Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 февралдаги Қарори билан муддатли ҳарбий хизматга чақирув муддати ўзгарди

ПРЕЗИДЕНТ ҚАРШИСИДАГИ ҚАРШИЛИК ЭГИЗАКЛАР

Ҳасан ва Ҳусан Музаффаровлар муддатли ҳарбий хизматни ўташмоқда. Аскарлар билан Шимоли-ғарбий ҳарбий округга қилган хизмат сафари давомида танишиб қолдим. Эгизаклар ҳақида гап кетганда, «икки томчи сувдек бир-бирига ўхшаш», деймиз аксарият ҳолларда. Бу сафар ушбу жумлани ишлатмасликка қарор қилдим (суратни кўриб, сиз ҳам фикримга қўшилсангиз керак. Шу жойига қисқа тажриба: улардан қайси бири катта эканлигини тахмин қилиб кўринг... Бўйи каттаси – ука).

Улар билан анча суҳбатлашдим. Турли мавзуларда. Тўғриси, йигитлар анча билимдон, дунёқараши кенг экан. Ҳеч бир саволим жавобсиз қолмади. Аскарларнинг фикр-мулоҳазаларидан айримларини эътиборингизга ҳавола қилмоқчиман.

Ҳасан:

– Асли Қашқадарё вилоятининг Қарши туманиданмиз. Нукус шаҳридаги ҳарбий қисмда йигитлик бурчимизни ўтаяпмиз. Президентимиз билан ҳарбий қисмимиз ўқув биноларини кўздан кечирганида, кўришдик. Мен кутубхонада, укам эса машғулот хоналаридан бирида. Давлатимиз раҳбари сафдош дўстларим билан суҳбатлашгач, барчамиз билан сўрашиб чиқди. Эсласам, ҳали ҳам ҳаяжоним тарқамагандек. Укамдан билдимки, Президентимиз улар билан ҳам кўришибди. Тўғри, биз у киши билан тўғридан-тўғри суҳбатлашмадик. Лекин бу – уларнинг меҳрини, жонкуярлигини ҳис этишимизга тўсқинлик қилмади.

Ҳусан:

– Ҳарбий хизматни шартнома бўйича давом эттирмоқчимиз. Армияга келишдан олдин Қуролли Кучлар академиясига ўқишга киришга ҳаракат қилгандик, киролмадик. Аммо офицер бўлиш ниятидан қайтганимиз йўқ. Аскарлик ҳаётини кўрдик. Шартнома бўйича хизмат қилиб, параллель равишда олий ҳарбий таълим муассасасига ўқишга киришга тайёргарлик кўрамиз ва касбий тажрибамизни оширамиз. Тарбиявий ва мафкуравий ишлар органи офицери бўлиш – мақсадимиз.

Ҳасан:

– Нега айнан ушбу йўналишни танладик? Шахсий таркиб билан ишлашда ўзига хос ёндашувларга эътибор қаратмоқчимиз. Ҳар бир ҳарбий хизматчининг иқтидори ва маҳоратини очиб беришга, ривожлантиришга ҳаракат қиламиз. Барча офицерларга ҳам бирдек ҳавас қилишмайди. Нега? Чунки ҳамма ҳам шахсий намуна бўлишга, камчиликлари устида ишлашга интилмайди.

Ҳусан:

– Ҳарбийча ҳаёт ажойиб. Бу ерда барчаси мураккаб механизм сингари бир-бирига боғлиқ. Мен ҳам армияда муносиб ўрнимни топмоқчиман...

«Оилада сизлардан бошқа ўғил фарзанд йўқ экан. Ҳарбийлар ҳаёти билан танишсизлар. Турли гарнизонларда хизмат қилишга тўғри келади. Ота-онангизга ким қарайди?» деган синовчан саволимга қатъий жавоб олдим:

– Уларнинг розилигини олганмиз. Барчасини уддалаймиз!

Тўлқин ЖУМАНАЗАРОВ

Информеры