2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

НАЖОТ ҚУШЛАРИ

(эссе)

Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлигига қарашли Чирчиқ шаҳридаги ҳарбий аэродромнинг кузатув нуқтасида самолётлар ва вертолётларнинг самога кўтарилиши, айниқса, уларнинг аэродромга қайтишлари, қўнишларини кузатиб, завқларга тўлиб турибмиз. Бу шунчаки томоша эмас. Бу ҳақиқат. Бу мўъжиза. Юрагинг шундай ёруғ ҳисларга тўладики, таърифлашга сўз ожиз. Мана, Ўзбекистон само лочинлари, пўлат қалқонларимиз, кумуш қанотларимиз. Бизнинг ғурурларимиз, бизнинг ифтихорларимиз. Бизнинг ишончларимиз. Ҳарбий аэродром – муқаддас майдон. Бу ерда юрагинг мана шу майдон қадар кенгайиб кетади ва ҳарбий учувчиларимизга қўшилиб, самога кўтариласан. Юрагингга осмон жойлашади. Бошинг булутларга тегади. Бу ҳолатни кузатиш, ғурурланиш, ифтихорга тўлиш керак. Ҳа, мен ҳаяжон кишисиман. Ҳа, мен шоирман. Юртимни нақадар қудратли кучлар қўриқлаб турганини ҳис этар эканман, кўзимдан севинч ёшлари оқаверади. Ана осмонни ларзага солиб самолётлар учиб келаяпти, улар қўниш майдончасида ҳарбий тартиб-қоидалар билан кутиб олинади. Ҳарбий кийими ўзига ярашган ўғлонларнинг  ҳарбийча билдирги беришлари, ҳисобот топширишлари, дадилликлари кишига айрича завқ бағишлайди. Мен оламдаги энг тинч, энг бахтиёр юртнинг фароғатини кимлар қўриқлаётганини кўриб турибман. Улардан Ватанга муҳаббат, жасорат, ҳарорат уфуриб турибди. Бирдан тас­кин топасан. Ишонч ва хотиржамлик вужудингни қамраб олади. Фавқулодда рўй берадиган ҳар қандай мураккаб об-ҳаво шароитларида ҳам ҳарбий самолёт ва ҳарбий вертолётларни моҳирона бошқараётган Ўзбекистон фарзандлари: учувчилар, борт механиклари билан суҳбатлашиш учун келган ёзувчи эканимни ҳисобга олиб, мени Испания давлатидан келтирилган, қора марвариддек ялтираб турган ҳарбий транспорт самолёти бортига таклиф этишди. Биринчи суҳбатдошим ҳарбий учувчи, самолёт командири майор Жавлон Муҳиддинов бўлди. Жиззах олий ҳарбий авиация билим юрти (ҳозирги Ўзбекистон олий ҳарбий авиация билим юрти)ҳамда Россия Ҳарбий ҳаво кучлари Краснодар филиалини тугатган, она тилимиздан ташқари рус ва инглиз тилларида бемалол сўзлаша оладиган бу йигитнинг сиймосида мен миллий армиямиз сафларида пўлат қалқондек турган минг-минглаб Ҳарбий қасамёдига, Президентига, халқига содиқ, мард ўғлонларимизнинг қиёфасини кўрдим. Ниҳоятда оғир-босиқ бу йигит болалигидан учувчи бўлишни орзу қилганлиги, ҳатто тушларига самолётлар кирганини гапириб берди. Вояга етиб, «Темур тузуклари» асарини ўқигач, ҳарбий бўлишни, ҳарбий бўлганда ҳам ҳарбий учувчи бўлишни аҳд қилиб қўйган экан. Фарзандининг орзу-ниятларидан хабар топган отаси Валишер ака, онаси Лола опа унга оқ йўл тилашди. Ота ва онанинг розилиги Жавлонга қанот бағишлади. У танлаган йўл масъулиятли ва шарафли йўл бўлди. Катта лейтенант Аброржон Хусинов ҳам Жиззах олий ҳарбий  авиация билим юртини тугатган. У 2016 йилдан буён самолётни бошқариб келади. Аброржон болалигидан ҳарбий мавзудаги, учувчиларга бағишланган, донгдор лашкарбошилар ҳақидаги кинофильмларни кўришга, шу ҳақдаги китобларни ўқишга қизиққанлигини эслади. Отаси Музаффар ака, онаси Муҳаббат опанинг авиацияга бўлган меҳри ва интилишини қўллаб-қувватладилар. Кучли жисмоний тайёргарлик, илмга чанқоқлик, бардош, ҳарбий учувчилик касбига иштиёқ уни камолот сари етаклади. Замонавий ҳарбий учувчи учун зарур билим ва кўникмаларга эга Аброржондек ўғлонлар Ҳарбий ҳаво кучларимизнинг порлоқ келажаги. Лейтенант Алберт Турдиев ва борт механиги катта сержант Баҳромжон Бозоров билан ҳам дилдан суҳбатлашдик. Албертнинг отаси полковник Алишер Турдиев ва онаси Ирина опа бошдан унинг тарбиясида қаттиққўл бўлганини эслайди. Илм олишга қизиқиш бора-бора Албертнинг ўзида ҳам бесамар вақт ўтказишга имкон қолдирмади. У эрталаб ўқишга, сўнгра спорт залига ва кутубхонага чопар эди. У Жиззах олий ҳарбий авиация билим юртига кирганида ўртоқлари ўзидан ҳам кучли тайёргарликка эга эканлигини кўрди. У аълочилар сафида бўлганида ота-онасидан ғоят миннатдор бўлди. Ҳарбий учувчиликнинг ҳамма талабларига жавоб берадиган бу шунқор йигитнинг фикр доираси кенглиги, сиёсий етуклиги кўзларидан кўриниб турибди. Борт механиги Баҳромжон Бозоров ниҳоятда очиқкўнгил экан. Унинг экипажда обрўси баландлиги кўзга ташланиб турарди. Тартиб-интизомли, ўз касбининг устаси. Тинмай изланадиган Баҳромжон ҳам ҳарбий хизмат учун туғилган лочинлардан. Ўшанда февраль ойи эди. Ёғаётган ёмғир аста-секин қорга айлана бошлади. Ҳарбий аэродромда эса ҳаёт қайнайди. Учувчиларнинг мардонавор қиёфаларини кўриб, қиш эканлиги, совуқ эканлиги хаёлингдан чиқади. Уларнинг ҳар бири бир олам. Суҳбатлари ҳам бир-бирига ўхшамайди. Аммо уларнинг ҳаммаси мендан бир нарсани илтимос қилишди. У ҳам бўлса албатта устозларининг исм-фамилияларини қайд этиб, уларга шогирдлари эҳтиромини  етказишни. Албатта шундай йигитларнинг илтимосини ерда қолдириб бўлармиди?! Мана уларнинг устозлари: Рустам Насриддинов, Бахтиёр Аҳмедов, Арслонбек Султонов, Азиз Ҳамроев, Азиз Шожалилов, Фазлиддин Аҳмадиллаев, Марлен Абибуллаев. Раҳмат сизларга, азиз устозлар! Ёвқур, ўткир фаросатли, бир сўзли мардлар учун раҳмат! Ватан осмонининг пўлат қалқонлари қалбидаги ватанпарварлик деб аталган муқаддас туйғу учун раҳмат!

