2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

НИЛАБДАГИ ДАҲШАТЛИ ЖАНГ АРАФАСИДА

Чингизхон ёвузлик рамзи Аҳриман қиёфасига кирган, мудҳиш воқеаларни тезроқ содир этишга шошиб, ўз саркарда-ю нўёнларига қатъий кўрсатмалар берарди. Жалолиддин Мангуберди лашкарининг чиқиб кетишига бирон йўлак ва тирқиш қолдирмасликка қатъий даъват қиларди. Шу тариқа унинг сон-саноқсиз лашкари Нилаб майдонига сиғмай, уфқ сари кенгайиб, ёйилиб борарди. Чингизхон қўлидаги ҳукмдорлик белгиси туширилган тилла таёқчасини Жалолиддин қўшини томон «шахт билан ҳужумга» ишорасини қилса бас, майдонда денгиз устида қутурган бўрондек қўшин кўз очиб-юмгунча ҳаракатга келишга қарийб тайёр бўлиб қолган эди. Чингизхон катта қўшинни жангга ҳозирлашга анча вақт сарфлади. Ана энди шарқдан таралаётган уфқлар ҳудуди тобора кенгайиб, тонг ҳам ёриша бошлади. Дарё соҳили томондан кеч кузнинг совуқ шамоли эсарди.

Соҳил бўйида Жалолиддин Мангуберди қўшини жойлашган томон ҳам ғира-шира кўрина бошлади. Тонг отгач, ҳар икки томонга ҳамма нарса аён бўлди-қўйди. Жалолиддин Мангуберди лашкари уч томондан қуршаб олинган. Орқа томонда ютағон дарё, чекиниб бўлмайди, ундан сузиб ўтиш тўғрисида фикр юритиш асло ақлга сиғмайди. Соҳилнинг энг паст тик жойи баландлиги чамаси ўн беш-йигирма метрлар...

Нилаб майдони жуғрофий тузилиши ва жойлашувига кўра, ўлжа қопқонга тушмагунча чиқиб кетолмайдиган бир ҳудуд эди. Бу жой Чингизхонга анча яхши кайфият бағишлади. Катта имконият ҳам берди. Ахир Жалолиддин номини эшитиш унинг учун қанчалик азобли эди. Қолаверса, уни тор-мор қилиш учун жўнатилган қанчадан-қанча довруқли саркардалар қўшини жанг майдонида неча бор қириб ташланди. Саркардалардан қанчаси Жалолиддин Мангуберди қиличи зарбига бардош беролмай, лашкарини ўлим майдонида ўз ҳолига қолдириб, бу гуноҳлари учун ҳоқонларининг оёқларини ўпиб, тиз чўкканларича кечирим сўрадилар, агар Чингизхон кечирмайдиган бўлса, «Ясоқ» жазосини олишга тайёрлигини ҳам эътироф қилгандилар. Буларни хаёлидан ўтказган хоқон интиқом ҳисси билан оловланди. Шу боис ўзининг ғул марказ қўшинига қирғинбарот жангларда кўзи пишиб, дийдаси тошга айланиб, қон кечиб ҳузур-ҳаловат топувчи саркардаларидан Субутой нўённи бошлиқ қилиб тайинлади, уни ўнг ва чап қанотдан ҳимоя қилишни Жаба нўён ҳамда Қорачар нўёнга топширди. Жаба ва Қорачар нўён лашкарини баранғар ва жуванғардан ҳимоя қилиш учун Жўжи, Чиғатой ва Ўқтойни масъул қилди. Ҳал қилувчи зарба берадиган ўзининг махсус тарбияланган туманини кичик ўғли Тўлихон нўёнга топшириб, уни захирадаги Изофа қўшини қўмондони қилиб тайинлар экан, Чингизхон қароргоҳини жанг асносида ҳимоя қилиб туришни унинг зиммасига юклади. Негаки, Жалолиддин Мангуберди қўшини кам сонли бўлишига қарамай, кутилмаган сонияларда даҳшатли қарши ҳужум уюштириб, жанг оқибатини ҳал қиладиган ҳарбий санъат сирларини яхши эгаллаган. Унинг ҳар қандай кучли рақибни доғда қолдирадиган жиҳатлари бисёр эдики, бу ҳоқонни янада пухта жанг режасини тузишга мажбур қилди.

Ҳоқон шу пайтга қадар олиб борган жангларининг бирортасида Нилабдагидек асабий зўриқишга учрамаган эди. Аламзадалик, асабийлашув уни тобора қақшатиб борар, шунча даҳшатли лашкар билан Жалолиддин Мангуберди қўшинига бас кела олмаса, унинг машриқдан мағриб қадар олиб борган ғолибона жангларининг хасчалик аҳамияти қолмайди, ҳоқоннинг умри бўйи қон кечиб тўплаган обрўси-чи? Ҳаммаси елга совурилади. «Йўқ, бундай бўлмаслиги керак. Ахир лашкаримнинг ўндан тўққиз қисми қирилиб кетса ҳам, Жалолиддиннинг қўшинидан ҳеч кимса қолмай, жасадга айланган бўлади. Жалолиддин ва унинг лашкари матонат ва баҳодирлик майдонида қанчалик қилич ўйнатмасин, охирги сўзни айтиш, ғалабани таъминлаш менинг лашкаримнинг беҳисоб кўплигига қолади. Менда яна бир устунлик ва имконият бор, аскарий туманларимни жангга киритиб, жангталаб бўлиб турган туман қисмлари билан икки-уч соатда навбатма-навбат алмаштириб тура оламан, бундай имкониятга эга бўлмаган Жалолиддин қўшини куну тунги муҳорабада силласи қуриб ҳолдан тояди. Унинг қўшинига битта жангчи ҳам сафга келиб қўшила олмайди. Жалолиддин қўшини захирасиз жанг қилишга мажбур».

