2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

«БАЙРАМОНА КАЙФИЯТИМИЗ БОИСИ ШУНДА»

Самарқанд шаҳридаги Автомобиль йўллари касб-ҳунар коллежида «Армияда хизмат – шарафлидир» номли маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Унда Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши аъзоси С. Якубов, Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Н. Раббимова, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят кенгаши раҳбари О. Ҳожиев, бир гуруҳҳарбий хизматчилар ва ўқувчилар иштирок этди.
 
Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 9 декабрдаги «Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги фармойишига мувофиқ, жойларда Қуролли Кучларимиз фахрийлари ва қўмондонлик вакиллари, юксак давлат мукофотлари соҳиблари ва илғор ҳарбий хизматчилар, таниқли ёзувчи ва шоирлар, санъаткор ва маданият ходимлари иштирокида турли маърифий кечалар, давра суҳбатлари, спорт мусобақалари, интеллектуал беллашувлар ўтказилаётганига гувоҳ бўляпмиз. Умумхалқ байрамига муносиб тарзда тадорик кўриш ва уни нишонлаш асносида кенг аҳоли ўртасида Қуролли Кучларимизда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар мазмун-моҳияти, ҳарбийлик касбининг роли ва нуфузи хусусида фикр юритилиб, Ватан, уни ҳимоя қилишдек муқаддас бурч, юртга меҳру садоқат туйғуси мадҳ этилмоқда.
 
– Халқимиз, жамоатчилигимиз мамлакатимиз ҳаётидаги энг қадрли, энг қутлуғ байрамлар қаторидан ўрин олган Ватан ҳимоячилари кунини кенг нишонлаб келмоқда, – дейди О. Ҳожиев. – Биз, ижодкорлар ҳам ўз ҳаётини Ватан ҳимоясига, унинг чегаралари дахлсизлигини таъминлашга бағишлаган, эл-юрт тинчлиги ва осойишталигининг посбони бўлмиш жасур ўғлонларимизга бўлган чуқур ҳурмат ва самимий меҳр-муҳаббатимизни яратаётган шеърлар, бадиий асарлар, қўшиқлар, кинофильмлар орқали намойиш этяпмиз. Қолаверса, шу йўналишдаги ижодимиз билан ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашдек ўта муҳим ва масъулиятли ишга ҳиссамизни қўшяпмиз.
 
Мустақиллик йилларида Қуролли Кучларимизни ислоҳ қилиш бўйича ўзининг кўлами ва миқёсига кўра улкан ишлар тизимли ва босқичма-босқич равишда амалга оширилди. Уларнинг самарасини замонавий, ихчам ва ҳаракатчан, яхши қуролланган, мамлакатимиз барқарорлиги ва хавфсизлигини, сарҳадларимиз дахлсизлигини, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини ишончли ҳимоя қилишга қодир бўлган миллий армияга эга эканлигимизда ҳам кўришимиз мумкин. Ватан ҳимоячилари кунига муносиб ҳозирлик кўриш ва уни тантанали равишда нишонлаш борасида олиб борилаётган кенг қамровли ишлар жараёнида ҳарбий қурилиш соҳасидаги ютуқ ва юқори кўрсаткичларни аҳолининг барча қатламларига етказишимиз, улардан фахрланишимиз, байрамона кайфиятимиз боиси шунда.
 
Подполковник Маъруф ЮНУСОВ

Информеры