Осмон фариштаси билан суҳбат

Аэродромдаман. Ёмғир ёғиб турибди. Аммо бу майдонда учиш бир лаҳза тинган эмас. Қўниш йўлаклари бўйлаб оҳиста тўхтаган вертолётдан тушиб келаётган йигитларни кўриб, дилинг яйрайди. Ҳарбий либослари ўзларига ярашган, чаққон, хатти-ҳаракатларидан ўт чақнаб турган ҳарбий вертолётчиларимиз қиёфасидан бутун оламга иссиқ ҳарорат тарқалиб турибди. Экипаж аъзолари ва вертолётга қараб маҳлиё бўлиб турганимда ёнимга ҳозиргина тўхтаган вертолёт командири офицер Фарҳод Шариповни бошлаб келишди. Фарҳод ҳеч шошилмасдан гап бошлади:

– Биз энг замонавий ҳарбий вертолётларда учамиз. Мен бошқараётган вертолёт Франциядан келтирилган. «АIRBUS HELICOPTERS» компанияси техника мутахассиси, инструктор Солиньяк Терри бизни бу мўъжизавий «қуш»нинг сир-асрорлари билан таништирди. Экипажимиз аъзолари икки ой мобайнида вертолётни пухта ўрганиб олди. Энг замонавий бу ҳарбий вертолёт иқлим шароитимизга мос. Ёзнинг жазирамаси-ю қишнинг аёзлари бунга писанд эмас.

