2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

«ЖОН БОЛАМ, БЎЙЛАРИНГДАН АЙЛАНАЙ»

Ғафуржон ака ва Зуҳра опа бу кунни интиқ бўлиб кутишганди. Бугун иккиси ҳам ҳаяжондан, қувончдан дунёларга сиғмаяпти. Ана, ўғиллари сафда қўр тўкиб турибди. Эгнидаги ҳарбий либоси бирам ярашган, бирам ярашганки, кўрган кўз қувнайди. Зуҳра опанинг наздида ўғли гўё бир кунда улғайиб, янаям кўркамлашгандек. Юраги тўлқинланиб кетди. Фарзанди камолга етганини айни дамда ҳис қилди. Мана у ҳам мард йигитлар қатори эл корига камарбаста бўлмоқ учун шайланаяпти. Бундан қувонмай, ғурурланмай бўладими! Аёлнинг мижжаларига қайноқ ёш қуйилди. Йўқ-йўқ, бу ёш эмас, севинч, бахт муждалари эди, аслида. «Жон болам, бўйларингдан айланай»; меҳр-муҳаббатга йўғрилган бу сўзлар она қалбининг туб-тубидан отилиб чиқди...

Сирдарё вилояти мудофаа ишлари бошқармаси йиғин пунктида муддатли ҳарбий хизматни ўташга отланган йигитларнинг кузатувига бағиш­ланган тантанали тадбир Ғафуржон ака ва Зуҳра опа сингари юзлаб ота-оналарга ана шундай ҳаяжонли лаҳзаларни туҳфа қилди.

Шукуҳли ўтган тантанада Мудофаа вазирлиги Тарбиявий ва мафкуравий ишлар бош бошқармаси бошқарма бошлиғи подполковник Ҳусан Ботиров ва бошқа давлат, жамоат ташкилотлари масъул вакиллари иштирок этди.

– Ҳарбий хизматга йўл оляпман, – дейди чақирилувчи Бобурбек Жонибеков. – Тантанали тадбир давомида сўзга чиққанлар бизга юксак ишонч билдиришди. Бундан руҳландим. Ишонч бу – масъулият дегани. Шундай экан, ҳарбий хизмат давомида мана шу ишончга, эътибор ва ғамхўрликка лойиқ бўлиб, элимиз тинчлиги, сарҳадларимиз дахлсизлигини сақлаш йўлида сидқидилдан хизмат қиламан.

Тадбир сўнгида Гулистон ҳарбий прокуратураси томонидан чақирилувчилар учун тарғибот тадбири ўтказилди. Ёшларнинг ахлоқий-руҳий хислатлари ва ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаш мақсадида ташкиллаштирилган мазкур тадбирда ҳуқуқ, бурч, масъулият тушунчаларининг мазмун-моҳияти очиб берилди.

Гулнора ҲОЖИМУРОДОВА

Информеры