2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

АҲМАД ДОНИШ ҚЎШИННИ БОШҚАРИШ ҲАҚИДА

Қуролли Кучлар жамиятнинг энг муҳим ва ҳарбий-сиёсий аҳамиятга эга ажралмас қисмидир. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қуролли Кучлар фаолияти тўғрисида фикр юритар экан, қуйидаги сўзларни мамнуният билан тилга олади: «Бугунги кунда миллий армиямиз минг-минглаб ўғлонларимиз учун чинакам мардлик, фидойилик, ҳақиқий ватанпарварлик мактабига айлангани, ҳеч шубҳасиз, шу йўлда эришган энг катта ютуғимиздир».

Мустақиллик шарофати билан мамлакатимизда қадимдан мавжуд бўлган жанг услублари, ҳарбий тактика, шунингдек, аждодларимизнинг бой маънавий меросини шу нуқтаи назардан ўрганиш бошланди. Жумладан, ҳарбий меросни ўрганишга бўлган қизиқиш ва унинг нозик жиҳатларини ёритишга интилишлар йил сайин ортиб бормоқда. Бу эса Қуролли Кучларда олиб борилаётган ислоҳотларнинг узлуксизлигини ва уларнинг самарадорлигини оширишда катта аҳамият касб этади.

XIX асрнинг машҳур маърифатпарвари Аҳмад Дониш (1827 – 1897) мамлакат мудофааси ва ҳимояси учун маълум миқдорда қўшинга эга бўлиш зарур, деб ҳисоблайди. Бунда у ҳукмдор қўшинини икки турга бўлади: булар – қилич одамлари ва қалам кишилари. Қалам хизматчилари келаётган маълумотларни ҳисобга олиш ва низоларни ҳал қилиш, қилич хизматчилари эса душманни енгиш, унга қарши кураш масалалари билан шуғулланиши керак. Маърифатпарвар подшоҳга агарда душман билан келишмовчиликлар тинч йўл билан ҳал қилинадиган бўлса, ҳарбий ҳаракатлар қилмасликни маслаҳат берган. Уруш, унинг фикрича, инсон табиатига қарама-қарши бўлиб, унинг оқибатлари халқ ва мамлакат учун ҳалокатлидир. Агар тақдир тақозоси билан душман билан тўқнашишга тўғри келса, урушни оқилона ташкилий, тактик ва стратегик усулларга эга бўлган ҳолда олиб бориш керак.

Мутафаккир асосий эътиборни маърифатли ҳукмдор ҳузурида қўшинни ва ҳарбий ишни ташкил қилишга қаратади. «Ҳукмдор, – деб ёзади мутафаккир, – доимо қўшин ҳақида ғамхўрлик қилиши керак, чунки қўшин доимо давлат қўриқчисидир. Агар армияда бугун эҳтиёж бўлмаса, балки келажакда унга эҳтиёж бўлишини унутмаслик лозим».

Аҳмад Донишнинг таъкидлашича, қўшин энг аввало, қобилиятли қўмондонларга эга бўлиши керак. Унинг фикрича, бўш характерли, узоқни кўра олмайдиган, қўрқоқ инсон қўшин бошида тура олмайди. Аҳмад Дониш ўз фикрини давом эттириб, ҳукмдор «доимо қўшинни кузатиши керак. Агар тайёрланаётган ёшлар етишиб, қатор имтиҳонларни топширсалар, уларни руҳлантириш ва қалби қувонишига имкон бериш керак. Хизмат қила олмайдиган кексалар озод қилиниши керак. Уларнинг ўрнига авлодлари кўтарилиши лозим», дейди.

Мутафаккирнинг таҳсинга лойиқ фикрларидан бири шуки, у юқори ҳарбий унвонга эга шахслар олдига бир қатор талабларни қўяди. Лашкарбоши ёки бош қўмондон учта сифатга эга бўлиши керак: биринчи, жасурлик, иккинчи, тўғри муҳокама, учинчи, ҳарбий тажриба.

Шу билан бирга, буюк маърифатпарвар ҳукмдорга урушга тайёргарлик ва ҳарбий ҳаракатларни олиб бориш ҳақида қатор стратегик ва ташкилий характердаги маслаҳатларни беради:

– душманни алдаш учун ҳукмдор юришни бошқа томондан бошлаши ва айни вақтда қарама-қарши йўналишдаги урушга тайёрланиши керак;

– уруш бошланганига қадар қуролнинг зарурий миқдорини тайёрлаб қўйиш лозим. Қўшинни зарур нарсалар билан таъминлаш, қўшинни тақдирлаш ва келажакда мукофотлар ваъда қилиш зарур;

– қўшинни ўз вақтида зарур фураж билан таъминлаш керак;

– ҳукмдор бир дақиқа ҳам ўз эътиборини қўшиндан чалғитмаслиги керак;