Офицер Фарҳод Шарипов ҳам Жиззах олий ҳарбий авиация билим юртини тугатган. У подполковник Михаил Сон ва подполковник Абдусаттор Мавлонбековнинг шогирди эканини ғурурланиб сўзлади. Унинг учун устоз енгилмас қоя. «Устозим подполковник Михаил Соннинг ҳар қандай мураккаб ҳолатларда тўғри хулоса чиқара олиши, бизга ҳам аниқ кўрсатмалар беришини ҳурмат қиламан. Ҳа, ердаги гап осмонга тўғри келмайди. Шундай кунлар, шундай учишлар бўладики, бир-бирига ҳеч ҳам ўхшамайди. Гоҳо мураккаб шароитлардан билим, маҳорат, фаросат, тажриба ва Оллоҳнинг карами билан чиқиб кетилади. Бизда ҳар бир лаҳза ғанимат. Вертолётларимиз давлатимизнинг, авиациямизнинг бебаҳо мулки ҳисобланади. Бундай замонавий транспортга эга бўлиш фақат қудратли давлатларга насиб этади», дея таъкидлайди офицер Фарҳод Шарипов.

***

Ҳарбий аэродромдан қайтишим олдидан ҳавога кўтарилаётган ҳарбий самолёт ва вертолётларимиз – нажот қушларимизнинг ортидан мамнун кузатиб қолдим ва ўғлонлари ҳарбий учувчи бўлган оналар каби дуолар қилдим: Ўғлим! Сен самодасан, аммо оёғинг ерда, мен эса ердаман, юрагим эса доимо сен билан бирга. Ер билан осмонни оналарнинг илтижолари, дуо­лари боғлаб туради. Ўғлим! Менинг ёшим ўтиб қолган, аммо бил, мен доимо сен билан фахрланаман! Сен ҳарбий учувчи бўлиб «нажот қуши»ни бошқараётган кунингдан кўксимда тоғ ўсиб чиқди. Сен Ватан посбонисан. Менинг кексалик фароғатим, оиланг, фарзандларингнинг тинч яшаши учун сув ва ҳаводек зарурсан. Ҳаётинг миллионлар ҳаёти учун масъулдир. Доимо ҳушёр бўл! Оллоҳнинг паноҳида бўл!

Ери йўқнинг осмони ҳам бўлмагай,

Эли йўқнинг Эломони бўлмагай,

Осмон узра учар нажот қушлари,

У қушларсиз юртнинг шони бўлмагай.

Ҳарбий учувчилар, жасур йигитлар,

Юлдузлар ёнида мағрур йигитлар.

Ери борни еру осмон асрагай,

Минг балодан, минг бир имкон асрагай.

Эл дуоси, шарафи шон асрагай,

Зуҳро юлдуз ҳамда Чўлпон асрагай.

Ҳарбий учувчилар, жасур йигитлар,

Юлдузлар ёнида мағрур йигитлар.

Ери йўқнинг осмони ҳам бўлмагай,

Қаноти йўқ, қалқони ҳам бўлмагай.

Ери йўқнинг буғдой нони бўлмагай,

Ватансизнинг шараф шони бўлмагай.

Ҳарбий учувчилар, жасур йигитлар,

Юлдузлар ёнида мағрур йигитлар.

Учувчилар – юртнинг кумуш  қаноти,

Фаришталар кенг осмони асрагай.

Дуо айлаб кўкка қўлин узатган,

Ўзбекистон – онажони асрагай.

Зулфия МЎМИНОВА,

 Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Информеры