2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ҲАРБИЙ ЖАМОА ШАКЛЛАНИШИДА ЎЗАРО МУНОСАБАТЛАР

Ҳарбий хизматчилар жамоага хос кўникма ва малакага эга бўлсалар, ўзаро таъсирлашув, шунингдек, жамоа фаолияти ҳам самарали, узлуксиз ҳамда зиддиятларсиз бўлади. Жамоа кайфиятининг баъзи турлари (иштиёқ, муваффақиятга бўлган ишонч, кўтаринки кайфият) муваффақият омили бўлса, бошқалари (ёмон кайфият, ўз кучига ишонмаслик, зерикиш, хафалик ва норозилик) эса аксинча, низоларни келтириб чиқаради.

Нима сабабдан ҳарбий жамоаларда турли хил низолар келиб чиқади? Бунинг асосий сабаблари сифатида қуйидагиларни кўрсатиш мумкин:

алоҳида шахс ва жамоатчилик манфаатларининг мос келмаслиги;

айрим алоҳида жамоа аъзолари хатти-ҳаракатларининг ижтимоий, руҳий нормаларга зид келиши (тартибсизлик, интизомнинг бузилиши, ишнинг самарасизлиги ва б.қ.);

жамоа аъзолари қарашларидаги номувофиқлик;

ишни ташкил этиш ва меҳнатга муносабатдаги фарқлар;

ишчи-ходимлар ўртасидаги вазифаларнинг тўғри тақсимланмаганлиги ва ҳ.к.

Низоли ҳолатларда шахс эгаллаган позициясига кўра тоифаларга ажратилади:

1) намойишкорона тоифадаги низоли шахс;

2) ригид (бир фаолият туридан иккинчисига кўчиши жуда қийин бўлган шахс) тоифадаги низоли шахс;

3) бошқариб бўлмайдиган тоифадаги низоли шахс;

4) аниқликни талаб этадиган тоифадаги низоли шахс;

5) низосиз тоифадаги низоли шахс;

6) мақсадга йўналтирилган тоифадаги низоли шахс.

Ҳарбий жамоаларда низони ҳал этиш учун командир қуйидаги қоидаларга риоя қилиши керак:

низодан хулоса чиқариш учун икки оппонентни тинглаши;

эътиборини оппонентларнинг ўзини тутишига эмас, балки низо асосида ётган сабабга қаратиши;

низони ҳал этишда раҳбар буйруғи кучига ишонмаслиги;

оппонентларни яраштиришда уларнинг бир-бирига тўғри келадиган гапларига тўхталиши;

содир бўлган жанжал тафсилотини раҳбар тез-тез муҳокама қилишдан бош тортиши;

жамоатчилик фикридан ва таъсир кучидан оқилона фойдаланиши.

Майорлар М. ОЛИМОВ, Ғ. ИШМАНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академияси тингловчилари

Информеры