Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 февралдаги Қарори билан муддатли ҳарбий хизматга чақирув муддати ўзгарди

УЧУВЧИСИЗ УЧИШ АППАРАТЛАРИНИ ҚЎЛЛАШ

Ҳозирги кунда дунёнинг турли минтақаларида ривожланган давлатлар томонидан терроризмга қарши ўтказилаётган операцияларда учувчисиз учиш аппаратлари (УУА) кенг қўлланилмоқда. Масалан, АҚШ Мудофаа вазирлигининг «2010 – 2035 йилларда УУАни ривожлантириш йўл харитаси»га кўра Афғонистон, Яман, Сомали ва Покистондаги аксилтеррор операцияларда бундай техникаларни амалиётга кенг кўламда татбиқ қилди. Жанговар ҳаракатлар давомида АҚШ томонидан янги қуроллар синовдан ўтказилиб, Ҳарбий ҳаво кучлари (ҲҲК) томонидан УУА қўлланилишининг янги тактикаси жорий қилинди.

Шуни алоҳида айтиб ўтиш лозимки, америкаликларга лазер нури ёрдамида аниқланган нишонга қарши масофадан туриб бошқариладиган авиация бомбаларини қўллашда, маҳаллий аҳоли ичидаги хайрихоҳ шахслар ёрдам бермоқда. Яъни улар бомбанинг уч қисмига ўрнатилган, махсус лазер нурини қабул қилувчи қурилмага тўлқин юбориб турувчи мосламани жангарилар тўпланадиган бино ёки майдонга яширинча ўрнатади. Шу тариқа, нишонга қарата масофадан туриб, бомба аниқ йўналтирилади. 2007 йилда Пуштун қабилаларининг федерал бошқарув ҳудудидаги «Техрике – Толибон Покистон» террорчилик ташкилотининг асосчиларидан бири Машар қабиласи вакили Нек Муҳаммад ҳамда Махсуд қабиласи етакчиси Бейтулла Махсуд УУА ракета зарбасидан йўқ қилинган. Кейинчалик, бу ташкилотга етакчилик қилган Ҳакимулла Махсуд ҳам шу тарзда ўлдирилган.

Ўз навбатида УУА ҳужумига қарши, жангарилар ҳам ўз ҳаракатланиш тактикасини ўзгартирмоқда. Уларнинг ҳимояланиш чораси қуйидагилар:

– радиоалоқа воситаларидан фойдаланишни кескин равишда чеклаш;

– УУАдан ҳимояланиш учун жойларни тез-тез ўзгартириб туриш;

– иссиқликни аниқловчи воситаларга қарши ниқоблашни амалга ошириш;

– лазер нурлари орқали адаштирувчи, чалғитувчи мосламалардан фойдаланиш;

– тўпланмаслик, тарқоқ ҳолда ҳаракатланиш ва бошқалар.

Шу ўринда, АҚШнинг УУА қўллаш тажрибаси жараёнида асосан Афғонистон ва Покистоннинг турли минтақаларида «Толибон», «Ал-Қоида» ва «Ислом давлати» жангариларига қарши йўналтирилган ракета зарбалари натижасида жангарилар билан бирга тинч аҳоли вакиллари ҳам жабр кўраётганлигини таъкидлаш лозим. Хорижий кузатувчи экспертлар «Афғонистонда АҚШ ҳарбий ҳаво кучларининг ҳужумлари инсон ҳуқуқларини ошкора поймол этишдир ва улар ҳимоясиз, бегуноҳ одамларнинг қурбон бўлишларига сабаб бўлмоқда», деган хулосани бериб, бу ҳолат БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан кўриб чиқилиши лозимлигини таъкидламоқдалар.

Бунга жавобан, АҚШ ҳукумати бундай ҳаракатлар ўз мамлакати манфаатларига тўлиқ мос келиши ва ўз олдига қўйилган мақсадларидан чекинмаслигини айтган. Шунинг­дек, терроризмга қарши курашиш доирасида Сурия, Ливия, Ироқ, Покистон, Афғонистон, Араб давлатлари ва Африка ҳудудларида УУАлардан фойдаланишни давом эттиришини маълум қилган.

Бу ҳолатнинг хавотирли жиҳати АҚШ ва бошқа шундай аппаратларга эга бўлган давлатларнинг ҳарбий операциялар ўтказиш кўлами кенгайиб бориши билан бошқа суверен давлатларнинг ҳудудий дахлсизлигига салбий таъсир ўтказишида кўринади. УУАларни қўллаш тажрибасини ўрганиш қуйидаги хулосаларни беради:

биринчидан, УУАларни қўллаш тенденциялари ўта хавфли террорчиларни ва раҳнамоларини йўқ қилишда самара бермоқда;

иккинчидан, АҚШ қўллаётган УУАлар русуми стратегик аҳамиятдаги «разведка – зарба берувчи» кўп мақсадли аппаратлардир;

учинчидан, УУАдан фойдаланиш миқёси халқаро террорчи ташкилотлар мавжуд бўлган минтақаларда кенгаймоқда.

Майор З. МАҲАМАДИЕВ,

Қуролли Кучлар академияси тингловчиси

 

Информеры