2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

«ХОТИРА УЙҒОНСА ГЎЗАЛДИР!»

Ватан – азиз,  жасорат – мангу!

– Ойи, ойи, айтиб беринг,

Борми менинг ҳам ўз йўлим?

– Ҳамма яхши йўллар сенинг,

Энг яхшиси сенинг, ўғлим.

Рауф ПАРФИ

Оддийгина қишлоқ уйи. Дарвозанинг ўнг томонидаги деворга жойлаштирилган сурат тагига битилган шундай ёзувни ўқиймиз: «Бу уйда «Жасорат» медали соҳиби Маъруфжон Ражабов яшаган». Бу тошлав¬ҳани Самарқанд шаҳар тиббиёт коллежи жамоаси ва ўқувчилари ўз эҳтиромлари рамзи сифатида қаҳрамоннинг хонадонига ҳадя этишган экан. Ҳозир бу уйда қаҳрамон йигитнинг ота-онаси яшайди. 

МАЪРУФЖОННИНГ БОҒИ

Октябрь ойи куз фаслининг энг тароватли палласидир. Салгина шамолдан ҳам чирт узилиб, ҳавода чирпирак айланиб ерга тушаётган япроқлар кўнгилга аллақандай маъюслик билан бирга хотиржамлик ҳам бағишлайди. Улуғвор куз сирли тараддуд оғушида. Олдинда турган қаҳратон қиш учун эмас, йўқ! Бу тараддуд баҳор учун, умидбахш баҳор учун, ҳаёт қўшиғини минглаб оҳангларда айтгувчи баҳор учун…

Булунғурда  боғ-роғлар кўп. Маъруфжоннинг боғи ҳам шу ерда жойлашган. Бу йил жуда серҳосил келди. Бешқўтонлик бола-бақранинг оёғи ҳали ҳам Маъруфжоннинг боғидан узилган эмас. 

Маъруфжоннинг боғи…  Бу боғни Аҳмад ака Ражабов ўғлининг хотирасини ёд этиб, барпо этган. «Жасорат» медали соҳиби Маъруфжон Ражабов 2000 йилда жанубий сар¬ҳадларимизга суқилиб кирмоқчи бўлган террорчи кучларга қарши курашда қаҳрамонларча ҳалок бўлган эди.

– Маъруфжоннинг боғига ўн хилдан зиёд мевали ниҳоллар эккандим, – дейди Аҳмад ака биз билан суҳбатда. – Деярли ҳаммаси мевага кирган. Маҳалланинг бола-бақраси роса яйради. Бизда боғлар атрофи деярли ўраб олинмайди. Шундай бўлса-да, ҳатто кичиклар ҳам рухсатсиз бировнинг боғига кириб кетавермайдилар. Мен эса атайлаб болаларнинг киришларига рухсат бердим. Маъруфжоннинг боғи уларнинг қувончга тўла шовқин-суронидан янада яшнасин дедим. Ўғлимнинг боғларга меҳри бўлакча эди…

ПОЛВОНЛАР  АВЛОДИ

Ҳамкасбимиз бир мақоласида «Яхши одамнинг шовқини бўлмайди» деб ёзибди. Бу сўзлар қаҳрамоннинг онаси Шакарбону опанинг ўғли ҳақидаги хотираларига ҳамоҳанг эди. «…Ўйинқароқ бўлмаган. Акаларини ҳамиша кўчадан зўрға чақириб олар эдик. У акаларининг акси эди. Маъруфжон мутолаа билан кўп банд бўларди. Жониворларни яхши кўрарди. Ўзига ўргатиб олган қир¬ғийи бўларди. Қирғий унинг мактабдан келиш вақтини биларди. Унинг эшик (дарвоза) олдида бесабр учиб-қўнишидан Маъруфжоннинг келаётганини билардик… Камсуқум эди. Акаси Тўлқинжонга (подполковник Тўлқин Ражабов) ҳавас қилди, унга эргашиб ҳарбий бўлди…»

Оналар… Ота ҳовлимизда Шарофат опа деган қўшнимиз бўлар эди. Опанинг биттагина ўғли бўлиб, у ҳам касалманд эди. Шу бола ўн олти ёшида вафот этди. Опанинг «Менинг ўғлим ўғилларнинг султони эди…» деб бўзлагани ҳамон ёдимда.

