2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

МИРЗО УЛУҒБЕК «УНИВЕРСИТЕТИ»

Уйғониш кунлари

Саксонинчи йилларнинг кунлари эди. Тошкент давлат университетининг шарқ факультетида ўқирдик, профессор Марсинковский инглиз тилидан сабоқ берарди. Дарс вақтида баъзан Англиядаги Оксфорд ва Кембриж университетлари фаолияти ва уларнинг асрий тарихи ҳақида ҳикоя қиларди. Катта қизиқиш билан тинглардик. Мазкур университетларнинг махсус вакиллари ҳар йили мамлакат кезиб, ўқишга иштиёқи кучли ва иқтидорли ёшларни топиб келар экан. Йирик ва машҳур компаниялар, юқори давлат муассасалари, халқаро ташкилотлар ушбу университет битирувчиларидан ўзларига муносибларини танлаб олиб, салмоқли маблағ эвазига ишга олиб кетишар экан. «Англиянинг қудрати, бу университетларнинг шон-шуҳрати асрлар давомида шу тариқа шаклланган», – дерди домла.

Қисқагина суҳбат бизни адоғи кўринмас узоқ хаёлларга чўмдирарди. Юртимиз ўтмишидан Оксфорд сингари кўҳна олий таълим муассасаларини қидириб, маълумотномаларга кўз ташлардик. Уларда тахминан, қуйидаги ахборотларга дуч келардик:

ТошДУ – Ўзбекистондаги энг йирик олий ўқув юрти ва илмий текшириш даргоҳларидан, Ўрта Осиё ва Қозоғистондаги биринчи университет. 1918 йили Туркистон халқ университети сифатида Тошкент шаҳрида ташкил этилган.

СамДУ – Ўзбекистонда илмий ва педагог кадрлар тайёрлайдиган йирик олий ўқув юртларидан биридир. 1927 йилнинг 22 январида Самарқандда Олий педагогика институти сифатида ташкил этилган.

* * *

Ўзбекистоннинг бошқа олий ўқув даргоҳлари тарихига назар ташланганда ҳам худди шунга ўхшаш маълумотлар чиқиб келаверарди. Ҳозир ҳам шундай. Кўҳна Туркистонда қадимда, гуё бирорта олий ўқув юрти бўлмагандек эди.

Уйғониш...

Профессор Марсинковскийнинг Оксфорд ва Кембриж университетлари ҳақидаги кичик ҳикоялари талабалар тафаккурини туртиб юборганди.

Қора Ёриқ

 У тоғдан тошиб келган сел ё кучли зилзиладан пайдо бўлмаган. Унга бирорта табиий офатнинг алоқаси йўқ. Уни ўтган аср бошларида ўзимиз ҳосил қилганмиз. Шўролар даврининг илк йилларидаёқ мамлакатда асрлар давомида фаолият юритиб келган мингга яқин маърифат маскани буткул ёпилди. Сира кутилмаганда, Миллат ҳаётида қора ёриқ ҳосил бўлди. 1929 йили лотин ва 1940 йили кирилл ёзувига ўтилганда, у кенгайди ва тубсиз жарликка айланди. У ҳануз тўхтовсиз кенгайиб бораётир.

Аждодларимиз қадимда олий таълим масканларини «мадраса» деб аташар эди. ХХ аср илмий адабиётларида улар ҳақида турли узуқ-юлуқ, тутуриқсиз ахборотлардан бошқаси учрамайди. Улар ҳеч бир ўқувчи шуурига ўтмиш тўғрисида тузукроқ тасаввур бермасди. Аксинча, уни хиралаштирарди.

Бугун ҳам давраларда илм, маърифат ҳақида сўз кетганда Оксфорд, Кембриж, Сарбонна, Вена, Болоня, Салерна, Токио, Киато университети каби кўплаб номлар қаторлашиб пайдо бўла бошлайди. Биз эса ҳали ҳам қора ёриқ ёқасидан қайтаётирмиз...

Олтин Кўприк

Қора ёриқдан ўтиб, аждодлар дунёсини кўришим учун ҳар куни қадимий қўлёзма манбалар кўмакка келади. Бу ёриқдан фақат улар ёрдамида ўтиш ва ҳатто, уни тўлдириб, оралиқни бутлаш имкони бор.

