Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 февралдаги Қарори билан муддатли ҳарбий хизматга чақирув муддати ўзгарди

БУЮК САРКАРДАЛАРИМИЗ ТОМОНИДАН

олиб борилган жанглар моҳияти

Кир II нинг милоддан аввалги 530 йилда аждодимиз малика Тўмарис қўшини билан бўлиб ўтган тўқнашувини тарих отаси Геродот «Энг шиддатли уруш», деб таърифлаган. Геродот асарида форслар ва аждодларимиз массагетлар ўртасидаги тўқнашув, унинг якунида Кир II нинг боши кесиб олиниб, қон билан тўлдирилган мешга солингани батафсил баён этилган. Ватанимизга бостириб кирган тарихнинг биринчи буюк саркардасини аждодимиз бўлган аёл киши бошқарган қўшин тор-мор этгани диққатга сазовордир.

Яна бир форс шоҳи ва лашкарбошиси Дорони эса оддий сак чўпони Широқ устомонлиги ва қаҳрамонлиги билан саросимага солиб қўйгани ҳақидаги тарихий воқеани эса ҳар бир ватандошимиз билади ва фахрланади.

Жаҳоннинг ярмини эгаллаган буюк Искандар Мақдуний (Александр Македонский) ўзининг ҳарбий юришлари тарихида биринчи марта Ватанимизда мағлубиятга учраган. Бу воқеа, яъни македонияликларга қарши Спитамен бошчилигидаги жанглар милоддан аввалги 329-328 йилларда бўлиб ўтган.

Чингизхон ҳам айнан Ватанимизда илк бор мағлубият аламини тотади. Буюк аждодимиз Жалолиддин Мангубердининг бир неча муҳим жангларда мўғуллар армияси устидан қозонган ғалабалари унгача жиддий зарбага учрамаган Чингизхонни чўчитган.

Ўрта асрларда энг йирик давлатлардан бирини тузган енгилмас саркарда Соҳибқирон Амир Темур жаҳон ҳарбий санъати ривожига катта ҳисса қўшган улуғ аждодимиздир. Ҳарбий назариётчиларнинг таъкидлашича, саркарда Наполеон Бонапарт Соҳибқирон армияси тузилишини, унинг жанг олиб бориш санъатини ўрганган ва керакли жойларини ўзлаштириб олган. Масалан, Амир Темур жанг вақтида қўшин қанотларини ҳимоя қилиш мақсадида алоҳида отлиқ ҳарбий қисмни биринчи марта жорий этган. Бундай ҳарбий қисмни биз фақатгина Наполеон Бонапарт армиясида кўришимиз мумкин.

Туронликлар тарихда биринчилардан бўлиб ғилдиракни, яъни аравани яратганлар. Айрим тарихий маълумотларга қараганда, жанг пайтида ғилдираклари пичоқли жанговар араваларни ҳам улар биринчилардан бўлиб қўллаганлар. Яна бир мисол, жаҳон ҳарбий санъатида муҳим ўрин тутган пухта мудофаа деворлари ва қалъа-истеҳкомларини биринчилардан бўлиб аждодларимиз бунёд этганлар. Бронза давридаёқ Ўрта Осиёда фортификация санъати пайдо бўлган эди. «Фортификация» лотинча «истеҳком», «кучайтириш» деганидир. Ватанимизнинг қадимги шаҳар ва қалъалари баланд деворлар билан ўраб олинган. Бундай қўрғонларни қадимги Бақтрия, Суғдиёна, Марғиёна, Парфия, Хоразм, Фарғона ва Чоч шаҳарларида кўплаб учратиш мумкин.

Қадимги Хоразмнинг ўзида қадим замонлардан юзлаб ўта мустаҳкам ҳарбий истеҳкомлар бунёд этилган. Бурлиқалъа, Жонбосқалъа, Қалъажиқ, Эресқалъа, Бозорқалъа, машҳур Ичанқалъа, Тупроққалъа, Говурқалъа, Девкесганқалъа, Айбу­йирқалъа ва яна бошқа кўплаб мудофаа иншоотларининг қурилганлиги аждодларимизнинг ўз даврида фортификация илмида нечоғлиқ илгарилаб кетганлигидан далолат беради.

Подполковник Зикир МУЗАФФАРОВ,

Қуролли Кучлар академияси катта ўқитувчиси

Информеры