2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ҲУСАНБОЙ РУБОБНИ, САРДОР ГИТАРАНИ МАРОМИГА ЕТКАЗДИ

Қашқадарё вилоятининг Муборак тумани чўл минтақасида жойлашган. Аммо мазкур ҳудуддаги ҳарбий қисмга кириб борсангиз, сизни бутунлай бошқа олам қарши олади.

Бу ерда қўлигул бунёдкор инсонлар томонидан амалга оширилган қурилиш-ободончилик ишларини кўраркансиз, кўзларингиз қувнаб, баҳри-дилингиз очилади. Беихтиёр уларнинг фидойилигига тасанно айтасиз. Равон йўлаклар, мураккаб иқлим шароитида ҳам меҳр билан парвариш қилинаётгани учун барқ уриб ўсаётган хилма-хил дарахт ва гуллар, кўкаламзорлаштирилган майдонлар билан бир қаторда дид билан барпо этилиб, замонавий талаблар асосида жиҳозланган иншоотлар шарафли соҳа вакилларига ҳар томонлама манзур бўлмоқда.

– Ҳарбий қисмимизда ҳарбий хизматчиларнинг ўз мажбуриятларини тўлиқ адо этишлари ва бўш вақтларида мазмунли ҳордиқ чиқаришлари учун барча шарт-шароитлар яратилган, – дейди батальон командирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари майор Жаҳонгир Турғунов. – Жумладан, дам олиш хонамизда қатор вақтли матбуот нашрлари мавжуд. Ўқув адабиётларини мунтазам янгилаб борамиз. Бундан ташқари шахмат-шашка, турли хил чолғу асбоблари ҳамда радио, телевизор ва мусиқий марказ кабилар ҳам шахсий таркиб ихтиёрида. Батальонимизда мусиқа ва санъатга қизиқадиганлар кўпчилик бўлиб, улар орасидан бадиий ҳаваскорлар жамоаси тузганмиз. Ҳарбий қисм миқёсида ўтказиладиган тадбирларда ушбу жамоа ўз чиқишлари билан сафдошлар эътирофига сазовор бўлиб келмоқда.

Ҳарбий қисмга бўлган ташрифимиз давомида илтимосимизга кўра йигитлар созлар чалиб, куй-қўшиқлар ижро этиб беришди. Шартнома бўйича ҳарбий хизматчилар, оддий аскар Ҳусанбой Тоштемиров рубоб, унинг сафдоши оддий аскар Сардор Самадов гитарани чалишни маромига етказар экан. Яна бир суҳбатдошим оддий аскар Жавлонали Нарзуллаев билан эса мулоқотимиз турли хил бадиий китоблар ҳақида кечди.

Мазкур ҳарбий қисмда маданий ҳордиқ ишларининг тўғри йўлга қўйилгани Ватан ҳимоячилари хизматига унум бағишламоқда.

Ёшин ҲАКИМОВ

Информеры