Қайғу ҳам баъзан кетма-кет келаркан. Маъруфжондан кейин кўп ўтмай синглиси Комила йигирма бир ёшида вафот этди. Улар руҳан бир-бирларига яқин эдилар. Ака синглиси учун энг аъло инсон эди. Оғасининг бевақт ўлимига унинг ёш юраги бардош бера олмади… 

Шакарбону опага ўғли Маъруфжон ҳақида саволлар беришдан ўзимни тийишга ҳаракат қиламан. Ўзи гапирса дейман. Ўртада сукунат чўкмасайди… Шу пайт биз ўтирган хонага тўққиз ёшлардаги бола кириб келади. Унинг ташрифидан барчамиз енгил тортамиз. Исми Самандар экан. Болакай келиб, бувисининг биқинига тиқилди.

Самандар оддий бола эмас. Фарзанд доғида куйган она юрагига мал¬ҳам, ота қалбига тасалли, юпанч бўлиб, дунёга келган. У қу¬йиб қуйгандек амакиси Маъруфжонга ўхшайди. «Катта бўлганимда Маъруфжон амакимга ўхшаб аскар бўламан!» дейди у ишонч билан.

– Самандарнинг озғинлигига эътибор берманг, у мактабдаги кураш тўгарагига қатнайди, – дейди опа набирасини эркалаб. – Полвон бўлмоқчи.

Уни гапга тутамиз:

– Курашда нечта болани йиқитгансан?

– Билмадим… санамаганман, – деди у бироз жимликдан сўнг.

– Сени ҳам йиқитишганми?

– …

– Униям санамаган, меҳмон, – деб кулганча набираси номидан жавоб беради бобоси.

– Бироз нимжон бўлгани учун курашга сал кейинроқ бермоқчи эдик, – дейди Аҳмад ака набираси ҳақида меҳр билан гапириб. – Аммо у кутишни истамади. Томиридаги полвонлар қони жўшиб кетган бўлса керак.

Ҳа, бу авлоднинг томирида елкаси ер искамаган полвонлар қони оқади. Аҳмад ака кураш бўйича спорт усталигига номзод.

– Асли бухоролик полвонлар авлодиданмиз, – дейди Аҳмад ака. – Отам Файзи бобо давралардан ҳеч қачон бош эгиб чиқмаганлар. Акамиз Абдусалом полвонни Бухорода яхши танийдилар. Ўғилларим ҳам курашда унча-мунча рақибга бўй бермаган. 

Мудофаага кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилотининг Булунғур тумани ўқув спорт техника клуби ҳар йили Маъруфжон Ражабов хотирасига бағишлаб, ёшлар ўртасида спорт мусобақаси уюштириб келади. Бу ёшларда ҳарбий ватанпарварлик туйғуларини шакллантириш билан биргаликда элимизнинг қаҳрамон фарзандига бўлган юксак эҳтиромини ҳам англатади.

ОЙДИН КЎЧАЛАР

Мардлик азал-азалдан қадр топиб келган. Халқимиз қаҳрамон ўғлонининг хотирасини авайлаб-ардоқлаб келмоқда. Булунғур туманининг кўркам кўчаларидан бирига Маъруфжон Ражабов номи берилган. Туман маданият уйи қошида жасур ўғлон ҳақида ҳикоя қилувчи стендлар мавжуд.

– Вақти-вақти билан ўғлимнинг сафдошлари келиб туришади, – дейди Аҳмад ака. – Уларнинг келишидан қувонаман… хаёлимдан «қани эди, ўзи ҳам шуларнинг орасида бўлса» деган армонли ўй кечади… Унинг ўлимидан кейин баъзилар, «Шундай ўғлингиз ҳам бор эдими?», деб ажабланиб сўраганларида қалбим оғриган. Ҳа, менинг шундай ўғлим бор эди, дунёларга бергисиз шундай ўғлим бор эди…

Бу гап онаизор Шакарбону опанинг гапини тасдиқ этди. Маъруфжон ўйинқароқ, ўтганнинг ўроғини, кетганнинг кетмонини оладиган, текканга тегиб, тегмаганга тош отадиган бола бўлмаган. Ҳа, яхши инсоннинг шовқини бўлмайди. Аммо шарафли иши, жасорати, юксак эътиқоди, она юртга бўлган чексиз меҳру муҳаббати, садоқати билан дунёга овоза бўлади. Бугун она Ўзбекистон Маъруфжон каби фарзандлари билан ифтихор қилади, уларнинг жасорати тиллардан тилларга кўчиб, қалбларга жо бўлади. 

«Ўзи ҳам сафдошларининг орасида бўлса эди…» деган отанинг армонларига юпанч бўладиган сўзни айта олмаганимдан афсусдаман. Аммо Маъруф уларнинг орасида эканлигига ишонаман, даъваткор жасорати билан, оташин қалби билан, ўчмас хотираси билан…

Инобат ИБРОҲИМОВА,

«Ватанпарвар» мухбири. 

Информеры