2018 \ 2019 ЎҚУВ ЙИЛИ ШИОРИ «ЖАНГОВАР ТАЙЁРГАРЛИКНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШДА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВ, ҚЎШИНЛАРДА ЖАНГОВАР ИМКОНИЯТ СИФАТИНИ ОШИРИШ!»

ҲАРБИЙЛАРИМИЗ – ​ХАЛҚАРО МУСОБАҚАДА

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги вакиллари халқаро мусобақада иштирок этиш учун Беларусь Республикасига жўнаб кетди.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари Беларусь Республикасида махсус бўлинмалар ўртасида ўтказиладиган халқаро мусобақада иштирок этишади.

Маълумот учун айтиш жоизки, мазкур мусобақада Беларусь Республикаси Давлат хавфсизлик қўмитасининг «А», Ички ишлар вазирлигининг «Алмаз» гуруҳлари, мамлакат президентининг хавфсизлигини таъминлашга масъул хизмат вакиллари, шунингдек, хорижлик жамоалар ўзаро беллашади.

Мусобақа давомида иштирокчилар шаҳар ва ўрмон шароитида ўз маҳоратларини жамоавий ҳамда якка тартибда намойиш этишлари лозим. Хусусан, нишонга ўқ отиш, шартли душман гуруҳининг разведкачиларини қидириб топиш, асирларни озод этиш, ярадорларни эвакуация қилиш каби шартлар бўйича маҳорат синовдан ўтади.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон–Беларусь ўртасида қисқа вақт давомида ҳарбий ҳамкорликнинг ҳуқуқий-меъёрий базасини кенгайтириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академияси ва Беларусь Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий академияси ўртасида 2017 йил 20 июль куни Минск шаҳрида ҳамкорлик Меморандуми имзоланган. 2018 йилда икки давлат мудофаа вазирликлари ўртасида Ҳарбий ҳамкорлик режаси имзоланиб, унинг доирасида тадбирлар амалга ошириляпти.

Мусобақада Ўзбекистон Мудофаа вазирлигидан 10 нафар вакил мамлакат шарафини ҳимоя қилади. Баҳсларнинг асосий қисми 24-28 сентябрь кунлари Марьина Горка аҳоли яшаш пунктида жойлашган ҳарбий қисм полигонида бўлиб ўтади.

Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

 

Информеры