2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

СПОРТЧИГА ХОС ТАНТИЛИК

татамида, майдонда юксалади

Тошкент ҳарбий округига қарашли ҳарбий қисмларнинг бирида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги қўшинлари разведка батальонлари ва махсус операциялар кучлари бўлинмалари ўртасида «Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири кубоги» учун бокс мусобақаси ўтказилди.

Беш кун давом этган мусобақада чарм қўлқоп усталари 6 вазн тоифасида беллашдилар. Бу каби мусобақаларнинг ҳарбий хизматчилар ўртасида уюшқоқликни таъминлашда, уларни чиниқтиришда аҳамияти катта. Зеро, спортчига хос тантилик, жанговар руҳ татамида, майдонда юксалади. Спортчи майдонга тушар экан жамоаси шарафини ҳимоя қилади, ўз ўрнида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилади.

– Спортсиз ҳаётимни, фаолиятимни асло тасаввур қила олмайман. Агар бир кун жисмоний машғулотларни тарк этсам, иккинчи куни дарҳол безовталик бошланади. Бу ҳаловатсизлик нафақат кўнгилда кечади, балки жисмимни ҳам эгаллайди. Шуғулланишни бошлашим билан енгил тортаман, – дейди шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Олим Ҳусанбоев. – Меҳнатларим маҳсули ўлароқ 2016 йили Умумармия ўйинларида иштирок этиб, бокс бўйича 64 кг вазнда ғолибликка эришдим. Бугунги мусобақада эса 63 кг вазнда барча рақибларни енгишга муваффақ бўлдим. 

Эсда қоларли лаҳзаларга бой мусобақа якунига кўра, 63 кг вазнда подполковник Шуҳрат Исмоилов хизмат қилаётган ҳарбий қисм (Тошкент вилояти) шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Олим Ҳусанбоев, 69 ва 75 кг вазнда подполковник Баҳодир Мўминов командирлик қилаётган ҳарбий қисм (Сирдарё вилояти) шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскарлар Ҳасанбой Мўйдинжонов ҳамда Ислом Мўминов биринчиликни қўлга киритди. 81, 91 ва +91 кг вазн тоифасида полковник Исмоил Қурбонов командирлик қилаётган ҳарбий қисм (Тошкент вилояти) шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскарлари Ғиёс Позилов, Ҳусан Худайназаров ҳамда Сергей Қурбанов олтин медалга сазовор бўлди.

Турнир якунида ғолиб ва совриндорларга мудофаа вазири номидан фахрий ёрлиқ ҳамда медаллар тантанали тарзда топширилди. «Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири кубоги»ни эса 3 та олтин медаль соҳибига айланган ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари қўлга киритдилар. Бу каби мусобақалар ҳар ой ўтказилиши режалаштирилди. Дўстона рақобатга асосланган олишувлар ҳарбий хизматчиларни ҳамиша сергакликка, мунтазам жисмоний машғулотлар билан шуғулланишга ундаб, ўзаро тажриба алмашиш имкониятини яратади.

Абдулла ЎКТАМҚУЛОВ

 

Информеры