Яқинда Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродовнинг «Самарқанд университети қачон ташкил топган?» мақоласини ўқидим. Домла ҳам ўқувчига: «Бизда олий таълим муассасалари фаолият олиб борганми, улар қачон пайдо бўлган?» дея савол беради. Ўтган бир неча йил мобайнида худди шу муаммо устида тадқиқ ишларини олиб боргандик. Кутганимиздан ҳам ортиқ ва ҳайратланарли натижалар ҳосил бўлди. Кўҳна Турон ҳудудида 1920 йилга қадар қарийб, 1200 йил мобайнида мукаммал тизим асосида мингдан ортиқ мадраса фаолият юритган экан. Бухоро шаҳри таълим тизими тарихини ўрганиш жараёнида мадрасаларнинг 6 даражадаги тоифалари аниқланди. Мударрислар тоифалари ундан ҳам кўпроқ бўлиб чиқди. Бундай тоифаланиш Самарқанд, Насаф, Кеш каби шаҳарларда ҳам кичик фарқ билан бор эди. Қадимги олий таълим тизими бошқаруви мазкур соҳадаги бугунги бошқарувдан унчалик фарқ қилмайди. Моддий таъминот масаласи тубдан бошқача эди.

* * *

Ахборотлар кутганимиздан ортиқроқ, илмий муомалага киритилмагани кўпроқ. Улар Ўтмиш ва Бугун ўртасида турган ўша қора ёриқдан олиб ўтадиган олтин кўприкдир.

Имконият

ХХ аср бошларида Маҳмудхўжа Беҳбудий, Саидаҳмад Сиддиқий, Абдулла Авлоний, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон, Вадуд Маҳмуд каби кўплаб жадидчилар мамлакатдаги мадрасаларни тугатиш ва вайрон қилиш учун курашмаганди. Улар барча таълим соҳасини ислоҳ этиш, ўқув даргоҳларида аниқ ва табиий фанларни кенг кўламда жорий қилиш, дунё тараққиётига етиб олиш тарафдорлари эди. Бироқ ҳокимият тепасига келган шўролар бундай қарашларга қарши чиқиб, уларни аёвсиз қатағон қилди. Миллий таълим соҳасини ислоҳ этиш ўрнига, уни таг-туги билан ҳаётдан юлиб ташлади. Янги турдаги институт ва университетлар ташкил қилишга киришди. ТошДУ, СамДУ ва бошқа олий ўқув юртлари шу тариқа пайдо бўлди. Советлар барпо қилган барча олий ўқув юртлари ўз тарихи билан миллат ҳаётига кириб келди. Бу тарихни ҳам ўчириб бўлмайди.

Домла Рустам Холмуродов: «Самарқанд давлат университети бевосита Мирзо Улуғбек олий мадрасасининг вориси, демак, унга 1420 йили асос солинган, деб таъкидласак, замонамиз аҳли, биринчи навбатда, ёш авлодимиз кўнглига ғурур бағишлаган, уларни билим ва маърифатни ўрганишга руҳлантирган, тарихий адолатни тиклаган бўламиз», дея таклиф қилади.

Шундай қилинса, ростдан ҳам тарихий адолат тикланадими? Шу пайтгача Мирзо Улуғбек мадрасаси ва Самарқанд давлат университети тарихи мустақил ёзиб келинган. Қурилиши, фаолияти жиҳатидан улар мутлақо алоҳида-алоҳида иккита тарихий олий таълим муассасасидир. Ҳатто, университетга Мирзо Улуғбек номи берилганда ҳам унинг 600 йиллигини нишонлаб бўлмайди. Барибир кейинги тарихчилар «Мирзо Улуғбек мадрасаси биноси фалон йили Самарқанд давлат университети тасарруфига киритилди», деб ёзади.

Ўтмиш ва Бугун табиий тарихий жараёнда уйғунлашиб кетиши учун нима қилиш керак? Юртимизда қадимда фаолият юритган олий таълим муассасалари тарихи тадқиқи мобайнида бизда бошқачароқ фикр пайдо бўлганди. Орадаги юз йиллик танаффусдан кейин Тошкентда Кўкалдош, Бухорода Жўйбори калон мадрасаси диний билимлар таҳсили бўйича яна тарихий фаолиятини бошлади. Мазкур ўқув даргоҳларининг ҳатто, коллеж сифатида 450 ёки 350 йиллигини нишонлашга ҳалақит берадиган бирор тўсиқ қолмади. Дунёнинг машҳур институт, университетлари қаторида ўлкамизда ягона танаффуссиз фаолият юритиб келаётган Мир Араб мадрасасининг 485 йиллиги шарафига ҳам фахр билан халқаро миқёсда катта илмий анжуманлар уюштирса бўлади. Бу таълим даргоҳлари фаолияти кўлами кенгайтирилиб, такомиллаштириб борилса, жаҳоннинг ҳар қандай машҳур коллежлари, институт ё университетлари билан шонли тарихи ва талабаларга илм бериш борасида бемалол беллаша олади.

