2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

«БИЗ ЖАЖЖИ АСКАРЛАРМИЗ»

Ҳарбий либос йигитларга ўзгача салобат бахш этиши аниқ. Шу боис, уни кийиш, номини оқлаш бугун кўпчиликнинг орзусига айланган, ҳатто кичкинтой болажонларнинг ҳам. Пойтахтимиздаги 274-мактабнинг 1-синф ўқувчилари томонидан тайёрланган «Биз жажжи аскарлармиз» номли байрам анжумани мазмунидан ҳам буни билиш, тушуниш мумкин.

Бошланғич синф ўқувчилари иштирокида бўлиб ўтган байрам тадбирида маҳалла фаоллари, фахрийлар ва ўқитувчилар ҳамда ота-оналар қатнашишди.  Байрамда ҳарбий либосдаги ўқувчилар меҳмонларга ватанпарварлик руҳидаги шеър ва қўшиқлар ижро этиб, рақслар намойиш қилиб, тадбирга файз киритишди. Айниқса, болажонларнинг «Аскар қўшиғи»га ижро этган рақслари кўпчиликка манзур бўлди.

– Менинг акам ҳарбий хизматчи, шунинг учун мен келажакда худди уларга ўхшаб Ватан ҳимоячиси бўлмоқчиман, – дейди бошланғич синф ўқувчиси Юсуфбек Шуҳратов. – Биз яхши хулқимиз, аъло баҳоларимиз билан юртимизнинг номини юксакликларга кўтариб, унинг шаънини оқлаймиз.

Байрамда фахрийларнинг Ватан ҳимоячилари кунининг аҳамияти, юрт сарҳадларининг дахлсизлиги йўлида олиб борилаётган ишлар, бедорликда мамлакат чегараларини ҳимоя қилаётган жасур ўғлонларнинг ҳаёти ҳақидаги қизиқарли ҳикоялари кичкинтойларда катта таассурот қолдирди. 

– Юрт ҳимоясига шай бўлиш – ҳар бир йигитдан талаб этиладиган юксак масъулиятдир, – дейди Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватловчи «Нуроний» жамғармаси Марказий кенгаши ҳузуридаги «Ёшлар билан ишлаш» гуруҳи раҳбари Искандар Раҳмон. – Шу маънода мамлакат тинчлигига, осойишталигига масъул бўлган улкан қалб ва жасорат эгаларини тарбиялаш ҳозирги куннинг долзарб вазифаларидан биридир. Бугун ўтказилган байрамона тадбир ҳам мустақил юртимизда камол топаётган фарзандларимизнинг нечоғлик юртпарвар ва элпарвар бўлиб ўсаётганлигидан дарак берди.

Сабинабону ҚАҲРАМОНОВА

Информеры