2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

НАВРЎЗ СУРХОНДАРЁДАН БОШЛАНАДИ

Сурхондарё вилоятида Наврўз умумхалқ байрамини оммавий халқ сайли сифатида юқори савияда ўтказишга пухта ҳозирлик кўрилмоқда.

Бойсун азалдан ўзининг нафис кулолчилик буюмлари, ёғоч ўймакорлиги, косиблик санъати, пишиқ-пухта тўқилган бежирим мато ва гиламлари билан ҳам шуҳрат топган. Тоғли ҳудудга хос бетакрор табиат манзараларининг турфа ранги кўчирилган нафис буюм ва матолар табиий хом ашёдан пишиқ ишлангани учун асрлар оша авлоддан-авлодга мерос бўлиб келмоқда. Бойсун аҳли халқ сайлида ана шундай улуғ қадриятларимизни кенг тараннум этишга алоҳида тайёргарлик кўрмоқда.

Туманда ўтмишда жанда номли мато тўқилган. Фақат бойсунлик аёллар тўқиган бу мато ранги ўчмайдиган материал сифатида довруқ қозонган. Ундан тикилган яктак, тўн ва бошқа миллий кийимларнинг узоқ йиллар давомида ранги ўчмаслиги, товланиб туриши ҳозир ҳам кўпчиликни ҳайратга солади.

– Бу матони тўқишни момолардан ўрганганмиз, – дейди бойсунлик машҳур ҳунарманд Х.Раҳимбердиева. – У қадимий анъанага кўра, ип йигирилгач, табиий бўёқ билан жило берилиб, ёғоч дастгоҳлар ёрдамида қўлда тўқилади. Ўтган асрда бу матодан тикилган либосларни сотиш тақиқланди. Буни кексаларимиз турлича изоҳлайди. Айрим қариялар ўшанда барча гап унинг номида бўлган деса, бошқаси унинг ёрқин рангларида миллийлик руҳи кучли бўлгани билан изоҳлайди. Мустақиллик йилларида миллий мерос ва тарихий анъаналаримиз ҳам қайта тикланди. Уларни янада ривожлантириш учун кенг шароит ва имкониятлар яратилди.

Яна бир гап: Жарқўрғон туманида қадимий миллий ҳунармандчилигимизни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшаётган рус йигити Д.Инюшин ҳам Бойсуннинг ноёб матосидан тўн ва яктаклар, ҳар хил ўлчамдаги аёллар сумкаси ва бошқа эсдалик буюмлари тикишни пухта ўзлаштириб олган.

– Шу юртда туғилиб, камолга етдим, – дейди якка тартибдаги тадбиркор Д.Инюшин. – Болалигимдан ўзбекларнинг миллий кийими, зеб-зийнат ва бошқа тақинчоқлари мени ўзига мафтун этган. Кўп йиллардан буён мустақил изланиб, уларни қайта тиклаяпман. Қадимда қандай ишланган ёки тикилган бўлса, ўша ҳолатда тайёрлашни йўлга қўйдим. Жумладан, Бойсунда тўқилган жандадан тикилаётган яктак, тўн ва бошқа буюмлар нафақат маҳаллий аҳоли, балки хорижликларда ҳам катта қизиқиш уйғотаётганидан фахрланаман.

ЎзА материали асосида тайёрланди.

 

Информеры