2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ҚЎМОНДОН ИКИ ТЕМУР

Амир Темур ҳокимият тепасига келгандан кейин 100 дан ортиқ жангда ғалаба қилган. Бу ғалабаларнинг ортида  ҳарб илмини пухта эгаллаган, шижоатли, азми қатий, душман тўпларини синдирувчи, таслим бўлиш нималигини билмаган, қўрқмас ва шиддаткор лашкарбошилар ва мингларча аскарлар туради. Ана шулардан бири Амир Ики Темурдир.

Ики Темур 10000 қўшинга сардор бўлган. Унга катта муҳр, туғ, ноғора ва байроқ берилган. Ўша пайтда туман бошлиғи лавозимига жангларда катта намуна кўрсатган, душман тўпларини синдирган кишиларгина муносиб кўрилган. Ики Темур Амир Темурнинг ишонган ва ном қозонган лашкарбошиси бўлган ва энг катта юришлар, душман сирларидан огоҳ бўлиш, қоровул қўшинларига бош бўлиш, тавочиликдан тортиб, амал поғонасининг чўққисига эришган, давлатда вазир ва амир маслаҳатчиси даражасига кўтарилган. Ики Темурнинг жанглардаги фаолиятини кузатар эканмиз, у энг аввалги сафларда, қўшиндан анча олдинга ўтган ҳолда жанглар олиб борганини кўрамиз. У қалъа деворларига эпчиллик билан тез фурсатда чиққан. Гоҳ уни ташкилотчи, гоҳ қалъа девори остини кавлайдиган нақибчи, гоҳ раҳбар, гоҳ асл саркарда сифатида кўриш мумкин. У, афсуски, 1391 йилда Тўхтамишхон билан бўлган катта урушдан олдин қоровул қўшинлари ўртасида бўлган жангда ҳалок бўлган. У ўша пайтда атиги 7-8 навкари билан жанг қилган ва озчилик бўлишига ва яраланганига қарамасдан, душман кучини синдира олган ва шу ерда жон таслим қилган.

Тарих саҳифаларида Ҳирот яқинидаги Пўшанг мавзесининг забт этилишида илк бора Ики Темур эслатиб ўтилган. Ҳисор аҳли Амир Темур қўшинига қаттиқ қаршилик кўрсатган. Қалъа атрофи ҳандақ билан ўралганди. Амир Темур «Ҳар ким ўз қаршисидаги ердан Ҳисорга кўтарилсин», деган фармон берган. Амир Али, Ики Темур, Аббос ўғли Умар, Амир Мубашширлар ҳаракат қилиб, деворга етиб олдилар ва у ердан ўқ ёмғири ва тошларнинг ёғилишига қарамасдан, чекинмасдан қалъа деворига тирмашиб чиқадилар. Қалъа дарвозасини очиб, у ерни забт этадилар. Албатта, бу ишларни биттагина Амир Темур қила олмасди. Унинг шон-шавкатини таъминлаб берган лашкарбошилар бўлиб, уларнинг ҳар бирини алоҳида ўрганиш бу ғалаба омиллари ва усулларини англаб етишимизда бизга ёрдам беради.

Ҳиротни забт этишда ҳам Ики Темур, Мубашшир ва Сунчак сидқидилдан ҳамлага ўтиб, султонларга хос жанг олиб борган, қалъадан душман аскарлари тошлар ирғитаётганда ва ўқлар ёмғири ёғдирганда ҳам бошлари ва елкаларидан яралансалар ҳам жангни тўхтатмайдилар. Дарвоза эшигини синдириб, қалъа ҳисорига кириб борганлар. Икки минг кишини асир олади ва Амир Темурнинг олдига олиб келади. Амир Темур уларни афв этади.

Калот қалъасини олишда ҳам Ики Темурнинг жасорати тарих саҳифаларида алоҳида қайд этилган. Ҳарбий юришда ноғора ва бурғу чалиниб, қалъани забт этиш бошланган. Ноғора ва бурғу чалиниши билан саркардалар ва уларнинг кўрсатган йўлидан аскарлар ўзларига белгиланган ҳудудларда юришларни олиб бораверган. Ики Темур мана шу жангда ҳам ҳаммадан олдин тоққа кўтарилиб, қаршисидан чиққан душманга найза урган, ўқларни визиллатиб ёғдирган.

