2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ВАТАН КОРИГА КАМАРБАСТА

Аскарликнинг ибтидоси ҳам, интиҳоси ҳам юракларни ҳаяжонга солади. Бир йил давомида жондек яқин бўлган қуролдош дўстлар ва акаларча йўл-йўриқ кўрсатган офицер-сержантлар билан хайр-хўшлашиш шунчалар мушкул... Чунки бу аскарларни дўстлик, садоқат, матонат, фидойилик ва ор-номус аталмиш муқаддас ришталар боғлаб туради...

Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртида муддатли ҳарбий хизматнинг келажакка татирлик сабоқларини сабот билан ўрганиб, йигитлик бурчини аъло даражада адо этган ўғлонларни тақдирлаш ҳамда тантанали равишда уйларига кузатиш маросими бўлиб ўтди. Шу муносабат билан олий ҳарбий таълим муассасасида шаҳардаги ўқувчи ёшлар учун очиқ эшиклар куни ҳам ўтказилди. Чирчиқ шаҳар ҳокимияти вакиллари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи шаҳар кенгаши фаоллари, ўқувчи ёшлар, олий ҳарбий таълим муассасаси шахсий таркиби иштирок этган тадбир самимий руҳда кечди.

Ҳарбий оркестр садолари остида навқирон посбонлар пешма-пеш тақдирланди.

– Муддатли ҳарбий хизматни ўташ давомида аскарларимиз қалбига ҳарбий-ватанпарварлик, Ватанни севиш, юртга ва Ҳарбий қасамёдга садоқат туйғулари сингдирилди, – дейди билим юрти бошлиғининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари подполковник Акром Шоҳакимов. – Якуний тест синовларидан муваффақиятли ўтиб, намунали хизмати билан қуролдошларига ўрнак бўлган ҳамда ўқув йили давомида маънавий-маърифий ва жисмоний тайёргарликларда яхши кўрсаткичларга эришган оддий аскарлар тавсиянома, фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Бу ўғлонларнинг аксарияти келгусида шартнома бўйича ҳарбий хизматни давом эттиришни мақсад қилган. Уларнинг Ватанимиз корига мудом камарбаста бўлишларига ишонамиз!

Шунингдек, 6 нафар аскарга хизматдан кейин тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ва имтиёзли кредитларни расмийлаштириши учун сертификатлар ҳам топширилди.

Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамбли созандалари ва хонандалари томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар аскарларни даврага чорлади. Олий ҳарбий таълим муассасаси курсантлари намойиш этган қўл жанги эса ўқувчи ёшларда ёрқин таассурот уйғотди.

– Бугун ҳаётимдаги энг унутилмас кунлардан бири, – дейди оддий аскар Муҳаммаджон Ғафуров. – Армия она юртимизнинг манфаатларини ҳимоя қилиб, унинг шаъни учун курашиб яшаш нақадар шараф эканига ўргатди. Бир йил – ўз йўлим ва келажагимни белгилаб олишим, энг муҳими, қанчалар машаққатли бўлмасин, тўғри йўлдан одимлашим учун кифоя бўлди. Арзимас хизматларим юксак баҳоланиб, тавсиянома, хизматдан сўнг хусусий тадбиркорликни бошлашим учун имтиёзли кредитга сертификат ҳамда командирларимнинг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирландим. Бу қутлуғ даргоҳда бизга устозлик қилган барча офицер ва сержантларга раҳмат айтамиз ҳамда уларнинг ишончини доимо оқлаймиз.

Улар юртимизнинг турли гўшаларига кетсалар-да, бир мақсад ва бир маслакнинг тараннумчиси сифатида халқимиз ичига сингиб кетадилар.

Алибек ОМОНТУРДИЕВ

Информеры