник Ботиржон Аҳмедходжаев миллий армиямиз сафига қўшилаётган йигитларга ўзларининг касбий ва ҳаётий тажрибаларидан мисоллар айтиб берди.

Исломжон ҚЎЧҚОРОВ

 

 ЗАБТ ЭТИЛГАН ДОВОН

Хоразм вилояти мудофаа ишлари бошқармаси йиғин пунктида ҳам чақирилувчиларни муддатли ҳарбий хизматга кузатиш маросими бўлиб ўтди.

– Армияда хизмат қилишни орзу қилардим. Бугун ўз ниятимга етдим ва конституциявий бурчимни ўташга, Ватанимни ҳимоя қилишдек масъулиятли вазифани адо этишга отланяпман, – дейди чақирилувчи Темур Раҳматуллаев. – Талабалик йилларим ортда қолди. Энди энг масъулиятли ва шарафли аскарлик хизматида тобланмоқчиман. Аниқ биламанки, миллий армиямиз сафларида орттириладиган сабоқ ва кўникмалар, унутилмас таассуротлар келгуси фаолиятимда, умуман оланда ҳаётимда жуда асқатади.

Ҳарбий хизмат шунчаки мажбурият эмас, мақсаддир. Ҳарбий либос кийиш эса ҳавас эмас, орзудир. Ҳар бир чақирилувчи яхши биладики, фақат ақлий салоҳияти юксак, руҳий ва жисмоний тайёргарлик даражаси белгиланган талабларга жавоб берувчи номзодгина Қуролли Кучларимиз сафларидан ўрин эгаллайди. Демак, саралар сафидан жой олишдек довонни забт этиш уларга насиб этди.

Низомиддий МАТЁҚУБОВ

 

 ҚУТЛУҒ ЙЎЛГА ОТЛАНДИЛАР

Сирдарё вилояти мудофаа ишлар бошқармаси йиғин пунктида ҳам муддатли ҳарбий хизматга лойиқ топилган йигитларни Қуролли Кучлар сафларига кузатиш тантанаси бўлиб ўтди. Унда ҳарбий хизматчилар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда чақирилувчиларнинг ота-оналари иштирок этишди.

Юрт ҳимоясига бел боғлаган навқирон ўғлонларни Сирдарё вилояти мудофаа ишлар бошқармаси бошлиғи майор Ойбек Қувватов қутлади. У ўз сўзида келажагимиз эгалари бўлган бу ёшларнинг Ватанга садоқатли, мард ва жасур юрт ҳимоячиси бўлишларида жасорат, матонат каби фазилатлар ёр бўлишини тилади.

Сафда турган йигитларни кузатиб, уларнинг ҳарбий либос ярашиб турган қадди-қомати, шижоат ёғилиб турган ҳаракатларини кўриб, қувонасиз. Албатта, қувонч ҳиссини кўпроқ ота-оналар дилдан туядилар. Бунга тантанали тадбир давомида ҳам гувоҳ бўлдик.

– Ўғлим Шомурод Ўришевни муддатли ҳарбий хизматга кузатаяпмиз, – дейди Олим Берикбаев ҳаяжон билан. – Унинг болаликдан ҳарбий касбга меҳри баланд эди. Кичкиналигида келажакда қайси касбни танлайсан, деб сўраганларга қаддини ғоз тутганча «Мен, албатта, аскар бўламан», деб жавоб берарди. Мана ниҳоят, орзуси ушаляпти. Шомурод спортчи. Кўп йиллардан буён спортнинг кураш тури билан шуғулланиб келади. Мактабда, коллежда ўқиб юрганда ҳам спорт мусобақаларида муваффақиятли иштирок этган. Ўғлим келажагини армия билан боғламоқчи. Мен ҳам, онаси ҳам унинг қарорини қўллаб-қувватлаймиз. Илоҳим, ниятига етсин. Мен Ватаним учун шундай ўғлон ўстирганимдан, ғурурланаман...

Кузатув тадбири кўтаринки руҳда ўтди. Дилрабо куй-қўшиқлар тантанага ўзгача шукуҳ бағишлади.

Подполковник Бахтиёр ХУДОЙБЕРДИЕВ,

Мирзаобод тумани мудофаа ишлари бўлими бошлиғи

Информеры