– қўмондонлар ҳарбий санъатдан имтиҳон топширганлар ва катта обрўга эга бўлганлар орасидан бўлиши зарур. Фронтга жуда ёш, ақлсиз ва ҳарбий тажрибага эга бўлмаганларни жўнатмаслик лозим;

– ҳукмдор ҳар куни душманнинг ҳолати ҳақида маълумот олиши зарур;

– уруш вақтида доимо душман билан ярашишни назарда тутиш керак, чунки давлатнинг буюклиги ҳам, аҳолининг кўплиги ҳам ғалабага кафолат бермайди;

– интизом ғалаба гаровидир;

– қарама-қарши томондан шамол эсаётган ёки дўл ёғаётган бўлса, ҳарбий ҳаракатлар қилмаслик керак, юлдузлар ҳаракатини ҳам ҳисобга олиш зарур;

– душманни охиригача, унга дам бермасдан уриш керак. Уруш тугагач, армияни дарҳол қўйиб юбормаслик зарур, чунки душман куч тўплаб, яна бош кўтариши мумкин.

Аҳмад Дониш душман кутилмаганда ҳужум қилишининг олдини олиш учун подшоҳни мамлакат мудофааси ишларига бефарқ бўлмаслик ҳақида огоҳлантирган. Подшоҳ қўшинларнинг аҳволи ҳақида маълумотга эга бўлиши керак ва қўшин мамлакатга бостириб кирган душманни тор-мор қилишга тайёр бўлиши учун ҳамма чораларни кўриши шарт.

Алломанинг фикрича, халқсиз давлатни яратиб бўлмайди ва қўшинсиз мамлакатда тинчлик ва мустақилликни таъминлаб бўлмайди. Зеро, ҳукмдор қўшинсиз ҳукмдор бўлолмайди, қўшин эса халқ яратган нарса, бойликларсиз яшай олмайди. У нафақат давлат соҳиби, балки унинг томонидан давлат лавозимларига тайинланган шахслар ҳам узоқни кўрадиган, виждонли, ақлли, адолатли, халқ олдида ростгўй бўлишлари зарурлигини уқтиради. Ҳукмдор ва унинг атрофидагилар собит бўлишлари керак, уларнинг ваъдалари ва сўзлари иш, ҳаракатлари билан бир хил бўлиши зарур. Ҳукмдор сабабсиз ҳеч кимни хафа қилмаслиги лозим ва у ёки бу ишни ҳал қилгани вақтида заиф одамлар манфаатларини ҳимоя қилиши керак. Мутафаккирнинг ёзишича: «Агар ҳукмдор салтанати одил суд ва адолат асосига қурилган бўлса, унда унинг таянчлари қўшинлар, тобелар, сув ва олтиндан иборат бўлади».

Чунончи, Аҳмад Донишнинг жанговар тайёргарлик борасида билдирган фикр-мулоҳазалари ҳам таҳсинга сазовордир. Унинг таъкидлашича, ҳукмдор учун зарур бўлган ишлардан яна бири аскарларни доим тайёр қилиб туришдир. Ҳукмдор улар аҳволини ҳамма вақт текшириб туриши, мамлакат атрофида душман йўқ бўлган тақдирда, ўзини аскарга эҳтиёжсиз деб билмаслиги лозим. Чунки кутилмаган жойдан душман бош кўтариши мумкин. Ундай чоғда тарқалган аскарни йиғиб, душманга қарши чиқиб бўлмайди. Ҳукмдор ва унинг вазирлари ҳамда амир лашкарлари токи аскарнинг давлатга қилган хиёнатини кўрмагунча уни жазога буюрмасликлари шарт. Чунки кўпчилик бундай ишларни кўриб, подшоҳнинг мижози ҳар хил бўлиб турар экан, деб гумон қилади, аскарликка ишончлари қолмайди.

Мутафаккирнинг фикрича, аскар бошлиғи, яъни қўмондон шижоатли, довюрак, оқил, тажрибали, қилич ўйнатишда ва милтиқдан ўқ отишда моҳир, зийрак ва донишмандлик каби сифатларга эга бўлиши керак. Агар шундай сифатларга эга бўлган киши аскар бошлиғи бўлар экан, шундагина аскарни сақлаб, зиён ва заҳматга қолдирмай, душманни енгиб шон-шарафга эришади.

Ўйлаймизки, маърифатпарвар аллома Аҳмад Донишнинг қўшин тутиш ва уни бошқариш, жанговар тайёргарлик ва қўмондоннинг фазилатлари борасидаги фикр-мулоҳазалари мамлакатимизда мукаммал миллий армияни барпо этиш, мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш, интеллектуал, маънавий-руҳий ва жисмоний жиҳатдан юксак ривожланган ҳарбий хизматчиларни тарбиялашда муҳим манба бўлиши шубҳасиз.

Полковник Бобир НЕГМАТОВ,

Қуролли Кучлар академияси Гуманитар фанлар кафедраси

бошлиғининг ўринбосари, фалсафа фанлари номзоди, доцент

Информеры