Муҳаммад Шариф махдум (Садри Зиё): «Калабод Бухоронинг энг қадимий мадрасаларидандир. Тарих аҳли: «Калабод қадимийми ё Ғарибия?» – деб ҳануз ихтилофдадир, Калабод мадрасаси уч марта тикланган», деб ёзади.

Абу Ҳафс Кабир мадрасаси Бухородаги энг қадимий олий ўқув юртларидан бири эди. У дастлабки фаолиятини VIII аср охири ва IX асрнинг биринчи чорагида бошлаган. Бу даргоҳда фиқҳ илмида етук олимлар тарбияланган. Бу мадраса сақланиб қолмаган. Калабод мадрасаси ҳозиргача бор ва унга ҳозир бор-йўғи тарихий меъморий обида сифатида қараймиз. У ҳам Абу Ҳафс Кабир Бухорий мадрасасига тенгдош, IX асрда барпо қилинган олий таълим муассасаси эди. XVI асрга қадар уч марта тўлиқ таъмирланган. Аҳоли ўртасида «Хон мадрасаси» номи билан ҳам машҳур бўлган. Бугун ушбу мадраса асосида аниқ ва табиий ё исталган йўналишдаги фанлар бўйича таълим берадиган «Хон университети» ташкил этилса, унинг фаолиятига 1200 йил тўлади. Юртимизда бу каби шараф келтирадиган қадимий олий ўқув даргоҳларидан яна бир қанчаси бошқа шаҳарларда ҳам сақланиб қолган.

Пойтахтимиздаги Ўзбекистон Халқаро Ислом академияси тарихи ҳам аслида бугун бошлангани йўқ. У жойлашган маконда узоқ ўтмишда олий ўқув юрти бор эди. У XII асрнинг кейинги чораги ва XIII асрнинг биринчи ярмида яшаб ўтган машҳур Шайх Хованд Таҳур мадрасаси ҳудудида ташкил этилган. Бу жойда ҳам юз йиллик танаффусдан сўнг талабалар яна исломий илмлардан таълим ола бошлади. Қачонлардир мазкур академия ҳақида ёза бошлашса, шубҳасиз, унинг тарихий илдизи XIII асрга бориб тақалиши кўрсатилади.

Самарқанддаги Мирзо Улуғбек мадрасаси шулар сингари жаҳонга довруқли қадимий олий таълим ўқув юртларидан биридир. Ушбу мадраса асосида астрономия, физика, математика фанларини ўқитишга ихтисослашган университет ташкил қилинса, тарихий ҳақиқат ҳеч қандай эътирозларсиз юзага чиқмайдими? Унинг ҳам юз йил тўхтаб қолган фаолияти замонавий талаб ва даражада давом эта бошлайди. Шунда унга ҳам 600 йиллик тантаналар ярашади ва айнан ўрнида бўлади. Бир неча йилда фаолият кўлами кенгайгач, таркибидаги факультетлар учун шаҳарнинг муносиб ўринларидан алоҳида қўшимча ўқув бинолар ҳам қурилар. Балки Самарқанд давлат университетидаги айрим факультетлар унинг тасарруфига ўтказилар. Шунда табиий тарихий жараёнга заррача путур етмайди. «Мирзо Улуғбек университети» 600 йил олдин фаолиятини бошлаган, деб айтилганда бирор баҳс-мунозара ё ихтилофли муносабатларга асло ўрин қолмайди.

Журъат

Ҳозир қадимий олий ўқув юртларининг қарийб барчаси сайёҳлар томоша қиладиган тарихий меъморий обидалар мақомида турибди. Ичкарисида фақат савдо-сотиқни кўрамиз. Улар бугун замонавий бозор вазифасини ўтамоқда холос. Ворис меросга муносиб бўлиши, уни кейингиларга бус-бутун зарарсиз етказиши ҳам керак. Номлар ўзгартирилиши муаммога ечим бўла оладими? Қандай қилиб, 91 йил олдин бутунлай бошқа замон ва янги вазиятда барпо қилинган Самарқанд давлат университетининг 600 йиллигини нишонлаш мумкин?

Тарих табиий жараён билан ўз йўлида давом этсин. Бугун жамиятимизда журъат пайдо бўлган фасл, ундан вақтида тўғри ва унумли фойдаланайлик. Шунда Миллат қалби Рамз билан эмас, тоза Ҳақиқат ила тарих қудратини ҳис қила бошлайди.

Абдусаттор ЖУМАНАЗАР,

ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик

институти катта илмий ходими

Информеры