Сейистонда қалъалардан бирини забт этишда Ики Темур яраланган. Ики Темур Амир Валига қарши курашда ҳам жасорат кўрсатган. У қочгандан кейин ортидан қувиб, уни забун аҳволга солган.

Ики Темур Аланжиқ қалъасини олишда ҳам фаол иштирок этган. Ҳожи Сайфиддин ва Ики Темур қўшинлари қалъани ўраб олиб, тагидан нақб кавлай бошлаган ва уларни енгиб, ҳокимини боғлаб, Амир Темур олдига олиб келганлар.

Ики Темур Исфаҳонда Табрак қалъасига киради, халқига омонлик беради ва моли омон солиғи олишни буюради. Амирзода Темур Малик ва Султоншоҳ ўғли у молни тўплаш учун шаҳарга келадилар. Кеч киргач, бир жамоат Амир Темурнинг муҳосилларини ва ўз ишлари билан юрган аскарларини ўлдирадилар. Авбошларнинг ўзлари Исфаҳондан қочиб кетади. Натижада Исфаҳон аҳлидан қаттиқ ўч олинади.

1391 йилги жанг олдидан душман ҳақидаги ҳамма хабарларни йиғиш учун бир жамоа ботирлар билан душман томонга бориб, сув ва лойли йўллардан ўтиб, душман қоровул қўшинининг тоғ устида назорат қилиб турганларини кўрди. Душман уларни кўриб, шошилиб тепадан пастга тушади.  Ики Темур эса тепага чиқиб, уларнинг жойини эгаллаб олади. Ўша пайтда Икки Темурнинг ўттиз чоғли аскари бор эди. Кўпчилигини Амир Темурга хабар беришга юбориб, ўзи 7-8 чоғли аскар билан қолганди. Душманлар шу пайтда унга ҳужумни бошлайди. Ики Темур оз сонли аскарлари билан ҳеч иккиланмасдан ва қўрқмасдан мардлик ва ғайрат мақомида туриб, уларга ҳамла қилди. Ўқларни визиллатиб отиб, қўшинни ўз олдига яқинлаштирмайди. Камоли мардоналигидан кишилари сувдан ўтиб олгунча тўхтаб турди. Шу ўртада унинг отига ўқ тегди. От тура олмаслиги сабабли отдан тушди ва навкари ўз отини унга тутди. Яна бир ўқ иккинчи отга ҳам тегди ва у ҳам ҳалок бўлди. Душманлар Ики Темурни ўртага олдилар.  У шу вазиятда ҳам жони чиққунига қадар қаттиқ жанг қилди ва мана шу ерда қазо қилди.

Низомиддин Шомий душман томон уни танимаганлиги, таниганда уни ўлдиришга шошилмаслигини таъкидлаб, унинг тақдирига ачиниб, ўз тарихларини ёзган.

Шу ҳолатда Амир Темур ва амир Сайфиддин воқеа жойига етиб келадилар. Шомийнинг айтишича, улар «Бу ҳодисадан ғамга ботиб, тафаккур ва ҳайрат ичида қолдилар».

Умуман олганда, Амир Темурнинг сафдоши, унинг буйруқ-амрларини сўзсиз бажарган, ғалабаларни таъминлаган Ики Темурга ўхшаган лашкарбошилар тарихи ва уларнинг ҳаёти алоҳида ўрганилиши ва халқимизга етказилиши керак. Ҳарбийлар ҳам уларнинг шиддати, ватанпарварлиги, ҳарбий санъати, Ватанга садоқати ва бошқа фазилатларини яхшилаб ўрганишлари керак. Ики Темур тарихи юрт ҳимояси учун қилич кўтарган эпик қаҳрамон тарихидир.

Шоҳиста Ўлжаева,

тарих фанлари доктори

Информеры