2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

«ШЕР» ШЕЪР ЎҚИДИ

Нукус шаҳридаги ҳарбий қисмда Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, Нукус давлат педагогика институти ўқитувчилари билан ижодий учрашув ўтказилди.

– Ҳарбий хизматчилар орасида шеър ёзишни машқ қиладиган ижодкорлар кўп, – дейди шоир Абдуқодир Каипов. – Бу сафарги учрашувда ҳам бунга амин бўлдим. Мушоира тарзидаги тадбирда янги шеърларимни ўқиб бердим, улар ҳақидаги фикрларни тингладим. Ёш ижодкорлар чиқишлари мароқли бўлди. Масъулиятли хизматни ўташдан вақт орттириб, қалам тебратаётган укаларимга йўл-йўриқ, маслаҳатлар бердим. Излаган имкон топар, деганларидек, ижодкор одам изланишдан тўхтамайди.

– Тадбир менга жуда ёқди, – дейди муддатли ҳарбий хизматчи, оддий аскар Арслан (исм маъноси «шер») Атажанов. – Шоирлар суҳбатидан баҳраманд бўлдик, завқландик. Ўзимизни қизиқтирган саволларга жавоблар олдик. Маънавиятимизни бойитишга, ижодий руҳ олишимизга, қолаверса, кўнгилли ҳордиқ чиқаришимизга хизмат қилувчи бундай тадбир ташкилотчиларидан жуда миннатдормиз.

Тадбир якунланди. Ҳарбий қисм кутубхонасидан чиқишга шошилмадим. Бундай жойларни томоша қилмасдан чиқиш, жуда қийин. Яратилган шарт-шароитлар китоб ўқишдан йироқ кишини ҳам ўзига жалб қилиши аниқ. Чин маънода замонавий кутубхона: шинам ўқув зали, интернетга уланган компьютерлар, эстетик интерьер... Тадбирнинг таъсирли чиқишида жойнинг ҳам аҳамияти бор.

Подполковник ​Сардор АБДУСАМАТОВ

Информеры