Ҳоқон авангард қўшини қўмондонига Жалолиддин Мангуберди қўшинига ёй ўқи бемалол нишонга оладиган масофада яқинлашиб боришга буйруқ берди. Авангард қисмлар буйруқ берилиши билан тез ҳаракатга келиб, Жалолиддин манглай, яъни жангни биринчи бўлиб бошлаб берувчи ҳарбий бўлинмалар томон яқинлашиб, 200 — 250 метр оралиқ масофа қолдириб тўхтади. Натижада ғаним томонлар бир-бирларининг турқ-тароватларигача бемалол кўриб, бор бўйи билан юзма-юз келишди. Рақиб томонларнинг юз-кўзларидан бир-бирига бўлган адовату чексиз нафрат билан қарашларигача яққол сезилиб турарди. Ҳар икки тараф тайёргарлик лаҳзаларининг ўзи жангдан-да ваҳимали, ғоят руҳий зўриқишли эди. Жанг бошланишидан олдинги сокинлик худди денгизда бўрон туришидан олдинги қўрқинчли сукунатни эслатарди.

ЁЯНДОЗ – ЭНГ МАҚБУЛ МУДОФАА УСУЛИ

...Жалолиддин Мангуберди ҳал қилувчи жанг олдидан жаҳон ҳарбий санъати тарихида ҳеч бир саркарда қўлламаган усулни қўллашга қарор қилди. Чингизхон лашкари майдонни чигирткадек тўлдирган эди. Жалолиддин бундай сон-саноқсиз қўшинга қарши курашда бир неча соат ичида тор-мор бўлиб, қирилиб кетмаслик ва ўз қўшинини мавжуд имкониятларидан охирги дамларгача фойдаланмоқ, шу тариқа Турон баҳодирларининг жасорати ва мардлиги нималарга қодирлигини, ҳатто энг ашаддий душманларини ҳам тан олишга мажбур қилишга жазм этди.

Жалолиддин яхши билар эдики, Чингизхон очиқ майдонда жангни бошлар экан, биринча зарба беришни камончилардан бошлайди. Ҳар бир мерган камончилари садоғидаги 40 – 50 ёй ўқини рақиб томонга ажал тариқасида йўллайди. Бундай мерганлар Чингизхон лашкарида ўн мингдан то ўттиз минггача бўлиб, улар барчаси ажал ўқларини душман томон йўналтирганида жанг майдонида қуёш юзини булут қоплагансимон соя ҳосил бўларди. Жалолиддин Чингизхоннинг ёйчилари зарбасидан ҳимояланиш учун фақат қалқоннинг ўзи кифоя қилмаслигидан ҳар бир жангчисига шох-шаббадан тўсиқ тайёрлатиб қўйган эди. Ёй ўқлари осмону фалакда кўриниши билан жангчилар тиз чўкиб ўтирганича шох-шаббадан тўқилган тўсиқни кўтариб, унинг орқасида иккинчи ҳимоя воситаси қалқон билан ҳам ҳимояланиши лозим эди. Минг-минглаб ёй ўқлари ёмғири шох-шабба тўсиғига келиб санчилди. Саркарда бу ўқлардан душманнинг ўзини қирғин этишда фойдаланишга кўрсатма берди.

Жалолиддин жанг олдидан отлиқ қўшинларининг пиёда бўлиб жанг қилишига буйруқ берди. Дарё соҳилининг тор жойига қўшинини ярим доирасимон – ёяндоз қилиб жойлаштирди. Бутун қўшинидаги 45 минг жангчига зичлашиб, қарийб елкама-елка туриш тайинланди. Бу билан пиёдаларга айлантирилган Жалолиддин қўшини душман отлиқлари ёриб кира олмайдиган мустаҳкам қўрғонга айланди. Зич турган пиёда қўшинга душман отлиқлари яқинлашиб, тўқнашувга саноқли сониялар қолганида ерга ташлаб қўйилган узун найзалар зудлик билан кўтарилмоқда. Найзалар девори ҳосил бўлди. Унга келиб урилган душман отлиқлари катта талафот кўрди. Шиддатли ҳужум тўлқини кескин пасайди. Жанг бошланишидаёқ бундай талафот душман руҳий ҳолатига албатта, салбий таъсир қилди. Чингизхон аждаҳодек важоҳатли қўшиним бир-икки ҳамла уюштирса, Султон Жалолиддин қўшини тутдек тўкилади, деган фикрда эди. Ундай бўлмади.

... Жалолиддин Чингизхоннинг бир зарб билан рақиб қўшинини пароканда қилиш ва қуршаб олиб, бирорта рақиб жангчисининг бу қуршовдан чиқиб кетишига имкон бермасликни асосий вазифа қилиб қўйган режаси амалга оширилишини йўққа чиқарди.

Нилаб жангида ёяндоз жанг усули жаҳон ҳарбий санъатида янгилик эди. Орадан бир ярим асрга яқин вақт ўтгач, юз йиллик урушда Англия қироли бу уруш тактикасини Францияга қарши қўллаб, катта муваффақиятларга эришган эди.

Жумабой РАҲИМОВ,

Миллий гвардия ҳарбий

техник институти доценти, тарихшунос олим

Информеры