2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

КЎКДА ҚАЛҚОН, ЕРДА ПОСБОН – ДЕСАНТЧИЛАР

Шарқий ҳарбий округга қарашли десантчилар ҳарбий қисми шахсий таркиби дала-ўқув майдонида жанговар тайёргарлик машғулотларини ўтказиб, бу борадаги билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаб, тажрибаларини бойитиб боришмоқда.

Ҳам самода, ҳам ерда ўз шарафли бурчларини адо этаётган ҳарбий хизматчилар машғулотлар жараёнида янги усул ва услублардан фойдаланиб, нишонларга кундузги ва тунги ўқ отиш, жанговар машиналарни бошқариш, тактик вазифаларни бажариш каби машқларни юксак савияда олиб боришмоқда. Биз машғулотларни кузатаётган пайтимизда ҳали дала майдонидан қиш тафти кетмаган эди. Эсаётган изғиринли шамол, ҳар-ҳар замонда майдалаб ёғаётган ёмғир ҳарбий хизматчиларнинг топшириқларни пухта бажаришларига тўсқинлик қилолмасди. 

Подполковник Маҳмудхон Юсуфхонов командирлик қилаётган батальон шахсий таркиби юқори қўмондонлик томонидан қўйилган жанговар вазифани бажаришга киришдилар. Улар шартли душман жойлашган турли табиий ва сунъий тўсиқлардан иборат масофани босиб ўтиб, етиб келишди. Ҳудудда разведка ишлари ўтказилиб, командир томонидан қабул қилинган тезкор қарор асосида гуруҳлар шартли душманга қўққисдан ҳужум қилишди. Қўйилган вазифа муваффақиятли адо этилди.

Шундан сўнг ҳарбий хизматчилар ўқув жойларида нишонларга ўқ отиш, техникаларни бошқариш, ҳарбий топография, муҳандислик ва тактик тайёргарликлар бўйича билимларини синовдан ўтказишди.

Машғулотлар жараёни эътиборингизга ҳавола этилаётган фоторепортажда акс этган.

Аҳрор ОЧИЛОВ

Информеры