Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 февралдаги Қарори билан муддатли ҳарбий хизматга чақирув муддати ўзгарди

АГАР БУ ЯНГИЛИК ИШ БЕРСА...

йилига ўртача 2 миллиард сўм тежаладими?

«Ватанпарвар» газетаси ҳарбий хизматчилар орасида ўзининг инновацион ғояларини ҳаётга татбиқ этиш орқали Ўзбекистон Қуролли Кучлари тараққиётига ҳисса қўшишга интилаётган ҳарбий ихтирочиларни кашф этишда, уларнинг изланишлари ва эришган натижаларини омма эътиборига ҳавола этишда давом этади.

– Наҳотки?!

– Ҳа, рост. Агар бу иш берса, биласизми, давлатимиз иқтисодига қанчалик фойда келтиришимизни?

– Ақлингга қойил, ўртоқ курсант. Бу хаёлингга қаёқдан келди?

– Бу ҳақда анчадан бери ўйлаб юрардим…

***

Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти техник таъминот кафедраси тактик ракета артиллерия қуроллари ва ўқ-дорилари муҳандислиги цикли битирувчи курсанти Шерзод Тошқуловнинг тадқиқот натижалари профессор-ўқитувчиларнинг ҳам ақлини шошириб қўйгани бор гап. Хўш, унинг ихтироси нималардан иборат?

Ўқ отиш машғулотларини бажаришдан аввал ҳар бир қурол жанговар ҳолатга келтирилади. Маълумки, ТХП-7-80 («Трубка холодной пристрелки») мосламаси ёрдамида КПВТ, НСВТ, ПКТ танк қуролларини отмай туриб, жанговар шайлик ҳолатига эришилади. Бу жараён қурол стволига маҳкамланиб, нишонга қаратилган қурилманинг аниқ ҳисоб-китоблари асосида амалга оширилади. Демак, ўқ нишонга аниқ тегади! Бироқ АК-74 қуролини жанговар ҳолатга келтириш борасида юқорида қайд этилган қуроллардан фарқли равишда бир неча ўқ-дори сарф этилади (бу – ҳозирги кунга қадар одатий ҳолдек қабул қилинган эди). Курсант Шерзод Тошқуловнинг изланишлари ва бу борадаги сўнгги хулосалари шуни кўрсатадики, эндиликда ўқ-дориларни умуман сарфламай, АК-74 ни жанговар ҳолатга келтириш мумкин.

– Даставвал, ушбу ўтказгич металлнинг хомаки кўринишларини қоғозга туширдим, – дейди ихтирочи курсант. – Ўнлаб эскизлардан сўнг ўтказгичнинг ҳажми, оғирлиги, шакли, у тайёрланадиган металл тури ҳақида аниқ тасаввур ҳосил қилдим. Қисқа муддатли таътиллар давомида Чирчиқ шаҳридаги бир неча чилангарлик устахонасига бордим. Усталарга чизмаларимни кўрсатдим, улар қоғозда акс эттирилган металл бўлакни ясаб беришга ҳаракат қилишларини айтдилар. Бу жараён бироз вақт олди, албатта. Ўтказгичнинг орт қисми 5,45 миллиметр калибрли патрон диаметрича келадиган, автоматнинг стволига бемалол ўрнашадиган металл ўзак; олд қисми эса 7,62 миллиметрли ТХП-7-80 мосламаси бемалол ўрнашадиган ғовак ҳолатига келиши учун бир қанча металл бўлаклар зое кетди. Ахийри, чилангарлар кўриниши тасаввуримдагига яқин – пишиқ пўлатдан ишланган, нисбатан аниқликка эга, ташқи кўринишига ҳам сайқал берилган, ихчам ўтказгич ясашди. Албатта, усталар ҳам завод-фабрикалардагидек стандарт кўринишдаги мосламаларни ясашлари қийин. Боз устига, бу менинг у қадар аниқ бўлмаган дастлабки чизмаларим асосида эди...

Моҳият шундаки, ушбу ўтказгич – металл парча кўзланган натижага эришишда асосий вазифани бажаради. Катта калибрли танк қуролларига тўғридан-тўғри ўрнатиладиган ТХП-7-80 – қуролни жанговар ҳолатга келтирувчи мослама АК-74 каби 5,45 миллиметр калибрли кенг фойдаланиладиган жанговар қуроллар учун курсант Шерзод Тошқуловнинг тўғрилагичи ҳавога узилиши муқаррар бўлган ўқнинг ўқдонда тежаб қолинишини кафолатлайди!

– Курсант Тошқуловнинг ўтказгичи ТХП-7-80 орқали нишон доирасига йўналмоқда, – дейди отиш тайёргарлиги кафедраси бошлиғи подполковник Ғайрат Ниязов. – Аммо нишон марказини бехато уришда бироз аниқлик етишмаяпти. Бунинг сабаби, чилангар томонидан ясалган тўғрилагичнинг стандартга тўла жавоб бермаслигида. Бу ниҳоятда нозик жараён бўлганлиги боис, ТХП-7-80 нишонга олиш мосламасидан мўлжалланганда 1/10 миллиметр ноаниқлик ҳам нишон соҳасида, ҳатто ўнлаб сантиметр хатони келтириб чиқариши мумкин. Шунинг учун курсантнинг тўғрилагичини стандартлар асосида ишлаб чиқариш ва синаб кўриш мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Қаҳрамонимиз асосий машғулот вақтларини дала-ўқув майдонларида ўтказади. АК-74 ни бирданига жанговар ҳолатга келтириш учун синовларни ҳисоб-китоблар асосида босқичма-босқич ўтказади. Нишонга ўқ узиб кўради.

– Изланишларим натижасида саксон фоизлик иш битди, – дейди курсант. – Фақат ишлаб чиқарилганига кўп йил бўлган ТХП-7-80 мосламасидаги баъзи кичик ноаниқликлар менинг ҳисоб-китобларимга бироз халал бермоқда. Шу туфайли айни дамда малакали қуролсоз ҳарбий хизматчиларнинг маслаҳатига эҳтиёжмандман. Сўнгги хулосаларга кўра, ихтиром орқали ҳар бир қуролни жанговар ҳолатга келтириш учун ўн икки дона патрон иқтисод қилинади. Мен бунга ишонаман! Бу – Қуролли Кучларимиз миқёсида оладиган бўлсак, йилига давлатимиз бюджетининг тахминан икки миллиард сўмини тежаш демакдир. Келгусида миллий армиямиздаги жанговар қурол-яроғларни такомиллаштириш, янги қуролларни ихтиро этиш орқали Қуролли Кучларимиз тараққиётига ҳисса қўшишни мақсад қилганман.

Бугун миллий манфаатларимиз йўлида ўз иқтидорини тўғри йўналишда сафарбар этаётган курсант Шерзод Тошқулов сингари ёш ақл-заковат соҳиблари оз дейсизми? Уларнинг саъй-ҳаракатлари, албатта, ўз натижасини беради.

Алибек ОМОНТУРДИЕВ

Информеры